Ўзбекистон пойтахтидаги
аквариумшунослик тўғрисида
барча маълумотлар:
энг оммабоб аквариум жонзотларини парвариш қилиш, озуқлантириш, даволаш ва насл олиш ҳақидаги маълумотлар
бошқа тирик жонзотлар ҳақида :: бақачаноқлар ҳақида

Тошкент зоо-бозорларидаги кўпчилик сотувчилар моллюскалар синфига кирадиган бақачаноқларни (улиткаларни) турли ҳилларини сотишади. Буларнинг ичида кенг тарқалганларидан бир тури – ампуляриялардир. Бу бақачаноқларнинг катталиги беш сантиметргача, ранги очиқ-сариқ ва тўқ-жигар рангларда бўлади. Айрим аквариумшунослар уларни минглаб кўпайтиришади, шунинг учун уларнинг нархи арзон.

Ампуляриялар
Аквариумнинг турли жонзотлари жамоасига ампуляриялар жуда яхши қўшиладилар ва уни бойитиб турадилар. Аммо, уларни аквариум санитарлари ва тозалаб турувчилари деган гаплар бироз ошириб юборилган деб ҳисоблаймиз. Битта эллик литрлик аквариумга 5-7 ампулярия олсангиз етарли бўлади. Катталиги ўртача, чаноғининг диаметри 1,5-2 см. атрофида, ҳеч қаери лат емаган, майда ўсимликлар билан қопланмаган ва тоза бўлганларини танланг. Чаноғи бутун ва ҳеч қаерида занглаш излари бўлмасин, қаттиқлиқ даражаси паст бўлган сувда боқилса, бундай излар ва чаноқ емирилишлари кузатилиб туради.
Айрим ҳолларда янги сотиб олинган ампуляриялар балиқларга касаллик тегишига сабаб бўладилар, шунинг учун уларни ишончли манбалардан олганинггиз яхши. Ампуляриялар жуда ҳаракатчан бўлишади ва уларни яхшилаб озуқлантириш керак. Кўпчилик сотувчилар ампулярияларга озуқа бериш шарт эмаслигини ва улар балиқлардан қолган озуқа билан кифояланишини айтадилар.
Бу гапни тўғри деб айта олмаймиз ва аксарият ҳаваскорларнинг ампуляриялари ўлиб қолишини озуқа етишмаганидан деб ҳисоблаймиз. Шунинг учун уларга вақти-вақти билан манка бўтқаси бўлакларини ёқи қайноқ сувда чайиб олинган салат баргларини бериб туриш лозим.
Ампулярияларнинг ўзидан кўпайиши учун ҳеч қандай маҳсус шароитлар талаб қилинмайди. Кўпинча улар умумий аквариумларда ҳам уруғ ташлайдилар ва ундан миттигина ампуляриялар униб чиқади. Ҳатто сизнинг аквариумингизда биттагина урғочи ампулярия бўлса ҳам у уруғ ташлай олади. Лекин бу уруғдан ҳеч нарса униб чиқмайди албатта. Шунинг учун уларни камида бир жуфт қилиб қўйиш керак. Уруғни қўйиш учун урғочи ампулярия аквариум шиша деворидан, сув сатхидан тепага чиқади ва ўша ерда уруғ кўяди. Шундай пайтда ампулярия аквариумдан ташқарига чиқиб кетиши ва нобуд бўлиши мумкин.
Бунинг олдини олиш учун аквариумнинг усти шиша қопқоқ билан ёпилади (бундай қопқоқ айрим балиқларнинг сакраб сувдан чиқиб кетмаслиги учун ҳам қўлланилади).
Уруғлар атир гул рангида бўлиб кўринишидан узум сўлқимига ўҳшайди. Уруғлар доим намлиқ тушиб туриши учун компрессорнинг пуфагини шу жойнинг яқинида жойлаштиришингиз мумкин. Орадан 20-25 кун ўтгандан кейин майда (диаметри 1-2мм.) бўлган ампулярия болалари пайдо бўлишади. Кўпчилик балиқлар учун бу жуда зўр озуқа. Шунинг учун наслни сақлаб қолмоқчи бўлсангиз, уларни бошқа идишга ажратиб олишингиз зарур. Идишга 10-15 см.-гача сув қуйиб қўйилади, ва митти ампулярияларни манка бўтқаси бўлаклари, салат барглари ва қайнатилган тухумнинг сариғи билан боқиб катта қилинади. Ампулярия болалари яхши ривожланиши учун идишдаги сувни тез-тез янгилаш ва аэрация (хаво пуркаш) ташкил қилиш зарур.

Меланиялар
Тошкент зоо-бозорларида яна бир ажойиб бақачаноқ турини – меланияларни учратиш мумкин. Буларнинг узунлиги 4 см-гача, эни атиги 5-8 мм бўлади. Чаноғининг узунчоқ шаклда бўлганининг сабаби меланиялар аквариум туб қатламининг тошлари орасига кўмилган ҳолда кун кечиришади ва ташқарига камдан-кам ҳолларда чиқадилар. Бу бақачаноқларни аквариумда сақлаш жуда фойдали.
Улар туб қатламни оралаб турадилар ва органиқ чиқиндиларни еб йўқотадилар. Энг муҳими – меланиялар аквариумдаги шароитни ёмонлашиб бораётганини дарров билдирадилар.
Агар барча меланиялар туб қатламидан чиқиб аквариумнинг шиша деворларида юрган бўлса, демак сувда кислороднинг миқдори жуда камайиб кетган ёки органиқ чиқиндилар ошиб кетиб сувнинг заҳарланишига олиб келган. Бу сизга, аквариумни тозалаш ва сувни янгилаш кераклигига ишора беради.
Меланияларни янги ўрнатилган аквариумга эмас, балки суви бироз эскирган ва органиқ чиқиндилари етарли миқдорда бўлган аквариумга жойлашингизни маслаҳат берамиз.

Катушкалар
Яна, кенг таркалган бақачаноқлардан, бозорларда ўртача катталикдаги (2 см-гача), қизғиш рангли бақачаноқлар, катушкаларни учратиш мумкин. Улардан бир нечасини аквариум ичига жойласангиз кўп вақт ўтмай қимирлаб турган майда-майда нуқталарни, катушка болаларини кузатишингиз мумкин. Улар тезда улғаядилар ва қисқа муддат ичида аквариумни ортиғи билан тўлғазиб юборадилар.
Шунинг учун уларни вақти-вақти билан камайтириб туриш лозим. Тошкентда катушкалар жуда кенг таркалган ва уларни ҳатто ариқлардан ҳам топишингиз мумкин. Аквариумни тоза тутишдаги фойдаси нисбатан кам, ташқи кўриниши ҳам ампуляриялар каби яхши эмас. Шунинг учун, буларни топиб келтириш осон бўлишига қарамай, аквариумга жойлашдан олдин ўйлаб кўришни маслаҳат бериб қоламиз.

Физалар
Бу, ўлчамлари 1 см-гача келадиган кичик бақачаноқлар кўпинча унчалик тажрибаси бўлмаган ҳаваскорларнинг аквариумларида учрайди. Бунинг сабаби физалар табиий сув ҳавзаларидан олинган ва дезинфекция қилинмаган сув ўсимликлари ёки тошлар ва безак сифатида ишлатиладиган шоха ва илдизлар билан бирга аквариумга кириб келади.
Физаларнинг ўзлари бўлмаса ҳам уларнинг уруғлари ўсимлик ва тошларга ёпишиб олган бўлиб аквариумда ривожлана бошлайдилар. Бу ривожланиш айрим ҳолларда тўхтатиб бўлмайдиган даражада ошиб кетади.
Бундай пайтда анциструслар ва шунга ўхшаш балиқлар ёрдам берадилар. Улар физанинг уруғларини ва майда болаларини еб йўқотадилар. Физаларни бошқа балиқ турлари ҳам, масалан цихлидалар яхши иштаҳа билан ейишади.
Умуман олганда физаларни жуда ҳам ташвиш келтирадиган бақачаноқлар деб айтиш хато бўлади. Айрим ҳолларда улар ёш ниҳолларнинг баргларига шикаст етказишлари мумкин. Улар аквариумнинг шиша деворларини ва тубдаги тошларни қоплаб олган сув ўсинмаларини ейишади, аммо тозаликда уларнинг хизматларини жуда катта деб айтиб бўлмайди.

ампуляриялар
ампулярия увилдириғи
мелания
қизил катушка
физа
русча
қайтиш
амфибиялар ва судралувчилар
қисқичбақалар ҳақида
Ўзбек тилига таржимаси - Илҳом Нуржонов
Тошкент аквариум сайти © 2008-2014
Яндекс.Метрика