Ўзбекистон пойтахтидаги
аквариумшунослик тўғрисида
барча маълумотлар:
энг оммабоб аквариум жонзотларини парвариш қилиш, озуқлантириш, даволаш ва насл олиш ҳақидаги маълумотлар
касалликлар ҳақида :: бактериялар кўзғатувчи касалликлар

Турли хил бактериялардан қўзғалувчи касалликларни бактериозлар деб номланади. Ҳаваскорларнинг аквариумларида бундай касалликлар тез-тез учраб туради, айниқса узоқ вақт парвариш қилинмаган аквариумларда. Бу саҳифада энг кўп учрайдиган бактериоз касалликларини, уларни даволаш ва олдини олиш тадбирларини кўриб чиқсак.

Псевдомоноз, ёки балиқлар қанотларининг йиринглаши
Жуда оғир кечадиган касалликлардан ҳисобланади. Нотўғри шароитда ва сув ҳарорати паст бўлган аквариумларда сақланадиган барча балиқларда учрайди. Касаллик асоратлари псевдомонаслар оиласидан бўлган бактериялар турига қараб турлича бўлиши мумкин:
- балиқлар танасида қора доғлар пайдо бўлиши ва сўнглик билан улар яраларга айланиши, ичак касаллиги пайдо бўлиши мумкин;
- балиқларнинг танасидаги тангачалар тикка туриши, кўзлари шишиб кетиши, таналарида ва қанотларида қон уюмлари пайдо бўлиши мумкин ва қорин шишиб кетиши кузатилади.
Касаллик теккан балиқлар камҳаракатли бўлиб қолишади, озуқага этибор беришмайди, ўз ҳаракатларини идора қила олмасликлари ҳам мумкин. Касалликни вақтида даволанмаса, балиқчалар нобуд бўлишади.

Даволаш усуллари:
Энг аввало аквариумдаги шароитларни тўғрилаб олиш керак, сув ҳарорати ва хусусиятлари балиқларга мос келадиган бўлсин. Ундан кейин антибиотик дорилар ёрдамида даволашни бошлашингиз мумкин. Масалан бицилин-5 дорисидан фойдаланишингиз мумкин.
Бу дорини тўғридан-тўғри аквариум сувига аралаштириш мумкин, дорининг миқдори 100 литр сувга 500000ЕД-дан тўғри келадиган қилиб. Даволаш ишлари давом этган пайтда сувнинг ҳароратини 27-28 градусгача қўтариш лозим.
Даволашни бир ҳафта давомида, ҳар куни кеч пайтида, чироқларни ўчиргандан сўнг аквариум сувини дорилаш билан амалга оширилади. Дорилашдан олдин сувнинг учдан бир қисмини янгилаш лозим.
Энг яхшиси касал теккан балиқларни алоҳида аквариумга ўтказиб даволаш усулидир. Бунда, алоҳида аквариумга ҳеч қандай ўсимликлар ва туб қатлами тошлари жойлаштирилмайди, фақат кучли аэрация ташкил қилинади.
Доимий жойлаштириладиган асосий аквариумни эса яхшилаб ювилади ва дезинфекция қилинади. Туб қатлами тошлари оловда қиздирилиб олинади, ўсимликларни бир сутка давомида марганцовка эритмасида зарарсизлантирилади.

Аэромоноз, ёки “краснуха”
Бу касаллик асосан карпсимон балиқлар туркумидаги (барбуслар, олтин балиқ ва ҳ.к.з) турларда учрайди. Балиқларга у тирик озуқалар орқали ёки бошқа бир касал теккан балиқлардан юқиши мумкин. Касаллик асоратлари унинг кечишининг турига боғлиқ, булар: касалликнинг ўткир, ўртача ва сурункали кечиш турларидир.
Ўткир кечганда балиқ танасининг айрим жойларида ёки барча жойларида қизаришлар пайдо бўлади, вақт ўтиб яраларга айланади, қон уюмлари пайдо бўлади. Қанотлари шишиб ва қизариб кетади.
Касаллиги оғирлашиб кетган балиқларда қорин ва кўзларнинг шишиб кетиши, тангачалари тикка туриши кузатилади. Балиқлар сувнинг устки қатламларида ҳаракатсиз турадилар, озуқага ва атрофдаги ҳаракатланишларга бефарқ бўладилар.
Ўртача оғирликда кечадиган балиқларда касаллик асоратлари бироз енгил ўтади, яралар кичикроқ ва яра атрофида оқ чизиқлари бўлади. Касалликнинг кечиши ва балиқ танасининг емирилиши секинлик билан кечади.
Касалликнинг сурункали турида балиқнинг танасида ва қанотларида майда ярачалар пайдо бўлади. Айримларида бир ёки бир-неча тангачаси тикка бўлиши кузатилиб туради. Касалликнинг бундай кечиши узоқ вақт (бир ёки икки ойгача) давом этиши мумкин ва балиқнинг ўлимига олиб келмайди.

Даволаш усуллари:
Агар касаллик жуда оғирлашиб кетса ва қорин шишиб кетиши кузатилса бундай балиқни даволаб бўлмайди ва уни аквариумдан олиб ташлангани яхши. Касаллик энди бошланган бўлса, унинг асоратлари кузатилиб турилган балиқларни алоҳида аквариумга ўтказиб олиш керак.
Алоҳида аквариумда ўсимликлар ва тошлар бўлмаслиги, компрессор ёрдамида аэрация ташкил қилиниши керак.
Даволаш учун левомецитин дорисини қўллаш мумкин, бир литр сувга 250-300 миллиграмм миқдорида. Даволаш дори қўшилган идишда 12 соат давомида ванна қилиш усулида амалга оширилади. Умумий аквариумда даволаш амаллари бажарилганда бир ҳафта давомида, суткасига бир марта (кеч пайтида) 100 литр сувга 500000ЕД миқдорида бицилин-5 дориси қўшилади.

Микобактериоз, ёки балиқларнинг сил касаллиги
Ўта оғир кечадиган ва афсуски бугунги кунда даволанмас касаллик. Бу касаллик парвариш қилинмайдиган, ифлосланган, балиқларнинг сони керагидан ортиқ бўлган аквариумларда пайдо бўлиши ҳеч гап эмас. Аквариумнинг ичига ташқаридан тушиб қоладиган чивинлар, чумолилар ёки сувараклар орқали балиқларга юқиши мумкин.
Касалликнинг аломатлари балиқларнинг иштаҳаси йўқолиши, рангларининг хиралашиб кетиши, қанотларининг емирилиши, қорин ва кўзларнинг шишиб кетиши, танадаги очиқ яраларнинг пайдо бўлиши.

Даволаш усуллари:
Сил касаллигиниг даволаш усуллари ҳали ўрганилмаган. Касаллик аломатлари гумон қилинаётган балиқлар ва барча ўсимликлар аквариумдан олиб ташланади. Аквариумни ва туб қатлами тошларини яхшилаб тозаланади ва зарарсизлантирилади.

Юқорида кўрсатилган касалликларнинг олдини олиш учун ушбу амалларга риоя қилиш зарур:
- аквариумни парвариш қилинг ва тоза тутинг;
- балиқларга янги ва сифатли озуқаларни беринг;
- тирик озуқаларни берганда уни марганцовка эритмасида зарарсизлантириб олинг;
- сувга турли хашоратларнинг тушиб қолишига йўл қўйманг;
- балиқларни ишончли ва синалган манбалардан олинг;
- янги олиб келинган балиқларни маълум вақт карантинда сақланг.

русча
қайтиш
сув ҳарорати
кимёвий заҳарланиш
кислород танқислиги
нотўғри озуқалантириш
замбуруғлар
инвазиялар
Ўзбек тилига таржимаси - Илҳом Нуржонов
Тошкент аквариум сайти © 2008-2014
Яндекс.Метрика