Ўзбекистон пойтахтидаги
аквариумшунослик тўғрисида
барча маълумотлар:
энг оммабоб аквариум жонзотларини парвариш қилиш, озуқлантириш, даволаш ва насл олиш ҳақидаги маълумотлар
озуқа бериш ҳақида :: табиий озуқалар тўғрисида

“Аквариум балиқчаларига қандай озуқаларни бериш мумкин?”- деган саволни Тошкент зоо-бозорларида кўпинча эшитиб қоламиз. Бу саволни кўпинча янги аквариум ҳаваскорлари берадилар ва уларнинг иккинчи саволлари: “Тирик озуқаларни уй шароитида қандай сақлаш мумкин?”- деган савол бўлади.
Бу бўлимда Тошкент зоо-бозорларида сотиладиган барча тирик ва қуритилган озуқа турлари ҳақида, уларни узоқ муддат сақлаш тўғрисида ва хар бир уйда бўладиган озиқ-овқат маҳсулотларидан балиқлар учун озуқа тайёрлаш тўғрисида айтиб ўтамиз.
Барча озуқаларни (тирик, қуритилган ва сунъий тайёрланган) биз ўз тажрибамизда балиқларга бериб синаганмиз, кундалик озуқа беришда ҳам, ёш балиқчаларни тиклашда ҳам улар жуда яхши натижа берган. Бундан ташқари Тошкент зоо-бозорларида сотиладиган тирик озуқаланинг сифати ва қуввати жихатидан тафсилот бериб ўтамиз.

“Мотил” тўғрисида.
Мотил бу – энг кенг тарқалган ва энг самарали тирик озуқалардан ҳисобланади. У деярли барча турдаги аквариум балиқларига тўғри келади. Мотил бу – бир неча чивин турларининг қуртларининг умумий атамасидир. Зоо-бозорларнинг озуқалар учун махсус ажратилган бўлимларида қизил рангли қимирлаб турган қуртларнинг уюмларини кўрган бўлсангиз керак, мана шу қуртларни мотил деб аташади.
Янги мотил – тирик, қип-қизил рангли ва ўзига хос хиди бўлади. Мотил етиштирувчилар уни шаҳардан ташқаридаги каналлардан ва дарёлардан излаб топадилар. Айниқса ёз кунлари уни жуда кўп миқдорда топиш мумкин, лекин қиш пайтлари ҳам уни оз бўлсада топиш мумкин. Ўзининг қуввати, витаминларга ва фойдали минералларга бойлиги билан тирик озуқаларнинг ичида мотил биринчи ўринда туради. Бу озуқани тўда бўлиб юрадиган майда балиқларга ҳам, катта йиртқич балиқларга ҳам берса бўлаверади.
Мотил савдоси билан шуғулланадиган одамлар одатда бу иш билан кўп йиллар давомида шуғулланиб келган бўладилар ва улардан ҳарид қилинган озуқанинг сифатига шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади. Шундай бўлса-да, мотилни доим бир одамдан ҳарид қилишни маслаҳат берамиз. Масалан, биз мотил ҳарид қиладиган одам уни кимёвий заҳарланиши мумкин бўлмаган жойлардан олиб келади. Бу эса жуда мухим, негаки, мотил билан озуқаланган балиқлар ёппасига заҳарланиб нобуд бўлганини тажрибамизда кўрганмиз. Бундай воқеаларнинг сабаби шундаки, мотил далалардан оқиб келадиган кимёвий ўғитлар аралашган сувдан тутиб олиб келтирилган. Шунинг учун озуқани ишончли ва доимий манбалардан олганингиз маъқул. Агарда мотилни ҳар сафар ҳар жойдан сотиб олишингизга тўғри келса, уни танлаганда ранги қип-қизил, ҳаракатланиб турган, ҳиди бадбўй бўлмаганидан олинг, қуртларнинг узунлиги бир сантиметрлар атрофида бўлсин. Шундай озуқа ҳарид қилсангиз уни узоқ вақт тирик ҳолда сақлаш мумкин бўлади.
Мотилни сақлаш учун уч ҳил усулдан фойдаланадилар, булардан: тирик ҳолда сақлаш, музлатилган ҳолда сақлаш ва қуритилган ҳолда сақлаш. Афсуски, тирик ҳолда мотилни фақат бир неча кун сақлаш мумкин. Бунинг учун чуқур бўлмаган кичик идиш керак бўлади, масалан, маргарин идишлари, ва шунга ўхшашлар. Идишнинг тагига оқ мато, масалан дока тўшалади ва унинг четлари идишдан ташқарига чиқариб қўйилади. Мато оз миқдорда намланган бўлиши керак. Мотилни юпқа қилиб матога ёйиб қўйилади ва матонинг четлари билан ёпилади. Идишнинг устига қопқоғи ёпилиб музлатгичнинг пастки қисмига жойлаштирилади, музлаб қолишига йўл қўйилмаслиги керак.
Вақти-вақти билан тирик мотилни оқиб турган сувда чайиб олиш керак бўлади, аммо шунда ҳам уни узоқ вақт тирик ҳолда сақлаб туриш жуда мукшул иш. Шунинг учун мотилни музлатилган ҳолда сақлаш афзал деб ҳисоблаймиз. Биз шу усул билан йигирма килограмгача бўлган миқдорда мотилни қишга захира қилиб қўямиз (негаки қиш пайтида у бироз қимматлайди).
Музлатиш усули жуда оддий. Целлофан пакети олинади ва унга тирик мотилни ёйиб кўйилади (миқдори пакетнинг катталигига қараб), пакет яхшилаб ўралади ва брикет шаклига келтирилади. Уни музлатгичнинг тепа қисмига жойлаштирилади. Маълум вақтдан сўнг мотил ўралган брикет қотиб музлаб қолади ва шу шақлда у узоқ пайтгача (ярим йилгача) қувватини ва сифатини йўқотмаган ҳолда сақланиши мумкин.
Мотилни қуритиш ҳам мумкин. Бунинг учун бир қисм тирик мотилни темир листга юпқа қилиб ёйиб кўйилади ва духовқада тайёр бўлгинча қиздирилади. Лекин бу усулни жуда ҳам ёқимли иш деб айтиб бўлмайди, шунинг учун қуритилган мотилни зоо-дўконларда ва бозорларда ҳарид қилганингиз маъқулроқ.
Энди балиқларни мотил билан боқиш тўғрисида айтиб ўтамиз. Юқорида айтиб ўтканимиздек мотил жуда қувватли озуқалардан ҳисобланади, шунинг учун кам ҳаракатли балиқ турларини (петушки, гурами) ва озуқани кўп миқдорда истеъмол қиладиган турларни (барбуслар, олтин балиқлар) мотил билан озуқлантирганда миқдорини ошириб юбормаслик керак. Негаки, аквариумшуносларнинг бир гапи бор: “Одамга “салями” колбасаси қанчалик қувват берса, балиқларга шу қувватни мотил бера олади”.
Шуни ҳам эсда тутиш керакки:
- еб тугатилмаган тирик мотил вақти келиб уйингиздаги чивинга айланади.
- еб тугатилмаган музлатилган ёки қуритилган мотил аквариум сувининг айнишига олиб келади.
Балиқлар уни дарҳол еб тугатиши учун бу озуқани оз-оздан бериш лозим. Музлатилган мотилни балиқларга бериш учун брикетдан бир бўлагини кесиб олинади ва кичкина сув солинган идишда эритилади. Сўнгра уни сачок ичига солиб оқиб турган сув тагида чайиб олинади. Шундан кейин озуқа тайёр бўлади ва балиқларга берилади.
Майда балиқларга ва энди тухумдан чиққан ёш балиқчаларга мотилни беришдан олдин олмос билан майда-майда қилиб қесилади, акс ҳолда балиқчалар тиқилиб қолиши мумкин. Мотилни кесиш пайтида ажралиб чиқадиган қон тўкиб ташланади. Қоннинг оз миқдори ҳам аквариумга тушиб қоладиган бўлса, у сувнинг хиралашишига сабаб бўлади. Шунинг учун майда ва ёш балиқларга бошқа турдаги озуқалардан берганингиз маъқулроқ деб ҳисоблаймиз.

“Трубочник” тўғрисида.
Бу аквариумшунослар орасида кенг тарқалган ва оммалашган тирик озуқаларнинг яна бир тури. Бозорларда уни кичик тўқ жигар рангли уйимлар шаклида сотадилар. Тикилиб қарасангиз, бу уйимлар майда ва нозик, узун қуртлардан иборат бўлганини кўрасиз. Уларни ариқлар ва каналларнинг тубидан олиб келишади, бу ишни жуда ҳам енгил ва ёқимли иш деб айтолмаймиз. Шунинг учун уни осонгина зоо-бозорларда харид қилиб олганингиз яхши, қолаверса трубочник йилнинг барча фаслларида зоо-бозорларда сотилади.
Мотилдан фарқли ўлароқ трубочникни тирик ҳолатида бироз узоқ муддат сақлаш мумкин, биз уни бир ойдан ортиқ вақт сақлаганмиз. Тирик трубочник – доимо ҳаракатда бўлган қуртлар уйимини ташкил этади. Уларнинг бошлари туб қатламига кўмилиб ипаксимон таналари тепага қаратилган ҳолда тебраниб туради. Четдан қараганда қандайдир ўсимликнинг қалин чангалзорига ўхшаб кетади. Трубочникни тирик ҳолатида узоқ вақт сақлаш мумкин бўлгани учун уни музлатиш ёки қуритиш усулида сақлашмайди, бу усулларни бемалол қўллаш имконияти бўлса ҳам.
Трубочникни сақлаш жуда осон. Бунинг учун чуқур бўлмаган қопқоқли катта идиш керақ бўлади. Трубочник идишнинг тагига ёйилиб қўйилади ва уйимнинг фақат пастки қисмини қоплагунча сув қуйилади. Уйимни тўлалигича сув остида қолдириб бўлмайди. Идишнинг қопқоғини ёпиб ҳарорати 10 градусдан ошмайдиган жойга қўйиб қўйилади (агар таъбингиз бузилмаса, музлатгичнинг пастки қисмида жойлаштиришингиз мумкин). Сақлаш пайтида трубочникни кунига икки марта оқиб турган сувда чайиб олиш лозим бўлади. Сақлашнинг энг самарали усули трубочник жойлаштирилган идишни оқиб турган сувнинг остига қўйиб қўйишдир.
Балиқларни трубочник билан боқишнинг ўзига ҳос афзалликлари ва камчиликлари бор. Шуни эсда тутиш керакки, трубочник ифлосланган сувларда яшаб ривожланади, шунинг учун унинг ичида балиқларга зарар етказиши мумкин бўлган моддалар бўлиши мумкин. Бозорда ҳарид қилинган трубочникни камида беш кунгача оқиб турган сув тагида сақласангиз, унинг ичидаги ариқларда орттирган ифлос моддалар чиқиб кетади. Шунингдек, бу озуқани дезинфекция қилиш учун уни метиленовая синька эритмасида бир сутка давомида ивитиб олишингиз мумкин.
Балиқларни трубочник билан боққанда уни оз-оздан бериш керак, озуқанинг ортиб қолишига йўл кўйманг. Еб тугатилмаган тирик трубочник аквариумнинг туб қатламига кўмилиб олади ва сувнинг айнишига олиб келади. Тошкентнинг айрим аквариумшунослари балиқларини фақат трубочник билан боқишади ва бошқа ҳеч бир озуқаларни назарларига илмайдилар. Айримлари трубочник билан боқиладиган балиқлар сил каби оғир касалликларга чалинади деб ҳисоблайдилар. Бизнинг фикримизча, ҳамма нарсани ҳам меъёрида бўлгани яхши.

Шу билан Тошкент бозорларида учрайдиган тирик озуқаларга бағишланган саҳифамизни якунласақ ҳам бўлар эди. Лекин тирик озуқаларнинг яна бир неча турлари ҳақида бир оғиз айтиб ўтмасак, бу ҳикоямизни тўлиқ деб бўлмайди. Ёзда ва кузги-қишки фаслларда бозорларда майда қисқичбақа туркумларидан циклоп ва дафнияларни ҳарид қилиш мумкин. «Живая пыль», яни тирик чанг деб аталадиган озуқа турлари ҳам мавжуд.
Бу озуқалар тухумдан чиққан ёш балиқчаларни катта қилишда, ўрта ва майда балиқларни озуқалантиришда жуда самарадор озуқа ҳисобланади. Айрим ҳолларда бу озуқаларни бериш балиқларнинг тухум қўйишига ва насл чиқаришига ундайдиган бир ишора вазифасини бажаради. Бу озуқаларни сув билан тўлдирилган катта лаганларда сотишади. Тикилиб қарасангиз сувдаги қора нуқталар доимий ҳаракатда бўлган майда қисқичбақалар эканлигини кўрасиз.
Шу сувдан бир неча литрини сотиб олсангиз балиқларингизга катта совға қилган бўласиз, негаки бундай озуқа витаминларга ва минералларга жуда бой. Агар қизил рангли балиқларингиз бўлса ва уларга шу озуқадан доимо бериб турсангиз уларнинг ранги жуда тўқ ва ёрқин тусга киради.
Майда қичқичбақаларни сақлаш учун чуқур бўлмаган идишлардан фойдаланилади ва улар албатта сув остида сақланадилар. Лекин бир идишда сақланадиган майда қисқичбақаларнинг миқдори ошиб кетмасин, акс холда уларнинг нафаси етмай нобуд бўлишлари мумкин. Балиқларга беришдан олдин қисқичбақалар жойлашган сув юпқа докадан элаб ўтқазилади, оқиб турган сувда чайилади ва балиқларга берилади.

Тошкент зоо-бозорларида харид қилиш мумкин бўлган тирик озуқаларнинг барчасини айтиб ўтдик. Афсуски, бу озуқаларни уй шароитида етиштириб бўлмайди, шунинг учун аквариумшунослар бу озуқаларни вақти-вақти билан бозорларда ҳарид қилишга мажбур бўладилар. Аммо уй шароитида етиштириладиган тирик озуқалар турлари ҳам бор. Бизнинг кейинги саҳифамиз айнан шу озуқалар тўғрисида.

бу ерда тирик озуқалар олинади
тирик мотил
музлатилган мотил
русча
қайтиш
уй шароитида етиштириладиганлар
ўсимлик озуқалар тўғрисида
қуритилган озуқалар тўғрисида
умумий маслаҳатлар
Ўзбек тилига таржимаси - Илҳом Нуржонов
Тошкент аквариум сайти © 2008-2014
Яндекс.Метрика