Эътиборингизга ўз фикр-мулоҳазаларини «» сайти саҳифаларида билдириб борадиган соҳа мутахассиси Алексей Загребельнийнинг қаламига мансуб навбатдаги мақола таржимасини ҳавола этмоқдаман.
АКВАРИУМ ЎҒИТИ
http://betta.zagrebe...udobrenija.html
Алексей Загребельний
Таржимон Шокир Долимов
Мазкур мақола материали аквариум тоши ва қуми ҳамда аквариумга карбонат ангидрид газини етказиш мавзуларига оид мақолалар билан чамбарчас боғлиқ бўлгани боис, аквариум ўғитини қўллаш юзасидан қарор қабул қилишдан олдин, зикр этилган мақолаларни диққат билан ўқиб чиқишни тавсия этаман.
Авваламбор, аквариум ўсимлиги учун зарур бўладиган учта асосий (макро) элемент: азот (N), фосфор (P), калий (K) мавжудлигини эслатиб ўтмоқ лозим.
Ушбу элементлар хонаки ва боғ гулларини етиштириш ишқибозларига яхши таниш. Маълумки, аквариум ўсимликлари эволюция жараёнида қуруқликдан сув ҳавзасига кўчиб ўтган ёки муайян мавсумда сув босадиган минтақаларда доимо ёхуд узоқ вақт сув остида ўсиб, ривожланишга мослашган ўсимликлар гуруҳига мансубдир. Нима бўлган тақдирда ҳам, аквариум ўсимликлари қуруқликда ўсадиган ўсимликларнинг яқин қариндошлари бўлиб, бари бир хил озиқ моддаларига эҳтиёж сезади.
Азот (N)
Етакчи фирмалар томонидан тайёрланадиган суюқ ўғит таркибида ушбу элемент бўлмайди, бўлмаслиги ҳам керак. Гап шундаки, азот аквариум суви таркибида балиқ еми, аниқроқ айтиладиган бўлса, ем ва узилган сув ўсимлигининг чириётган қолдиқ, барг ва поялари, балиқ нажаси ва сийдиги, нобуд бўлган жониворнинг ириётган жасади каби органик моддалар воситасида кўп миқдорда ҳосил бўлади. Шу боис ҳам, азот суюқ аквариум ўғити таркибига киритилмайди.
Азот аквариум суви таркибида турлича бирикмалар, хусусан:
аммоний (NH3/NH4);
нитритлар (NO2);
нитратлар (NO3) кўринишида учрайди.
Формулаларда кўриниб тургандай, нитрат ва нитритлар ўз ичига кислород атомларини мужассам этади. Сув ўсимлиги кислород атомини азотдан ажратиб олиши учун муайян энергия сарф этиши лозим бўлгани боис, ўсимликнинг сувдаги азотни ўзлаштириб олиши мураккаб кечади.
Сув ўсимлиги истеъмол қилиши учун аквариум суви таркибида аммоний бўлар экан-ку, деган фикр билдирилиши мумкин, албатта. Гап шундаки, аквариумдаги органик моддалар чиришининг бирламчи маҳсули, чиритадиган бактериялар фаолиятининг ҳосиласи саналадиган аммоний заҳарли модда бўлиб, унинг оз миқдордаги концентрацияси аквариум балиғини нобуд қилади, айрим ўсимлик турларини эса тириклайин чиритиб юборади.
Нитритлар балиқ соғлиги учун нисбатан хавфсиз бўлиб, аквариумда ҳаёт кечирадиган жониворларни ҳалок қилиши учун аммонийга нисбатан анча кўп миқдорда тўпланиши лозим.
Нитратлар эса гарчи концентрациясининг миқдори ҳаддан ортиқ ошиб кетган тақдирда заҳарли модда саналса-да, нитридлардан ҳам хавфсизроқ модда саналади.
Нитрит ва нитратлар аквариум фильтридаги нитрофикация қилувчи бактериялар томонидан ҳосил қилинади. Фильтр ўрнатишдан мақсад ҳам, аслида шу. Нитрит ва нитратларни бақатўн ўзига осон сингдириб олади. Демакки, аквариумни бақатўн босмаслиги учун сув сифатидан бохабар бўлиб, уни янгилаб бориш, сув ўсимлигининг ўсишини рағбатлантириш ва бу билан озиқ моддалари борасида бақатўнга рақобат қилишини таъминлаш лозим.
Фосфор (P)
Фосфор ҳам, аквариумга, худди азот каби, ем билан бирга кириб, сув таркибида фосфатлар сифатида ўз ўрнига эга бўлади ва шу боис, у ҳам суюқ ўғит таркибига кирмайди.
Муайян концентрацияда йиғилган фосфатлар ҳам балиқ соғлигига хавф солади. Бундан ташқари, фосфатлар сув таркибига заҳарли модда ажратганча балиқ заҳарлайдиган кўк-яшил бақатўннинг асосий озуқаси саналади. Сувнинг ўз вақтида янгилаб борилиши, ўхшаш нохушликларнинг олдини олишга омил бўлади.
Калий (K)
Ушбу элемент аквариум сувига ташқаридан кирмаслиги боис, суюқ аквариум ўғитининг асосий макроэлементи саналади.
Калийнинг етишмаслиги сув ўсимлигининг ривожига салбий таъсир ўтказади, хусусан: янги новдалар сариқ тусда кўриниш беради, барглар бўшашиб тешилади, ўсимлик ўсмай қолади ва ҳоказо. Бинобарин, калий, аквариум ўғити таркибида асосий компонент сифатида бўлиши шарт.
Ўғит ишлаб чиқаришга ихтисослашган айрим корхоналар томонидан калий эритмаси алоҳида маҳсулот сифатида тайёрланади. Бу мавзу катта тажрибага эга аквариум соҳиблари учун мўлжалланган бўлиб, ортиқча маълумотлар ила соҳа ишига эндигина киришганларнинг миясини ғовлаш ниятим йўқ.
Микроэлементлар
Юқорида санаб ўтилган макроэлементлардан ташқари, сув ўсимлигининг барглари сифатли ва тўла-тўкис ўсиб ривожланиши, ранги сақланиши, янги новдалар шаклланиши учун зарур бўлган: темир, мис, рух, магний, марганец, кальций, молибден, бор каби, микроэлементларнинг ниҳоятда кўп сони мавжуд.
Водопровод сувининг таркибида, сув сифатига боғлиқ ҳолда, албатта, айрим микроэлементлар бўлади. Бироқ аквариумга экилган ўсимлик миқдори кўп бўлиб, карбонат ангидрид бериладиган бўлса, мулоҳаза юритилаётган моддалар ўсимлик томонидан етарлича тез ўзлаштириб олинади. Шу боис, ушбу микроэлементлар аквариумга ўғит билан бирга киритилади. Улар сув таркибида етишмай қолгани ўсимлик аҳволидан билинади.
















