Ўзбекистон пойтахтидаги
аквариумшунослик тўғрисида
барча маълумотлар:
энг оммабоб аквариум жонзотларини парвариш қилиш, озуқлантириш, даволаш ва насл олиш ҳақидаги маълумотлар
касалликлар ҳақида :: кимёвий моддалар билан заҳарланиш

Сувнинг хусусиятлари ва таркиби тўғрисидаги асосий маълумотлар “Сув ва аквариум тошлари” номли бўлимда кенг ёритилган эди. Сувнинг хусусиятлари тўғрисида, қайси балиқ турларига қандай хусусиятларга эга бўлган сув мос келишини ўша бўлимда айтиб ўтилган. Ушбу бўлимда эса хусусиятлари тўғри келмаган сувда сақланаётган балиқларни қандай ҳолатларга тушиб қолиши мумкинлигини кўриб чиқамиз.
Шундай ҳолатлар бўладики, туппа-тузук юрган балиқчалар бирданига кайфияти йўқолиб, ранглари хиралашиб қолишади ва бирин-кетин ўлиб қоладилар. Ташқи кўринишидан ҳеч қандай касалликнинг асоратлари кўринмайди. Хўш, бунинг сабаби нимада? Бунинг бирдан-бир сабаби сувнинг актив реакцияси, яъни pH кўрсатгичининг тўғри келмаслигидан. Илгари айтиб ўтганимиздай, кўпчилик балиқ турлари нейтрал сувда (рН=7) ҳаёт кечиришади. Аммо шундай балиқ турлари ҳам борки бу кўрсатгични оз бўлса-да юқорига ёки пастга қараб ўзгариши жуда ҳам ачинарли ҳолатларга олиб келиши мумкин.
Бизнинг тажрибамизда ҳам шундай ҳолат рўй берган эди. Ўшанда энди тухумдан чиққан африка цихлидалари туркумидан псевдотрофеус ломбардо балиқчаларини суви анча эскирган ва шунинг учун кислоталик даражаси ошиб қолган аквариумга жойлаган эдик. Оқибатда барча балиқчалар нобуд бўлишди. Умуман олганда бу муаммога африка цихлидаларини боқадиган аквариумшунослар дуч келишади.
Айниқса аквариумнинг сувини тез-тез янгилаб турилмаса, аквариум суви эскириб борган сари кислоталик даражаси ошиб боради (рН -7дан паст), бунинг сабаби органик чиқиндиларнинг йиғилиб бораверганлигидан. Бундай хусусиятларга эга сув африка цихлидалари: малави кўли ва айниқса танганьика кўли балиқларига мутлақо тўғри келмайди. Хўш, шундай ҳолат келиб чиққанлигини қандай сезиш мумкин ва уни бартараф этиш учун қайси тадбирларни қўллаш керак бўлади?
Агарда балиқларни ўзларига мос келмайдиган хусусиятли сувга жойлаштирилса, уларнинг ҳаракатлари анча сустлашади, қанотлари йиғилиб, ранглари оқариб кетади. Айрим балиқлар аквариумнинг тубига тушиб ётиб олишади, баъзилари ёнбошлаб, баъзилари эса қорни билан тепага қараб қолишади. Сувнинг кислоталигини ёқтирмайдиган ўта сезгир балиқ турлари бўлса бир неча сония ичида нобуд бўлишлари мумкин.
Сувнинг кислоталик даражаси ошганлиги натижасида заҳарланиш асоратларини сезиб қолсангиз қуйидаги амалларни бажариш лозим:
- агар балиқчалар катта аквариумда жойлашган бўлса, унда сувнинг тенг ярмини янгилаш зарур бўлади. Янгилаш учун тайёрланган сув бир сутка давомида тинитиб қўйилган булиши керак, африка цихлидалари учун мўлжалланган сувга ош содасидан (100 литр сувга ярим чой қошиқ) қўшиш мумкин;
- агарда янгилаш учун тайёрланган сув етарлича бўлмаса, балиқларни кичикроқ идишга ўтказиб олиш мумкин ва ўша идишни 40% эски сувга 60% эса янги сувга тўлғазиш керак ва кучил компрессор ёрдамида сувга ҳаво пуркаш лозим бўлади.
Юқорида кўрсатилган ноҳуш ҳолатларга тушиб қолмаслик учун ушбу тавсияларга амал қилишингиз мумкин:
- аквариумнинг сувини, камида ҳафтасига бир марта, учдан бир қисмигача бўлган ҳажмда янгилаб туринг;
- аквариумни тозалаш пайтида унинг тубидаги чиқиндиларни шланг ёрдамида тозалаб туринг;
- африка цихлидалари сақланадиган аквариумларга мармар тош бўлакларини жойлаш мумкин.
Янги балиқчаларни ҳарид қилганда уларни доимий яшаши учун мулжалланган аквариумнинг сувига оз-оздан ўргатиб бориш керак. Бунинг учун уларни келтирилган идишига озгина аквариум сувидан қўшинг ва ҳаракатланишларини кузатиб туринг.
Аста-секин идишдаги сувни аквариум сувига алмаштириб боринг. Агар балиқчаларнинг безовталанишлари, рангларининг хиралашиши ёки ёнбош ётиб олишлари кузатилмаса, демак аквариумнинг суви уларга мос тушади ва ҳеч қандай зарар етказмайди. Агарда ушбу аломатлар кузатилса, демак аквариумнинг сувини қисман янгилаб олишингиз керак бўлади.
Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, аквариумдаги барча балиқлар ёппасига ва тўсатдан ҳалок бўлишади. Бунинг сабаларидан бири балиқларнинг сувдаги ва атроф мухитдаги ҳаводаги кимёвий моддалардан заҳарланишида.
Балиқларнинг кимёвий моддалардан заҳарланишлари турли шароитлардан келиб чиққан ҳолларда турлича содир бўлиши мумкин, шунинг учун бундай ҳолатларни алоҳида кўриб чиқишни лозим деб топдик.
Биринчи навбатда аквариумга умуман алоқаси бўлмаган, кундалик ҳаётимизда ва рўзғорда ишлатиладиган кимёвий моддалардан заҳарланиш. Булардан бири тамаки тутунидан заҳарланишдир.
Агарда аквариум ҳаваскори ёки унинг яқинлари тамаки чекишга ўрганиб қолган бўлса, шуни билингки тамаки тутуни сувда ҳам яхши эрийди ва балиқчаларни заҳарлайди. Энди сигарета кукунини ёки қолдиғини аквариумга ташлайдиган кимсаларга (шунақалари ҳам учраб туради) бир нарса дейиш қийин.
Рўзғорда ишлатиладиган аэрозоллар, атир ва бошқа ҳид тарқатувчи мосламалар, кир ювиш кукунлари, ремонт пайтида ишлатиладиган турли бўёқлар, ҳашоратларни йўқ қилиш учун мўлжалланган дорилар, буларнинг барчаси аквариум сувига таъсирини ўтказмай қолмайди. Аквариум жойлашган хонада бундай мослама ва моддаларни ишлатмаган маъқул. Яна бир маслаҳат, аквариумни ошхоналарида жойлаштирилмагани яхши.
Энди кимёвий заҳарланишнинг бошқа сабаларини кўриб чиқсак.
Бевосита аквариумнинг ичига жойлаштириладиган нарсалар ҳам (безаклар, хизмат ускуналари) ўзидан қайсидир кимёвий моддаларни ажратиб чиқариб сувни заҳарлаши мумкин.
Масалан, қайсидир пластмассадан ишланган нарсани безак сифатида аквариумга жойласангиз, унинг бўёғидан заҳарли моддалар ажралиб чиқиш эхтимоли йўқ эмас. Ёки бўлмаса компрессор билан ҳаво пуркаш учун унга резина шлангини улаган бўлсангиз, улардан ҳам ортиқча моддалар ва ҳидлар ажралиб чиқиши мумкин.
Шунинг учун фақат махсус аквариумлар учун мўлжалланган безаклар ва ускуналардан фойдаланинг. Компрессорга улаш учун оқ рангли ёки рангсиз шланглардан фойдаланинг, тиббиётда ишлатиладиган системалар шланги ҳам тўғри келади.
Бизнинг тажрибамизда бўлиб ўтган воқеа яна бир мисол бўла олади. Янги тухумдан чиққан барбус болалари сақланиб турган аквариумда турбинали фильтрнинг ичидаги поролонни янгилаш керак бўлиб қолди. Янги поролонни биринчи учратган жойдан сотиб олдик ва фильтрга ўрнатиб қўйдик. Шундан сўнг балиқчаларнинг кайфиятлари пасайиб ҳаракатлари сусайиб бораверди ва ҳар куни биттадан-иккитаданн ҳалок бўлиб боравердилар.
Сувнинг тез-тез янгиланиши вазиятни анча енгиллаштиргандек бўлди, аммо озуқани бергандан сўнг 90% балиқчалар нобуд бўлишди. Заҳар озуқа орқали балиқларнинг ичига кириб бўлган экан. Сувни бутунлай янгилаш ва компрессор ёрдамида ҳаво пуркаш амаллари ҳам ҳеч қандай натижа бермади. Заҳарли моддалар айнан ўша янги ўрнатилган поролондан келиб чиққан экан. Шунинг учун ёрдамчи ускуналарни ва уларнинг қисмларини фақат махсус аквариумлар учун мўлжалланган бўлса ҳарид қилинг.
Темир каркасли аквариумларда занг парчалари сувга тушиб қолиши натижасида ҳам балиқларнинг заҳарланиши кузатилиб туради. Бунинг олдини олиш учун темир каркаснинг сувга бевосита тегиб турадиган жойларини герметик, пластилин ёки шунга ўҳшаш нарсалар билан ҳимоя қилиб кўйишингиз мумкин.
Ва балиқларнинг заҳарланишига сабаб бўладиган вазиятлардан энг асосийси бу аквариумни нотўғри тозалаш ёки бўлмаса умуман тозаламасликдир. Аквариум тубида йиғилиб қолган органик чиқиндилар, эскириб қолган сув, вақтида олиб ташланмаган озуқа қолдиқлари, узилиб қолган ва чирий бошлаган ўсимлик бўлаклари сувнинг таркибида сероводород газининг йиғилиб қолишига сабаб бўлади.
Ўзингиз биласизки, сероводород - бадбуй ва барча тирик жонзотлар учун жуда ҳавфли заҳар ҳисобланади. Агар шундай ҳолатга тушиб қолган аквариумни учратиб қолсангиз ва унинг ичидаги балиқлар ҳали ҳам тирик бўлса, демак бу аквариумнинг эгаси ўта омади чопган одам ёки бу аквариумдаги балиқлар сунъий ясалган ўйинчоқлардир.
Энди ҳазилни четда қўя турайлик. Агар аквариумдаги балиқларнинг ҳаракатлари ғайри оддий ва безовта бўлиши кузатилса, бақачаноқлар ёппасига сувдан ташқарига чиқа бошлашса ва сувдан бадбўй ҳидлар келиб бошласа, шуни билингки, сероводород газининг ажралиб чиқиши жараёни ҳавфли тусга кирган.
Бунинг олдини олиш учун аквариум сувини қисман янгилаб туриш зарур ва сувни тозалаб турувчи фильтрлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

русча
қайтиш
сув ҳарорати
кислород танқислиги
нотўғри озуқалантириш
бактериялар
замбуруғлар
инвазиялар
Ўзбек тилига таржимаси - Илҳом Нуржонов
Тошкент аквариум сайти © 2008-2014
Яндекс.Метрика