Ўзбекистон пойтахтидаги
аквариумшунослик тўғрисида
барча маълумотлар:
энг оммабоб аквариум жонзотларини парвариш қилиш, озуқлантириш, даволаш ва насл олиш ҳақидаги маълумотлар
озуқа бериш ҳақида :: уй шароитида етиштириладиганлар

Бу саҳифамизда Тошкент аквариумшунослари уй шароитларида етиштирадиган тирик озуқалар тўғрисида сўз юритамиз. Бу озуқаларнинг барчаси янги тухумдан чиққан ёш балиқчаларни катта қилиш учун берилади ва микро озуқалар деб аталади.

“Артемия” тўғрисида.
Тошкент аквариум ишқибозлари орасида кенг тарқалган ва ўрнини ҳеч нарса боса олмайдиган озуқа тури ҳисобланади. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Тошкентда насл олиб кўпайтиришга эришилган барча балиқ турлари тухумдан чиқишидан сўнгги биринчи кунидан бошлаб артемия билан боқилади. Тошкент зоо-бозорларида айрим сотувчиларнинг олдида халтачага солинган оч-жигар рангли қумсимон моддани кўришингиз мумкин. Бу артемиянинг уруғлари. Уларни инкубация қилинганидан сўнг бир миллиметрдан ҳам майда бўлган қисқичбақалар пайдо бўлади.
Артемиялар табиий сув ҳавзаларида шўр сувда яшашади ва 15 мм катталигигача ўсиб етишлари мумкин. Урғочи артемия кўядиган уруғлар ниҳоятда бақувват ва жони қаттиқ бўладилар. Бу уруғлар ҳароратнинг -30 градусгача пасайиб кетишига ва 80 градусгача ошиб кетишига бемалол бардош берадилар. Ҳатто тўла-тукис қуриб бўлган уруғлардан ҳам яхши шароит пайдо бўлганда артемиялар униб чиқади. Масалан, бизнинг тажрибамизда 8 йилдан буён сақланиб келинган уруғлардан артемияларнинг униб чиқиши кузатилган. Бу дегани, агар сизда артемиянинг уруғлари бўлса, демак доимо балиқларга тирик озуқа бериш имкониятингиз бўлади.
Эндиликда, артемия шарафига айтилган шунча яхши гаплардан сўнг уни уруғдан чиқариш услубини кўриб чиқсак. Артемиянинг яхши униб чиқиши учун энг аввало яхши сақланган тирик уруғлар керак бўлади. Афсуски, бозорларда сотиладиган уруғларнинг ичида унумдорлиги жуда паст бўлганлари ҳам учраб туради. Шунинг учун синаб кўриш учун олдин оз миқдорда уруғ харид қилинг, масалан бир чой қошиқ. Агар унумдорлик 80 фоизга тенг бўлса, унда яна кўпроғини сотиб олишингиз мумкин бўлади.
Хуллас, уруғдан чиқариш услуби қуйидагича бўлади: Бунинг учун бир литр ҳажмдаги шиша идиш ва қуввати кучли бўлган компрессор керак бўлади. Шиша идишнинг учдан икки қисмига тинитиб қўйилган ва хона хароратида бўлган сув куйилади. Ундан кейин бир ярим чой қошиқда ош тузи қўшилади ва тўлдирилмаган бир чой қошиқда артемия уруғидан қўшилади ва компрессор ёрдамида кучли аэрация ташкил қилинади.
Сув қайнаган сингари ҳаво пуфакчаларига тўла бўлиши керак. Компрессор кечаю-кундуз ишлатилиб қўйилади. Агар уруғлар янги бўлса, бир суткадан кам бўлган вақт ичида улардан артемия қисқичбақалари униб чиқади. Компрессорни тўхтатиб қўйиб идишни бир чеккасини лампа билан ёритсангиз ёруғликка интилиб ҳаракатланаётган артемияларни катта миқдорда кўришингиз мумкин. Энди уларни йиғиб олиш керак. Буни нозик шланг орқали стаканга ўтказиб олишингиз мумкин.
Сўнгра уларни юпқа докадан ўтказиб оқиб турган сув остида чайиб олиш керак, токи тузнинг шўри ювилиб кетгунча. Артемияни балиқчаларга икки суткадан ошмаган вақт давомида беришингиз мумкин. Шу вақт ўтганидан сўнг идишдаги сув айниши ва артемияларнинг ўлиши рўй беради. Артемияни ёш балиқчалар еб улгурадиган миқдорда бериш керак, акс ҳолда улар чучук сувда 2-3 соатдан сўнг ўлишади ва уни ифлосланишига сабаб бўладилар. Инкубацияни давом эттириш учун идишга янги уруғлар жойлаштириб кучли аэрация яна ишлатиб қўйилади. Артемия – жуда кучли озуқа, витаминларга ва фойдали моддаларга бой. У билан боқилган ёш балиқчалар тезда улғайиб кетадилар.

Нематодалар тўғрисида.
Тошкент зоо-бозорларида айрим сотувчиларнинг олдида шиша идишларга солинган оч-жигар рангли желесимон суюқлик кўриб қолишингиз мумкин. Идишларнинг оғзи целофан билан қопланган ва уларга эътибор билан қараса майда (1-2 мм) оқ қуртларнинг ҳаракатланаётганини кўрасиз. Буларни сирка нематодалари (ёки микро-қуртлар) деб аташади. Улар тухумдан энди чиққан майда балиқчалар учун жуда самарали озуқа ҳисобланади. Бу озуқани уй шароитида жуда осон ва катта миқдорда етиштириш мумкин. Бунинг учун турли озиқ-овқат маҳсулотлари, оддий нон бўлаклари ҳам асос бўлиши мумкин.
Микро-қуртларни кўпайтириш учун чуқур бўлмаган қопқоқли кичик идиш (масалан маргарин идиши) керак бўлади. Идишнинг ярмигача майдаланган юмшоқ нон бўлакчалари жойлаштирилади, сўнгра ичига қуйилиб қолгунча сут ёки хона хароратидаги сув солинади. Асос тайёр, энди идишга микро-қуртлар колоннияси киритилади. Ҳосил бўлган бўтқа аралаштирилади ва қопқоғи ёпилиб хона хароратида сақланади. Уч-тўрт кунлардан кейин нематодаларнинг кўпайиши авжига чиқади.
Идишнинг деворларига саноқсиз микро-қуртлар ўрмалаб боради, уларни юмшоқ мўйқалам ёрдамида йиғиб олинади. Шундайлигича бу озуқани балиқчаларга бериб бўлмайди, уларни тоза сувда чайиб олиш керак. Бунинг учун нематодаларни сув қуйилган стаканга жойлаб яхшилаб аралаштирилади.
Бир неча дақиқалардан сўнг қуртлар стаканнинг тагига тушиб қоладилар, шунда сувни тўкиб ташлаб стакан тагидаги қуртларни ёш балиқчалар боқиладиган аквариумга тўкадилар. Нематодалар аквариумнинг тубига тушиб қоладилар, шунинг учун бу озуқа берилганда кучли аэрация ташкил қилинади ва шундагина қуртлар сувда айланиб турадилар ва аквариум тубига тушмасидан олдин балиқчаларга ем бўладилар. Бу микро-қуртлар чучук сув ичида икки суткагача яшаши мумкин, ундан кейин ҳалок бўлишади.
Бу озуқани витаминларга бойитиш учун асос бўлган нон бўлакчаларига турли сунъий витаминлардан (“Гендевит”, “Ундевит”, “Ревит”) қўшиш мумкин, ёки нон ўрнига яхшилаб майдаланган ва қайноқ сув билан юмшатилган сабзидан фойдаланадилар (бундай қилинса униб чиққан қуртлар қизғимтир рангда бўладилар).

Шу билан Тошкент аквариумшунослари уй шароитида етиштирадиган озуқалар тўғрисидаги бўлимни тугатсак ҳам булар эди. Лекин бундай озуқаларнинг яна бир тури – инфузориялар ҳақида ҳам бир оғиз айтиб ўтишни лозим деб топдик. Тошкент бозорларида инфузориялар жуда кам учрайди, шундай бўлса-да улар сотувда йўқ эмас. Шунинг учун уларни етиштириш услубларини кимдир бизлар билан ўртоқлашса жуда миннатдор бўлар эдик ва шу саҳифада жойлаштирган бўлар эдик.

улғайган артемия
нематодаларни етиштириш
русча
қайтиш
табиий озуқалар тўғрисида
ўсимлик озуқалар тўғрисида
қуритилган озуқалар тўғрисида
умумий маслаҳатлар
Ўзбек тилига таржимаси - Илҳом Нуржонов
Тошкент аквариум сайти © 2008-2014
Яндекс.Метрика