Ўзбекистон пойтахтидаги
аквариумшунослик тўғрисида
барча маълумотлар:
энг оммабоб аквариум жонзотларини парвариш қилиш, озуқлантириш, даволаш ва насл олиш ҳақидаги маълумотлар
касалликлар ҳақида :: эктопаразитлар қўзғатувчи касалликлар

Балиқларнинг танасига ва ички органларига турли хил микроорганизмлар жойлашиб олишидан келиб чиқадиган касалликларни инвазия-касалликлари деб аташади. Ҳозиги кунда бундай касалликларнинг кўп турлари фанда маълум ва ўрганилган. Афсуслар бўлсинким, буларнинг кўпчилиги аквариум балиқларида ҳам учраб туради. Бу туркумдаги касалликлардан энг кўп учрайдиганлариданларини, уларни даволаш усулларини ва олдини олиш амалиётини кўриб чиқсак.


:: БАЛИҚЛАР ВА ИНФУЗОРИЯЛАР
Ихтиофтиридиоз
Етарли даражада правариш қилинмаган аквариумларда энг кўп учрайдиган касалликлардан бири. Касалликнинг асосий хусусиятлари балиқнинг танаси, қанотлари ва жабраларининг емирилиши. Асоратлари: балиқнинг безовталаниши, айрим ҳолларда иштаҳаси бўлмаслиги мумкин.
Касалликнинг яна бир ўзига хос хусусияти бу балиқ танасида майда оқ рангли тошмалар пайдо бўлади, худди ун сепгандек, шу сабабдан уни “манка” деб ҳам аташади.
Бу касаллик асосан сувнинг ҳарорати пасайиб кетганда ёки ҳарорат паст-баланд бўлиб ўйнаб турганда келиб чиқади. Агарда даволаш амалиёти қўлланилмаса, балиқларнинг териси шилиниб тушади ва улар ҳалок бўладилар.
Касаллик асоратлари қизил рангли меченосец балиқлари ёки қора рангли скалярия ва молинезия балиқларида яққол кўзга ташланади. Сув ҳарорати пасайиб кетганда бу балиқларнинг таналари дарҳол манка билан қопланади.
Даволашни сув ҳароратини 32-33 градусгача оширишдан бошлаш зарур. Деярли барча балиқлар бундай сув ҳароратини кўтара оладилар, инфузориялар эса аксинча бир-неча соат ичида даф бўладилар. Шу билан бирга сувга дориларни ҳам қўшиш зарур. Дорилардан фурацилин, 100 литр сувга 5гр. миқдорида қўшилади. Яна ош тузини ҳам, 100гр. миқдорида аквариум сувида эритиб юборишингиз мумкин.
Агар аквариумда барбус балиқлари боқиладиган бўлса антибиотик дорилардан ишлатиш зарур бўлади, масалан эритроциклин дорисини, 100 литр сувга 3гр. миқдорида ёки бициллин-5 (ҳар куни, 100 литр сувга 500000ЕД миқдорида). Шундай қилиб даволаш амалиётини умумий аквариумнинг ўзида бажаришингиз мумкин бўлади. Одатда бундай даволаниш натижасида касаллик асоратлари бир ҳафта ичида йўқолади.

Триходиниоз
Бу касалликни орттирган балиқлар танасига кўкимтир-кулранг тошмалар тошади. Вақт ўтган сари тошмалар қотиб балиқ терисини парчалаб ажралиб тушади.
Касаллик балиқнинг жабраларига текканда улар сувнинг юзасида сузиб юрадилар ва оғзи билан ҳаво ютишади, кўп вақт ўтмай улар дами қайтиб ҳалок бўлишади. Соғлом балиқларга касаллик теккан балиқлардан юқиб ўтади, шунинг учун янги балиқларни келтирганингизда уларни албатта маълум вақт карантинда сақланг.
Даволаш амаллари касалликнинг бошланишида натижа беради. Юқорида айтиб ўтганимиздек сув ҳароратини 32-33 градусгача ошириш зарур ва шу вақтнинг ўзида антибиотик дорилардан: риванол, фурацилин, ош тузи ёки метиленовая синь аквариум сувига қўшиб қўйилади.
Агарда балиқларни алоҳида идишда даволаса ва асосий аквариумда биронта ҳам балиқ қолмаган бўлса, инфузориялар 2-3 сутка ичида ўз-ўзидан йўқоладилар.


:: БАЛИҚЛАР ВА ЖГУТИКОНОСЕЦЛАР
Костиоз
Бу касаллик балиқларнинг терисига найзаларини санчиб ўрнашиб оладиган паразит микроорганизмлардан келиб чикади. Улар олдин найзалари ёрдамида балиқнинг терисига маҳкамлашиб оладилар, сўнгра аста-секин тери қатламларига жойлашадилар ва шу ерда ривожланадилар ва кўпаядилар. Улардан қутилиш учун сув ҳароратини 30 градусдан баланд қилиб ошириш зарур бўлади.
Жгутиконосецлар аквариум ичига табиий сув ҳавзаларидан тутиб келтирилган тирик озуқалар билан бирга тушиб қолиши мумкин. Айниқса ёз пайтида бу организмларнинг кўпайиши жуда авж олган бўлади, шунинг учун тирик озуқани яхшилаб зарарсизлантириб бериш лозим бўлади.
Касаллик асоратлари: иштаҳа бўлмаслиги, безовталаниш, тошларга ва аквариум ичидаги бошқа буюмларга қашиниб ишқаланиш. Касаллик балиқнинг жабраларига текканда улар сув юзида сузиб оғизлари билан ҳаво ютадилар.
Даволаш амалларини умумий аквариумда ҳам бажариш мумкин. Бунда антибиотик дорилардан: бициллин-5, 100 литр сувга 5000000ЕД миқдорида, фурацилин, 100 литр сувга 5гр. миқдорида, ош тузи, 100 литр сувга 100 гр. миқдорида қўшилади.
Сув ҳароратини 32-33 градусгача оширилади. Агар аквариумдан барча балиқлар олиниб сув ҳарорати оширилса, бу организмлар бир неча соат ичида даф бўладилар.

Гексамитоз
Бизнинг тажрибамизда бу касалликни жанубий-америка цихлидаларидан мовий ва феруза рангли акараларни боққан пайтимизда учратганмиз. Касалликнинг асоратлари жуда ноҳуш кўринишда бўлади.
Паразит организмлар йирик балиқларнинг бошига ўрнашиб оладилар ва бунинг натижасида балиқнинг пешона қисмида катта яра пайдо бўлади, вақт ўтиб яра чуқур тешик ҳосил қилади ва узоқ вақтгача битмайди. Айрим ҳолатларда балиқнинг ошқозон-ичак тизими ҳам шикастланади ва улар озиб ночор аҳволга тушиб қолишади. Касалликни келтирувчи паразит организмалар аквариумга тирик озуқалар билан бирга кириб келади.
Даволаш амалларини сув ҳароратини 33 градусгача оширишдан бошланилади. Шу вақтнинг ўзида антибиотик дорилардан ҳам фойдаланилади.
Балиқнинг бошидаги ярани йод эритмаси билан (50гр. сувга 10 томчи) ёки марганцовка эритмаси билан артилади. Бу муолажани бажариш пайтида балиқнинг жабраларига дори тегмаслиги керак. Агарда касал теккан балик жуда озғин ва ночор аҳволга тушиб қолган бўлса уни аквариумдан олиб ташлаш зарур, негаки уни даволаб бўлмайди.


:: БАЛИҚЛАР ВА ГЕЛЬМИНТЛАР
Қуйидаги кўриб чикиладиган касалликлар балиқларнинг танасига ўрнашиб оладиган қуртлар туфайли келиб чиқади. Бу қуртлар балиқларнинг тери қатламида, қанотларида ва жабраларида ўрнашиб оладилар. Гелминтлар аквариум ичига табиий сув ҳавзаларидан тутиб келтирилган тирик озуқалар билан бирга кириб келади.

Гиродактилез
Касаллик балиқнинг терисига, қанотларига ва жабраларига ялпоқ шаклдаги яралар тошиши билан ажралиб туради. Тикилиб қаралса ушбу қуртларни яққол қўра олиш мумкин. Касаллик асоратлари: балиқнинг безовталаниши, аквариум деворларига ва тошларга қашиниб ишқаланиши, танасини га яра тошиши.
Агарда паразитлар балиқнинг жабрасига ўрнашиб олган бўлса унда жабраларнинг емирилиш натижасида балиқнинг организмига кислород етиб бормаслиги ва уни ҳалок бўлиши рўй беради.
Даволаш амалиётини умумий аквариумнинг ўзида бажарилади. Бунда риванол дорисини, 100 литр сувга 0,5 грамм миқдорида ёки антибиотик дорилардан бицилин-5, 100 литр сувга 500000ЕД миқдорида қўшилади. Агарда балиқнинг танасида қуртлар яққол кўриниб турган бўлса, ўша жойга йод ёки марганцовка эритмасини босиш яхшинатижа беради.

Дактилогироз
Жуда ҳавфли касаллик, негаки бу турдаги гелминтлар асосан балиқнинг жабраларига ўрнашиб оладилар. Касаллик кучайиб кетган ҳолатларда жабралар бутунлай емирилиб ва парчаланиб кетади, натижада балиқ ҳаво етишмаслигидан ҳалок бўлади.
Касаллик аломатлари: балиқнинг безовталаниши, сув юзасига яқин сузиб юриб оғзи билан ҳаво ютиши. Касалликнинг сўнгги босқичларида балиқнинг ҳаракатлари сусаяди ва атрофдаги воқеаларга бефарқ бўлиб қолади, жабраларининг четида оқ рангли тошмалар кўриниб туради.
Даволаш амаллари жуда мураккаб, нега десангиз бу турдаги паразитлар кўпгина дориларга бардош бера олади. Бицилин-5 дорисидан миқдорини оширган ҳолда, 100 литр сувга 1000000ЕД миқдорида, фойдаланиш мумкин.
Гельминтлар сувнинг актив реакциясига ўта сезгир бўлганлиги учун сувга ош содасидан, 50 литрга 1 ош қошиқ миқдорида, қўшиб кўриш мумкин. Шундай қилиб сувнинг актив реакциясини 7,5 – 7,8 даражагача ошириш мумкин, бундай сувда гельминтлар ҳалок бўлишади. Аммо шуни ҳам ёдда тутиш керакки, бу кўрсатгичдаги сув реакцияси айрим балиқларга тўғри келмайди ва фақат зарар етказиши мумкин.


Инвазия касалликларини олдини олиш амаллари қуйидагича:
- аквариумни тоза тутиш;
- сув ҳароратини мунтазам бир хилда сақлаб туриш;
- балиқларнинг ташқи кўринишларини доим қузатиб туриш;
- тирик озуқаларни зарарсизлантирилганидан сўнг бериш;
- табиий сув ҳавзаларидан олиб келтирилган сув ўсимликларини, бақачаноқларни ва ҳ.к.з-ларни аквариумга жойлаштирманг;
- табиий сув ҳавзаларидан тутиб олинган балиқларни умумий аквариумга жойлаштирманг;
- янги балиқларни фақат ишончли ва синалган манбалардан олиб келиш мақсадга мувофиқ.

русча
қайтиш
сув ҳарорати
кимёвий заҳарланиш
кислород танқислиги
нотўғри озуқалантириш
бактериялар
замбуруғлар
Ўзбек тилига таржимаси - Илҳом Нуржонов
Тошкент аквариум сайти © 2008-2014
Яндекс.Метрика