Қуритилган озуқалар рўйхатида юқори сифатли, гранула шаклидаги чет элда ишлаб чиқариладиган озуқалар алоҳида ўринга эгадир. Уларнинг яратилиши устида бир неча имлий ташкилотлар изланадилар, сифати ва самарадорлигини тасдиқлаш учун юзлаб тажриба ишлари олиб борилади ва шу ишларнинг натижасида юқори сифатли сунъий озуқалар ишлаб чиқарилади.
“SERA” ва “TETRA” номли савдо белгилари билан фаолият юритиб келаётган фирмалар ўзларининг юқори сифатли озуқалари билан дунёга танилганлар. Бу озуқаларнинг ичида: гуппилар учун махсус озуқалар, олтин балиқлар учун махсус озуқалар, қизил рангли балиқлар учун махсус озуқалар, цихлидалар учун махсус озуқалар каби турлари жуда кўп. “MIKROMIN” номли сунъий озуқалар билан эса кўпгина аквариум балиқларининг болаларини катта қилиш мумкин.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бу сунъий озуқалар таркиби ўсимлик ва тирик озуқалардан иборат аралашма асосда шаклланган. Бу озуқаларни тайёрлаш услубларида таркибидаги витаминлар ва фойдали минералларнинг сақланиб қолинишига ва энг муҳими бу озуқаларнинг орттириб қолдирилгани сувни ифлослантирмаслигига эришилган. Бундай озуқаларнинг бирдан-бир камчилиги нархи қимматлигида.
Тошкентда гранулали озуқаларнинг арзон турлари ҳам бор. Улар унчалик машҳур бўлмаган Жанубий-Шарқий Осиё давлатларида жойлашган фирмалар томонидан ишлаб чиқарилган. Буларнинг таёрланиш технологиялари ва хусусиятлари юқорида айтиб ўтилган сунъий озуқалардан қолишмайди. Тошкентнинг кўпчилик аквариумшунослари шундай озуқалар билан ўз балиқчаларини сийлашади.