Ўзбекистон пойтахтидаги
аквариумшунослик тўғрисида
барча маълумотлар:
энг оммабоб аквариум жонзотларини парвариш қилиш, озуқлантириш, даволаш ва насл олиш ҳақидаги маълумотлар
бошқа тирик жонзотлар ҳақида :: амфибиялар ва судралувчилар

Амфибиялар деб ҳаёт тарзи ҳам сувда ҳам қуруқлиқда ўтадиган жониворларга айтилади. Бу жониворларнинг айримлари вақтларини қўпроқ сувда ўтқазсалар, айримлари тез-тез қуруқликка чиқиб туришга одатланганлар.
Балиқлар билан бирга сақланадиган амфибиялар учун маҳсус шароитларни яратиб бериш бироз мушкул иш ва кўпчилик ҳаваскорларнинг аквариумларида улар ночор аҳволда сақланиб келмоқда. Бундай бўлмаслиги учун Тошкент бозорларида сотиладиган, амфибиялар туркумига кирадиган жониворлар ҳақида ва уларни боқиш шарт-шароитлари ҳақида бир оғиз гапириб ўтмоқчимиз.
Судралувчилар туркумига кирадиган жониворлардан: қурбақалар, тошбақа ва тритонлар атмосфера ҳавосидан нафас оладилар ва сувга шунғиган пайтларида шу ҳаво тугагунча юра оладилар. Шунинг учун уларга энг қулай шароитни акватеррариумда – яъни, икки бўлимга ажратилган аквариумларда яратиб бериш мумкин.
Бунинг учун бир бўлим сувга тўлғазилади, бирида эса қуруқлик шароити ташкил қилинади. Тошбақалар ва тритонлар учун бундай шароит жуда зарур, негаки, табиатда улар дарё ёки кўлларнинг қирғоқларига тез-тез чиқиб туришади. Албатта кўпчилик ҳаваскорлар бундай шароитни яратиб бераолмайдилар ва уларнинг амфибиялари доим сувда сақланадилар. Аквариум ёқасида сувда типирчилаб турган тошбақаларни кузатиб туриш жуда ачинарли.
Аммо, бу жонзотларга озгина бўлса ҳам шароит яратиш мумкин. Бунинг учун аквариум сувининг юзига бир бўлак пенопластни ташлаб қўйсангиз кифоя. Уни аквариумнинг бир бурчагига маҳкамлаб қўйсангиз эса қирғоқнинг вазифасини янада яхшироқ бажаради. Устига жониворлар чиқиб олишига қулай бўлиши учун пенопластни бир чеккасини ўйиб, ишлов беришингиз мумкин. Шундай қилсангиз бу жониворларнинг ҳаётини анча енгилаштирган бўласиз.
Амфибияларнинг барчаси йиртқич ҳисобланадилар ва табиатда тирик ўлжани овлаш билан кун кечирадилар. Бозорда, кичкина ва ёқимтой кўринган қурбақа боласини ҳарид қилганда, уни вақт ўтиб катта қурбақага айланишини, кичик ва ўртача катталикдаги балиқларни еб тугатишини кўпчилик ҳаваскорлар тассавур ҳам қилмайди. Шунинг учун бу жониворларни боқишни ният қилган бўлсанги,з уларни катта балиқлар билан сақлаш кераклигини унутманг. Лекин катта балиқлар ҳам йиртқич бўлмаслиги керак, акс холда амфибияларга тинчлик бўлмайди.
Озуқа беришда бу жониворларга балиқларга берадиган озуқалардан: мотил, трубочниклардан беришингиз мумкин. Ҳар замонда ер чувалчанги ёки ҳом гўшт бўлакларидан бериб туришингиз мумкин. Энди Тошкент бозорларида учрайдиган амфибиялар ва судралувчи жониворлар ҳақида алоҳида гапириб ўтсак.

“Шпорц” қурбақаси
Илгари бу қурбақаларни деярли барча Тошкент аквариумшунослари боқар ва кўпайтирар эдилар. Аммо аста-секин уларга бўлган қизиқиш сўниб борган ва ҳозирги пайтда буларни кўпайтириш билан шуғулланиб келаётган саноқли аквариумшунос қолган.
Тошкентда бу қурбақаларнинг фақат оқ рангли ва кўзлари қизил бўлган албинос шаклидагиларни сотишади. Табиатда буларнинг ранги тўқ кул рангда бўлади. Бу жуда ҳаракатчан жониворлар ва уларни, айниқса кичик пайтида, кузатиб туриш жуда қизиқарли. Улғайган пайтида уларнинг катталиги 10 см-гача етиб боради. Кичик пайтидаги ёқимтойлиги ва ҳаракатчанлигидан асар ҳам қолмайди ва улар вақтларини кўпроқ сув юзида ҳаракатсиз ҳолда ўтқазишади.
Қурбақаларни ҳажми катта ва ўсимликларга тўла аквариумда боқиш керак. Ўсимликлар бақувват ва барглари қаттиқ бўлгани яхши. Қурбақалар доим сувда яшайдиган ҳайвонлардир ва сувсиз қолганларида тезда қуриб қоладилар ва нобуд бўладилар. Шуни ҳам эсда тутиш керакки, қурбақалар сакрашга жуда уста ва аквариум ичидан сакраб чиқиб кетишлари мумкин. Шунинг учун улар сақланадиган аквариумнинг қопқоғи булиши керак.
Агар аквариумда эркак ва урғочи қурбақалар жуфт келган бўлса, улар насл беришлари эхтимоли ҳам бор. Эркак қурбақани оёғларининг тагида тўқ-кул ранг доғлари бўлади, жинсий аъзоларидан ҳам ажратиб олса бўлади. Насл бериш пайтида эркак қурбақа майин товушлар чиқариб урғочисини чақиради. Бу кўпинча кечаси ва тунда содир бўлади. Урғочи қурбақа бир неча минг тухум ташлаши мумкин, аммо уларнинг фақат бир неча юз донаси уруғланган бўлади.
Қурбақа увилдириқлари барча ўсимликларнинг шоҳа ва баргларига сочилган бўлади. Бу увилдириқлар нафақат балиқлар учун, балқи қурбақаларнинг ўзлари учун ҳам яхшигина озуқа бўлади. Қурбақаларнинг наслини олиш учун уларни алоҳида, ҳажми 50-60 литр келадиган ва ўсимликларга тўла идишга ўтказиб олиш керак.
Қурбақалар уруғ ташлаб бўлганидан сўнг уларни бу идишдан олинади, сувини ярмигача янгиланиб яхши аэрация (ҳаво пуркаш) ташкил қилинади ва қоронғу жойга ўрнатилади. Беш кунлардан сўнг увилдириқдан қурбақа ит балиқчалари пайдо бўла бошлайди.
Уларни микро қисқичбақалар (живая пыль) билан боқилади. Ит балиқларнинг тобора ўзгариб боришларини кузатиш жуда қизиқарли. Аввало олдинги оёқлари, сўнгра кейинги оёқлари пайдо бўлади ва думлари аста-секин йўқолиб боради.
Орадан бир ёки бир ярим ойлардан кейин аквариум ичида узунлиги 3-4 см келадиган қурбақачалар сузиб юрган бўлади. Улғайган сари уларга майдаланган трубочник ва мотил беришингиз мумкин.
Аквариум шароитида “шпорц” қурбақаси жуда узоқ вақт (10 йилгача) яшаши мумкин. Аммо кўпинча уларда қорин касаллиги (водянка) учраб туради, айниқса урғочи қурбақаларда. Бу касалликнинг келиб чиқиши сабаблари ҳали аниқланмаган ва даволаш усуллари яхши ўрганилмаган. Касаллик кўпинча қурбақанинг ўлимига олиб келади.

Тождор тритон
Узун думли амфибияларнинг ҳилма-ҳил турларидан Тошкенда фақат шу турдаги тритонларни кўпайтириш йўлга қўйилган. Аммо буларнинг ҳам бозори чаққон бўлмагани учун сотувда жуда кам миқдорда учрайди. Улғайган тритоннинг узунлиги 15-20 см-гача етиб боради. Аквариумда тритонлар жуда ажойиб кўринишга эга бўлсалар ҳам, уларни боқиш шарт-шароитлари бироз мураккаб бўлгани учун кўпчилик аквариум ҳавасқорлари тритонларни боқишмайди.
Биринчидан: юқорида айтиб ўтганимиздек, тритонларга қуруқликка чиқиш имкониятини яратиб бериш керак. Буни ташкил қилиш кўпчилик ҳаваскорлар учун осон иш эмас.
Иккинчидан: тритонлар йиртқич бўладилар. Вақти келиб улар барча балиқларни овлаб бошлайдилар ва тугатадилар. Айрим ҳаваскорлар улғайиб катта бўлиб кетган тритонларини бозога қайтариб олиб келиб сотишга уринаётганини кўриб қоламиз.
Албатта бунинг биринчи сабаби уларнинг йиртқич бўлганликлари бўлса керак. Шунинг учун, бозорда кўзингизга миттигина ва ёқимтой кўринган тритончани ҳарид қилишдан олдин, унинг келажақда қандай бўлиб кетишини ва балиқларингизнинг аҳволи қандай бўлишини яна бир ўйлаб кўринг.

Қизил қулоқ тошбақа
Тошкент аквариумшунослари ичида бу тошбақаларни кўпайтириш билан шуғулланганларини эшитмаганмиз. Айрим пайтларда уларни чет давлатлардан олиб келиб сотишади. Тошкент бозорларида фақат қизил қулоқ тошбақа тури сотувда учрайди.
Бу тошбақалар жуда ажойиб ва аквариумда жуда чиройли кўринишга эга бўладилар. Аммо юқорида тритонлар тўғрисида айтилган гаплар бу тошбақаларга ҳам тегишлидир. Шунинг учун Тошкент аквариум ҳаваскорлари орасида булар унчалик кенг тарқалган деб айтолмаймиз.

тритонлар
“шпорц” қурбақаси
русча
қайтиш
бақачаноқлар ҳақида
қисқичбақалар ҳақида
Ўзбек тилига таржимаси - Илҳом Нуржонов
Тошкент аквариум сайти © 2008-2014
Яндекс.Метрика