Идишнинг деворларига саноқсиз микро-қуртлар ўрмалаб боради, уларни юмшоқ мўйқалам ёрдамида йиғиб олинади.
Шундайлигича бу озуқани балиқчаларга бериб бўлмайди, уларни тоза сувда чайиб олиш керак. Бунинг учун нематодаларни сув қуйилган стаканга жойлаб яхшилаб аралаштирилади.
Бир неча дақиқалардан сўнг қуртлар стаканнинг тагига тушиб қоладилар, шунда сувни тўкиб ташлаб стакан тагидаги қуртларни ёш балиқчалар боқиладиган аквариумга тўкадилар. Нематодалар аквариумнинг тубига тушиб қоладилар, шунинг учун бу озуқа берилганда кучли аэрация ташкил қилинади ва шундагина қуртлар сувда айланиб турадилар ва аквариум тубига тушмасидан олдин балиқчаларга ем бўладилар. Бу микро-қуртлар чучук сув ичида икки суткагача яшаши мумкин, ундан кейин ҳалок бўлишади.
Бу озуқани витаминларга бойитиш учун асос бўлган нон бўлакчаларига турли сунъий витаминлардан (“Гендевит”, “Ундевит”, “Ревит”) қўшиш мумкин, ёки нон ўрнига яхшилаб майдаланган ва қайноқ сув билан юмшатилган сабзидан фойдаланадилар (бундай қилинса униб чиққан қуртлар қизғимтир рангда бўладилар).
Шу билан Тошкент аквариумшунослари уй шароитида етиштирадиган озуқалар тўғрисидаги бўлимни тугатсак ҳам булар эди. Лекин бундай озуқаларнинг яна бир тури – инфузориялар ҳақида ҳам бир оғиз айтиб ўтишни лозим деб топдик. Тошкент бозорларида инфузориялар жуда кам учрайди, шундай бўлса-да улар сотувда йўқ эмас. Шунинг учун уларни етиштириш услубларини кимдир бизлар билан ўртоқлашса жуда миннатдор бўлар эдик ва шу саҳифада жойлаштирган бўлар эдик.