Перевод от IpbZona


Вход

Забыли свой пароль?

Зарегистрироваться

Я забыл свой пароль
  
Войти или зарегистрироваться

Перейти к содержимому


Информация для посетителей форума

Приветствуем вас и приглашаем к интересному и полезному общению!
Для использования всего функционала форума необходимо пройти процедуру регистрации, при этом она считается успешно завершенной, если новый участник получает на свой почтовый ящик специальное уведомление от администрации. Если по каким-то причинам этого не происходит, просим отправлять запросы на адрес info@aquatropic.uz

Внимание! Гости могут оставлять свои сообщения на форуме в ограниченном режиме без регистрации.

Барбуслар (Barbus)


Сообщений в теме: 6

#1 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 20 октября 2013 - 22:50

БАРБУСЛАР (BARBUS)

Аквариумда боқиладиган манзарали балиқлар аквариум балиқлари, деб аталади. Аквариум (аquarium) сўзи лотин тилидаги сув маъносини англатадиган аqua сўзидан ясалган бўлиб, сув жониворларини боқиш ва сув ўсимликларини ўстириш учун мўлжалланган идиш, шунингдек, денгиз ва чучук сув ҳавзасида яшайдиган ҳайвонот дунёси ва ўсимликлар оламининг вакиллари ўрганилиб, уларни халққа намойиш этиш мақсадида сақланадиган муассасадир.
Аквариум балиқларини боқиш илк бор эрамиздан олдинги 1500 йилдан эътиборан Хитойда русум бўлган. Ранг-баранг, унчалик катта бўлмаган ғаройиб шаклли танага эга бўлиш – аксарият аквариум балиқларига хосдир. Бундай балиқлар жумласига цихлидлар, карпнамолар, пецилийлар, харацинлар, карптишлилар, лабиринтлар, лаққанамолар, осётрсимонлар ва шу каби, бошқа оилаларга мансуб балиқ турлари киради.

Бугун мен, суякдор балиқларга (Teleostei) мансуб шуълақанотли (Actinopterygii) балиқлар туркумига кирадиган, карпнамолар оиласининг вакиллари, ўзим ёқтирадиган қувноқ барбуслар ҳақида фикр юритмоқчиман.
Жаҳон аквариумчилари томонидан кўплаб барбус турлари боқилади. Шу боис, аквариум ишига эндигина бошлаганларнинг аксарияти балиқ боқишни жуда кўркам, сув кўрсаткичларининг ўзгариб боришига чидамли, деярли беозор ва аквариум муҳитида кўпайтириш етарлича осон кечадиган барбуслардан бошлашади.
Барбуслар гала таркибида яшайдиган балиқлар жумласига киради ва шу боис, уларни 6-10 бош балиқдан ташкил топган гуруҳ таркибида боқиш тавсия этилади. Акс ҳолда тажовузкор табиатга эга бўлиб қолиб, бошқа балиқларга тинчлик бермай қўяди. Айни вақтда, етарлича тинч ҳаёт кечирадиган барбусларни табиатан тажовузкор балиқларга қўшиб ҳам бўлмайди.
Барбус боқилиши ният қилинган аквариумни ишга солиш жараёнида балиқ манфаатини инобатга олмоқ лозим. Бунинг учун аквариумга сув ўтларининг катта миқдори экилиши, шу жумладан, сувда сузиб ўсадиган ўсимликлар бўлиши талаб этилади. Негаки, ўсимликсиз аквариум ҳаддан ортиқ ёруғ бўлиб, барбуслар бундай ҳолатни хуш кўришмайди. Бундан ташқари, ёруғлик барбусларнинг рангига салбий таъсир кўрсатади. Ваҳоланки, аквариумга кўрк бериб турадиган сув ўсимликлари нафақат барбуслар, бошқа кўплаб балиқ турлари учун паногоҳ саналади. Ўсимликдан ташқари, балиқ яшириниб дам олиши учун, аквариумда, сувга чўктириладиган ғўла ва йирик манзарали тошлар, сузиб юриши учун эса етарлича кенг очиқ майдон бўлиши керак.
Барбуслар ҳақида батафсил маълумотлар беришдан олдин, уларнинг келиб чиқиши ҳақида қисқача тўхталиб ўтишга аҳд қилдим.

КАРПСИМОНЛАР (Cypriniformes), суякдор балиқларга (Teleostei) мансуб шуълақанотли балиқлар туркуми бўлиб, ўз ичига Евроосиё, Шимолий Америка ва Африканинг чучук сувларида яшайдиган, жами 27 та оилага бирлашган 3 мингга яқин (кам ҳолларда – ўткинчи) балиқ турларини, бошқача айтганда, бугунги кунда мавжуд балиқларнинг қарийб 15 фоизини қамраб олади. Айниқса, карпнамо, чукучаннамо балиқлар ва илонбалиқлар оилаларининг вакиллари жуда кўп. Карпсимон балиқларга мисол тариқасида учар понақорин балиқча (рус. клинобрюшка), электрли илонбалиқни келтириш мумкин.
Балиқларнинг ушбу туркумидан харацинсимон ва гимнотсимон балиқлар алоҳида балиқ туркумлари сифатида ажратиб олинган. Лаққасимон балиқларга қариндош саналадиган карпсимонлар ўз ташқи кўриниши ила сельдсимон балиқларга ҳам ўхшаб кетади ва афтидан, улардан, бўр даврида (мезозой эрасининг учинчи геологик даври) тарқаган кўринади. Нисбатан юзаки суякли балиқлар саналса-да, бош суяклари сельдсимон балиқларга қараганда мустаҳкам қотган.
Мулоҳаза юритилаётган балиқлар туркумининг ўзига хос хусусияти Вебер аппаратининг (эшитиш аъзосини сузгич пуфак билан боғлайдиган майда суяклар тизимининг) мавжудлигидир. Ушбу аппарат резонатор вазифасини бажариб, товуш эшитиш қобилиятини яхшилайди, атроф-муҳит босимини ҳис этиш учун хизмат қиладиган аъзо саналади. Бундай аппарат, балиқлар туркумининг эски – суякпуфакли балиқлар (Ostariophysi) номида ўз аксини топган. Танасини ҳалқасимон тангачалар қоплаган бўлиб, очиқ танали турлари кам учрайди.
Бош суякда тиш бўлмайди, бироқ қуйи томоқ суякларида 1-3 қатор бўғиз тишлари яхши ривожланган. Сузгичлари юмшоқ. Оғзи кўп ҳолларда сурилма бўлиб, аксарият турларида мўйлови бўлади. Одатда, 2-3 та камерадан ташкил топадиган катта сузгич пуфаги ичакларга боғланган. Урғочи балиқнинг жуссаси, одатда, эркак балиққа нисбатан йирикроқ бўлади.
Карпнамолар (Cyprinidae) оиласи ўз ичига жами 1800 тагача балиқ турини мужассам этади. Уларнинг аксарияти илиқ сувни афзал кўрса-да, айримлари қутб доирасидан нари ҳавзаларда яшайди. Уларнинг энг йирик тури – Жанубий Осиёда яшайдиган, узунлиги 3 метрга етадиган гигант сўзанбалиқ (Catlocarpio siamensis), энг майдаси эса узунлиги 5 сантиметрдан ошмайдиган дионда (Dionda diaboli) ва рангсиз нотропис (Notropis perpallidus) саналади.
Аксарият карпсимонлар чучук сувда ва фақат айрим турларигина нисбатан шўр ҳавзалар ва денгиз сувларида яшайди. Шунга қарамай, ўзининг ёпишқоқ увулдириғини чучук сувда, тош ёки сув ўсимлигининг юзасига сочади. Айрим турлари, чунончи, карпнамолар оиласига мансуб, бир хил номланадиган балиқлар уруғининг ягона тури саналадиган оқ амурнинг ((Ctenopharyngodon idella)) увулдириғи сув қаърида ривожланади. Қўштавақали моллюскаларнинг чиғаноқ бурмаси бўшлиғига тухум туғадиган горчакнинг (Rhodeus sericeus) кўпайиши эса ўзига хос кечади. Мазкур балиқлар туркумининг айрим турларида ота-оналик хулқи яхши ривожланган. Мисол учун, америка карпнамолари оиласига мансуб қора йўғонбош (Pimephales promelas) ва шимолий семотилус (Semotilus atromaculatus) каби, балиқлар уя ясаб, тухумини парвариш қилади. Аммо карпнамолар орасида ўз тухумини бошқа балиқлар тухуми орасига қўйиб кетадиган «какку қуш»лар ҳам учраб туради.
Турлараро ва уруғлар гибридлар яратиш айрим карпнамоларга хосдир. Чунончи, сунъий равишда товонбалиқ-карп гибридлари ҳосил қилингани маълум. Уларнинг айримлари серпушт бўлиб, янглиш равишда мустақил балиқ тури сифатида бир неча бор тавсифланган.
Кўплаб балиқ турларининг болалари зоопланктон билан озиқланса, катталарининг овқати турличадир. Мисол учун, елецлар уруғига мансуб зоғорабалиқ (Leuciscus cephalus) билан оққайроқ (Aspius aspius) йиртқич саналса, оқ амур ўтхўрдир. Подуст (Chondrostoma nasus) билан храмуля (Varicorhinus capoeta) тош ва ғўлалар сиртидаги қопламаларни қириб еса уклейка (Alburnus alburnus) сувдан сакраб чиқиб, ҳавза юзаси устида учиб юрган ҳашаротларни тутиб кун кечиради. Айрим балиқлар чуқур сув ости жониворлари ва ўсимликлари (бентос) билан озиқланади.
Аксарият карпнамолар азалдан овчилик объекти бўлган. Чунончи, хумбош балиқ (Hypophthalmichthys molitrix) Хитойда 2000 йилдан буён боқиб келинади. Бугунги кунда овланаётган балиқлар жумласига: карп (Cyprinus carpio), леш (Abramis brama), вобла (Rutilus rutilus caspicus), кўкбўйин (Leuciscus idus), қизилқанот (Scardinius erythrophthalmus) кабилар киради.
Ҳаммага маълум олтин балиқча кумуш тусли товонбалиқдан (Carasius auratus) 1- асрда Хитойда яратилган. Сун сулоласи ҳукм сурган даврда (10-13 асрлар) балиқларнинг манзарали зотлари оммавий равишда яратилиши бошланган. Японияликлар эса айни ўша даврда манзарали карп (кои) боқиб, кўпайтириш билан машғул бўлишган.
Бугунги кунга келиб, аквариумда боқиладиган карпсимон балиқларнинг кўплаб манзарали зотлари, жумладан, карпнамолар оиласига мансуб бўлиб, тропик ўлкаларда яшайдиган барбуслар (Barbus) ва брахиданиолар (Brachydanio), шунингдек, илонбалиқлар (Cobitidae) оиласига мансуб боция ҳамда гиринохейллар (Gyrinocheilidae) оиласига мансуб гиринохейл балиқлар яратилган.
Карпсимон балиқларнинг 66 та тури ва кенжа турлари Халқаро табиатни муҳофаза қилиш уюшмасининг (фран. Union internationale pour la conservation de la nature, IUCN) Қизил китобига киритилган.
Тилга эътибор - элга эътибор!

#2 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 20 октября 2013 - 22:52

КАРПНАМОЛАР (Cyprinidae), карпсимонлар туркумига мансуб, чучук сувда яшайдиган ва ўткинчи балиқлар оиласи бўлиб, ўз ичига қарийб 275 та уруғ ва 1700 дан ортиқ балиқ турини мужассам этади.
Морфологик жиҳатдан, ушбу балиқлар «тегирмон тош»и ва қуйи томоқ суякларида яхши ривожланган 1-3 қатор бўғиз тишлари мавжудлиги билан тавсифланади. Мўйлов ё умуман бўлмайди, ё 1-2 жуфт бўлади. Саккиз мўйловли қумбалиқ бундан истисно, албатта. Танасининг узунлиги 1,5 сантиметрдан 2 метрга қадар етади. Эркак балиқ урғочидан майда бўлса-да, хушбичим кўринади. Шимолий Америка, Евроосиё ва Африкада кенг тарқаган. XIX аср хотимасида Австралияга олиб кирилган.
Кўплаб карпнамо балиқлар, жумладан: вобла, леш, зоғорабалиқ, карп, рибец, човоқ балиқ, хумбош балиқ кабилар балиқчилик объекти ҳисобланади. Ушбу балиқлар оиласининг бир қатор уруғларига мансуб вакиллари, чунончи, барбус, данио, расбора, лабео, тилла балиқ ва кардиналлар аквариум балиқлари саналади. Уларнинг майда ва ўрта турлари тутқунликда 2 йилдан 5 йилгача, йирик турлари эса 10 йилдан 15 йилгача умр кўради.
Карпнамо балиқларнинг аксарият турлари гала таркибида яшайдиган, беозор, ҳаракатчан балиқлар бўлиб, аквариумда боқилаётган бошқа сув жониворлари билан муроса қила билади. Бунинг учун аквариум етарлича кенг, ўсимликларга бой, сузиш учун очиқ майдонга эга бўлиши лозим. Карпнамолар асосан илиқсевар бўлиб, қуруқ ва жонли емнинг ҳар қандай турини истеъмол қилаверади. Шунингдек, уларга қўшимча ем сифатида ўсимлик негизида тайёрланган ем бериб бориш тавсия этилади.
Жинсий балоғатга майда турлари 6-18 ойда, йирик турлари 3-4 йилда етилади. Уруғ сочиш жараёни жуфт ёки гуруҳ таркибида кечади. Карпнамоларнинг 30 дан ортиқ тури IUCN Халқаро табиатни муҳофаза қилиш уюшмасининг Қизил китобига киритилган.

БАРБУСЛАР (Barbus), карпнамолар оиласига мансуб балиқлар уруғи. Асосан Африка, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий-Шарқий Осиё ва Индонезия, бир неча тури Европа сув ҳавзаларида яшайди.
Бугунги кунга келиб, жамики барбусларни Жорж Кювье томонидан 1817 йили белгиланган битта барбуслар уруғига мансуб, деб эътироф этиш қабул қилинган (Кювье (Cuvier) Жорж Леопольд (1769 йил 23 август куни Монбельярда туғилган, 1832 йил 13 май куни Парижда вафот этган), франциялик зоолог, қиёсий анатомия, палеонтология ва ҳайвонлар систематикасининг асосчиси, Петербург Фанлар академиясининг хорижий фахрий аъзоси (1802 йили)).
Евроосиё барбуслари орасида овланадиган йирик балиқлар, чунончи, сўзанбалиқ ҳам учрайди. Барбусларнинг қарийб 50 та ранг-баранг тури аквариумларда боқилади. Жамики аквариум барбуслари Осиё ёки Осиё-Африка сув ҳавзаларида яшайдиган, оғзи танасининг учи ёки пастки қисмида жойлашган, думи икки қанотли майда балиқлардир.
Аквариумда Суматра барбуси (Barbus tetrazona), алвон барбус (Одесса барбуси), қора барбус (Barbus nigrofasciatus, 1868), масхарабоз-барбус (Barbus everetti, 1894), яшил барбус каби барбуслар боқилади.
Ушбу уруққа мансуб балиқлар танасининг узунлиги 10-12 сантиметрга етиб, эркакларининг аксарияти урғочиларга нисбатан хушбичим, майдароқ, ранги ёрқинроқ бўлади.
Балиқларнинг кам деганда олти бошдан иборат гала таркибида яшайдиган мазкур уруғи асосан беозор бўлса-да, жуссаси йирик, ҳаракати суст балиқларнинг сузгичларини, айниқса, парда ва ип шаклидаги сузгичларини тишлаб узиши мумкин. Ушбу ўйноқи балиқлар ниҳоятда ҳаракатчанлиги ва ирғийдиган одати борлигини инобатга олган ҳолда, уларни ўрта ўлчамли, усти ёпиқ узун аквариумда боқиш талаб этилади. Аквариум сувининг ҳарорати 20-25°С даража илиқ, қаттиқлиги (dH) 4-10°, кислота миқдори (pH) 6,5-7,5, карбонат қаттиқлиги (kh) 2° гача бўлиши, шунингдек, аквариум эса табиий ёритилган, сунъий ёруғлик қуввати 0,25 Вт/л, сувда сузиб ўсадиган ва аквариум қумига экиладиган сув ўсимликлари, тош ва ғўлаларга, энг муҳими, балиқ бемалол сузиши учун етарлича кенг очиқ майдонга эга бўлиши лозим. Сув таркиби масаласида, ушбу балиқлар талабчан эмас, бироқ уни ҳавога тўйинтириб, фильтрлаш шарт.
Мулоҳаза юритилаётган балиқлар жонли, қуруқ ва сунъий емларни истеъмол қилади. Ортиқча семириб кетиши ва касалланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ўсимликлардан, жумладан, қоҳу (рус. салат), исмалоқ, момақаймоқ кабилардан иборат қўшимча ем бериб бориш талаб этилади. Шуни ҳам назарда тутмоқ жоизки, агар барбусларга ўсимлик негизидаги қўшимча ем берилмаса, улар аквариумда униб чиққан сув ўсимликларининг ёш ниҳолларини еб битиради. Барбусларнинг кўплаб турлари табиатда кам учрайдиган бўлиб қолган. Уларнинг 16 та тури Халқаро табиатни муҳофаза қилиш уюшмасининг ( фран. Union internationale pour la conservation de la nature, IUCN) Қизил китобига киритилган.

Интернет тармоғи саҳифаларида барбусларнинг расмлари етарлича бўлгани боис, ушбу мавзуда ўз аквариумимда яшаётган барбусларнинг суратларидан ташқари, бошқа расм келтиришни лозим топмадим.
Тилга эътибор - элга эътибор!

#3 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 20 октября 2013 - 22:57

СУМАТРА БАРБУСИ (Barbus tetrazona) (бошқа номлари: Puntius tetrazona, Tiger Barb, йўлбарс (рус. тигровый) барбус), Индонезияга қарашли Малей архипелагидаги Суматра ороли ҳамда Индонезия, Малайзия, Бруней-Доруссалом давлатлари жойлашган Калимантан оролидаги сув ҳавзаларида яшайдиган карпнамолар оиласига мансуб балиқ.
Европага 1935 йили, собиқ ССРИ ҳудудига 1947 йили олиб келинган ушбу балиқни аквариумда боқиш кенг русум бўлган.
Суматра барбусининг тўртта вертикал, кўмирдай қора чизиқ кесиб ўтадиган, икки ёни ясси танаси миқти, баланд, узунлиги 7 сантиметрга қадар етиб, қизғиш (оч жигар ранг қизғиш), бел соҳаси эса оч жигар ранг яшил тусга эга бўлиш баробарида, тилла тусда товланади. Орқа сузгичининг асоси қора бўлиб, қизил ҳошияга эга. Дум сузгичидаги қизил қанотларнинг ўртаси рангсиз. Эркак балиқнинг тумшуғи ва бир жуфт қорин сузгичи тўқ қизил тусга эга. Урғочи балиқнинг қорин соҳаси эркак балиқникига қараганда тўлишган, ранги хира кўринади.

Изображение

Селекция йўли билан Суматра барбусининг янги, хусусан: асосий ранги тўқ яшил кўринадиган яшил (рус. мшистый) барбус, альбинос барбус, қизил барбус (ушбу балиқ тури орасида танасини кесиб ўтадиган вертикал чизиқли вакиллар бракка чиқарилади) ва сузгичи парда шаклига эга турлари ҳосил қилинган. Бундай мутант балиқлар иссиқсевар бўлиб, боқиш масаласида анча талабчандир.
Ҳар нарсани еб, гала таркибида яшайдиган ушбу балиқ беозор саналса-да, бошқа балиқларнинг сузгичларини тишлаб узиши мумкин. Агар аквариумда фақат бир жуфти боқиладиган бўлса, Суматра барбуси тажовузкор табиатга эга бўлиб қолиб, бошқа балиқларга тинчлик бермаслиги мумкин. Гала таркиби 6 бошдан кам бўлмаса, улар ўзлари билан ўзлари овора бўлиб, етакчилик учун кураш олиб боришади.
Таассуфки, ушбу балиқ меъёрни билмай, бўкиб овқатланишга мойил. Шу боис, балиққа берилаётган ем миқдорини кузатиб бормоқ зарур. Берилган ем 5-6 дақиқа давомида еб битирилиши лозим, ортган ем қолдиғини аквариумдан чиқариб олган маъқулдир. Ҳафтада бир кун аквариум балиқларини умуман овқатлантирмаслик тавсия этилади.

Изображение

Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, «мутант барбуслар» Суматра барбусининг табиатда яшайдиган шаклига нисбатан нозик ва инжиқ бўлади. Шу боис, бирга боқиладиган балиқларнинг ёши 9-12 ойдан кичик бўлмагани яхши. Акс ҳолда, улар, ўзларининг нисбатан серғайрат қабиладошлари билан рақобат қила олишмайди. Жинсий жиҳатдан 12 ойда етилиб, 500 донага қадар увулдириқ сочади, тахминан 3-4 йил умр кўради.

Изображение

Суматра барбусларини кўпайтириш қийин кечмайди. Умуман айтганда, барбуслар умумий аквариумда ҳам увулдириқ сочиши мумкин, албатта. Бироқ бунда увулдириқ ҳам, уни эндигина ёриб чиққан майда балиқлар ҳам бошқа балиқларга ем бўлиши табиий.
Барбус кўпайтириш учун, одатда ҳажми 10 – 20 литр келадиган алоҳида аквариум тутилади. Насл олинадиган эркак ва урғочи балиқлар бир ой олдин ажратилиб, ҳарорати нисбатан совуқроқ сувда боқилади ва ҳаддан ортиқ семириб кетишига йўл қўймаслик мақсадида ёғсиз ем (чивин ғумбаги ёки планктон қисқичбақасимонларга мансуб дафния) билан боқилади. Увулдириқ сочишга тайёр бўлиб қолган урғочининг қорин соҳаси аниқ ифодаланганча, шишиб кўринади. Туғруқхона-аквариумга қуйиладиган сув насл олинадиган балиқлар яшаган аквариумдан олинади. Модомики, балиқ ўз увулдириғини еб қўяр экан, туғруқхона-аквариум тубига майда баргли сув ўсимликлари, чунончи, патсимон барг (рус. перистолистник) жойланиб, кичик тошлар билан бостириб қўйилади.

Изображение

Агар қуйида баён этилган бир қатор шартларга амал қилсангиз, барбусларингиз узоқ яшаб, Сизни ҳам, оила аъзоларингизни ҳам қувонтириб юради. Жумладан:
балиқларга ҳаддан ортиқ ем бериш мумкин эмас. Негаки, семиз балиқнинг умри узоққа чўзилмайди;
увулдириғи ичида қолиб кетган урғочи балиқнинг тухумдонида шиш ҳосил бўлиб, балиқнинг нобуд бўлишига сабаб бўлади. Бундай нохуш ҳолатнинг олдини олиш учун ҳар йили икки-уч маротаба аквариум сувини икки кун давомида 28 градусга қадар кўтариш, одатдагидан кўпроқ ҳажмини алмаштириш тавсия этилади. Шундай қилинса, балиқ ўз увулдириғини тўкиб юборади.

Сообщение отредактировал Dolimov: 20 октября 2013 - 22:59

Тилга эътибор - элга эътибор!

#4 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 20 октября 2013 - 23:03

АЛВОН БАРБУС, Ҳиндисдон ва Ҳинд океанининг Шри-Ланка оролида, Ҳиндистон яриморолининг чеккасида жойлашган, 1972 йилгача Цейлон деб номланган Жанубий Осиёдаги Шри-Ланка Демократик Социалистик Республикасининг сув ҳавзаларида яшайдиган карпнамолар оиласига мансуб, аквариумда боқиш кенг русум бўлган, Европага 1903 йили олиб келинган балиқ.
Танаси миқти бўлиб, улғайган сари 10 сантиметрга қадар чўзилади. Эркак балиқнинг танаси пушти ранг бўлиб, орқа сузгичи қорамтир холли, қорин сузгичлари қизил кўринади. Ойқулоқ қопқоғининг ортида ва дум поясининг асосида қорамтир хол яққол кўринади. Эркак балиқ урғочига нисбатан хушбичим, майдароқ, ранги ёрқинроқ бўлади.

Изображение

Алвон барбусдан одесса барбуси, дея ном берилган балиқ зоти яратилган. Унинг танаси хира яшил жигар ранг бўлиб, дум сузгичидан ташқари барча сузгичлари холдор кўринади. Уруғ сочадиган вақт етгач, эркак балиқ танасининг узунасига ёрқин қизил чизиқ ҳосил бўлади. Алвон барбусга яқин балиқ тури тикто барбуси (Barbus ticto, 1822) саналади. Унинг қора доққа эга орқа сузгичи тўқ қизил бўлади.
Мулоҳаза юритилаётган балиқ гала таркибида яшайдиган беозор балиқлар сирасига кириб, 400 донага яқин уруғ сочади.

ҚОРА БАРБУС (Barbus nigrofasciatus,1868), Шри-Ланка оролининг сув ҳавзаларида яшайдиган, карпнамолар оиласига мансуб, аквариум балиқчилигининг объекти саналадиган балиқ.
Кумуш тусда товланадиган сарғиш танаси миқти, баланд бўлиб, узунлиги 6 сантиметрга қадар етади ва уни учта вертикал тушган кенг қора чизиқ кесиб ўтади. Ушбу чизиқлар ёш балиқ танасида у қадар яхши кўринмайди. Орқа сузгичи қора.
Уруғ сочадиган вақт етганда эркак балиқ танасининг олд қисми қизариб кетиб, бош соҳаси қирмизи қора тус олади, орқа қисми эса қорайиб, яшил тусда товланади. Урғочи балиқнинг жуссаси кичикроқ бўлиб, ранги хира кўринади.
Мулоҳаза юритилаётган балиқ ҳар нарсани еб, гала таркибида яшайдиган беозор балиқлар сирасига киради. Қарийб 400 донага уруғ сочадиган қора барбус жинсий балоғатга 5-8 ойда етади.

МАСХАРАБОЗ БАРБУС (Barbus everetti, 1894, Эверетта барбуси), Ҳиндихитойнинг жанубий чеккаси. Британия Ҳамдўстлиги таркибига кирадиган Малайзия Федерацияси, 1939 йилгача ва 1945 – 48 йилларда Синам, деб аталган Таиланд Қироллиги, Сингапур Республикаси жойлашган Малакка яримороли ва Калимантан оролидаги сув ҳавзаларида яшайдиган карпнамолар оиласига мансуб, аквариумда боқиш кенг русум бўлган балиқ.
Тилла тус бериб товланадиган пушти жигар ранг танаси улғайган сари 10 сантиметрга қадар чўзилади, қорин соҳаси кумуш тусли оқ рангда кўринади. Иккала ёнбошида бир текис жойлашган бир нечта қорамтир доғ бор. Эркак балиқ урғочига нисбатан хушбичим, майдароқ, ранги ёрқинроқ бўлади.
Ҳар нарсани еб, гала таркибида яшайдиган ушбу балиқ беозор балиқлар сирасига киради. Қарийб 500 донага уруғ сочадиган масхарабоз барбус жинсий балоғатга 8 ойда етади.

СУЗГИЧИ ҚИРМИЗИ БАРБУС (Barbus stoliczkae), Мьянма ҳудудидаги Иравади дарёси этагининг ҳавзаси ва Таиланд сув ҳавзаларида яшайдиган карпнамолар оиласига мансуб балиқ.
Мовий кумуш тусли, йирик тангачалар қоплаган, тухумсимон ясси танасининг узунлиги 6 сантиметрга етиб, орқаси оч жигар рангдан кул ранг яшил тусга қадар, қорин соҳаси эса оқ тусда кўринади. Тангачаларининг қорамтир четлари танасида тўр расмини ҳосил қилади. Рангдор кўз пардасининг тепа қисми қирмизи тусга эга. Ойқулоқ қопқоғининг ортида ва дум поясининг асосида тилла тусли ҳошияга эга қорамтир хол яққол кўринади. Эркак балиқ урғочига нисбатан хушбичим, ранги ёрқинроқ бўлади. Унинг орқа сузгичи қирмизи бўлиб, қора ҳошия билан якун топади. Қолган сузгичлари сарғиш тусдан қирмизи тусга қадар кўринади. Урғочи балиқнинг орқа сузгичи оч қирмизи, қолган сузгичлари рангсиз бўлади.
Ниҳоятда ҳаракатчан, тоза сувни хуш кўрмайдиган, беозор балиқлар сирасига кирадиган ушбу балиқ гала таркибида, сувнинг барча қатламларида яшайди. Қарийб 300 донага уруғ сочадиган сузгичи қирмизи барбус жинсий балоғатга 6 ойда етади.

АФРИКА БАРБУСИ (Barbodes ablabes, Bleeker, 1863), аквариум балиқчилигининг объекти саналадиган, карпнамолар оиласига мансуб балиқ тури.
Африка сўзанбалиқлари жумласига кирадиган, бир қатор турлари йирик, кўпларининг ранги кўримсиз, танасининг узунлиги 10 сантиметрга қадар етадиган Африка барбуси аквариумларда камдан-кам учрайди.
Эркак балиқ урғочига нисбатан хушбичим бўлиб, сузгичлари малла тусда кўринади. Африка барбуси ҳаддан ортиқ тез кўпайиб, бир жуфти қарийб мингта бола беради.
Жонли ва қуруқ емнинг оддий навларини еб яшайдиган ушбу балиқни ёз ойларида очиқ ҳавода жойлашган бассейнда боқиш мумкин. Аквариумчилар Африка барбусига ўзига хос бўлмаган Barbodes gambiensis номини беришган.

ОЛЧА РАНГ БАРБУС (Barbus titteya Deraniyagala,1929), Шри-Ланка ҳудудидаги анҳор ва дарёларда яшайдиган карпнамолар оиласига мансуб балиқ.
Бошқа барбусларга нисбатан кичик, узунлиги 5 сантиметрга қадар етадиган ушбу барбуснинг танаси хушбичим бўлиб, зоғорабалиқни эслатади. Ранги қизғиш жигар ранг, кўпайиш даврида қизил тус олади. Ёнбошида узунасига қорамтир чизиқ тортилган бўлиб, ушбу чизиқ тепасидан тилла тусли чизиқ ўтади. Сузгичлари қизил. Урғочининг ранги эркак балиққа нисбатан хира бўлади.
Ҳар нарсани еб, аквариум сувининг қуйи ва ўрта қатламида гала таркибида яшайдиган олча ранг барбус, беозор балиқлар сирасига кириб, табиатан бироз ҳуркаклиги кузатилади. Шунга қарамай, ушбу барбуслар бир-бири билан тез-тез олишиб туришади.
Қарийб 250 донага уруғ сочадиган ушбу балиқ жинсий балоғатга 8 ойда етади.
Тилга эътибор - элга эътибор!

#5 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 20 октября 2013 - 23:09

Муҳтарам форумдошлар ва сайтимиз меҳмонлари!
Эътиборингизга Тошкент аквариум сайтининг бош маъмури, соҳанинг йирик мутахассиси Владислав Губенконинг қаламига мансуб мақола таржимасини ҳавола этмоқдаман.

СУМАТРА БАРБУСИ, МУТАНТ БАРБУС, ЯШИЛ БАРБУС.
АКВАРИУМДА БАРБУС БОҚИШ ҚОИДАЛАРИ.



http://www.aquatropic.uz/r3/r3.m1.html

Владислав Губенко

Таржимон Шокир Долимов



Барбуслар Тошкентда

Аквариум балиқларининг деярли барча ишқивозлари тропик аквариумнинг ушбу қувноқ жониворларини учратган, албатта. Барбусларга оид маълумотлар керагидан ортиқдир. Шундай экан, уларни такрорлаб ўтирмай, уларни боқиш ва кўпайтириш борасидаги ўз тажрибам билан ўртоқлашиб ўтаман.
Суматра барбуслари Тошкентда азалдан, ниҳоятда кўп миқдорда кўпайтириб келинади ва шу сабабли улар арзон балиқлар сирасига киради. Шубҳа йўқ-ки, ушбу омил, мулоҳаза юритилаётган балиқнинг ишқивоз-аквариумчилар орасида кенг оммалашганига асосий сабаб бўлган.
Арзон бўлишига қарамай, Суматра балиқларининг ташқи кўриниши жозибадор, табиати дилкашдир. Бироқ сўнгги вақтда, Тошкентда барбуслар эътибордан чиқиб бораётгани кузатилмоқда.
Негадир уларга, бошқа, хатти-ҳаракати нисбатан суст кечадиган балиқлар яшаётган аквариумда «безорилик» қиладиган «тўполончилар» сифатида қараш русум бўлиб қолди. Ҳаттоки, барбуслар, аллақайси аквариумдаги қандайдир «шўрпешана балиқни еб қўйишибди», деган миш-миш гаплар ҳам тарқалмоқда. Бундай бўҳтонларни эшитгач, барбусларни йиртқич балиқлар сирасига киритиш мумкин эмаслиги, уларнинг уришқоқ табиатларини эса тегишли шарт-шароитлар яратиш йўли билан тийиш мумкинлигини такрор ва такрор исбот қилиб боримга тўғри келмоқда.

Изображение

Изображение

Изображение
Тилга эътибор - элга эътибор!

#6 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 20 октября 2013 - 23:11

Қайси балиқларни барбуслар билан бирга боқиш мумкин. Барбус боқиладиган аквариум ҳажми.

«Суматраликлар»ни қайси балиқлар билан ва қандай қилиб боқиш керак?
Ушбу балиқларни кичик ҳажмли, яъни тахминан 20 литрли ва 100 литр ва ундан катта ҳажмли аквариумларда боқиш мумкин. Табиийки, ушбу ҳажмда аквариум қуми (майда тошли шағал) ва кўплаб сув ўсимликлари бўлиши лозим. Лекин айни вақтда, барбуслар бемалол сузиб юришлари учун етарлича очиқ майдон ҳам бўлиши талаб этилади.
Барбус боқилаётган аквариум суви ниҳоятда тоза бўлиши шарт. Бунинг учун аквариум турбинали фильтр билан жиҳозланиши лозим. Сувнинг тахминан учдан бир қисми ҳар ҳафтада бир маротаба, бир сутка давомида олдиндан тиндириб қўйилган водопровод сувига янгиланиб бориши керак. Барбуслар илиқ сувда яшаши, совуқ сувга бардош бериши қийин кечишини инобатга олган ҳолда, сув ҳарорати доимо 25-30 градус илиқ бўлишини кузатиб бормоқ даркор.
Ва ниҳоят, энг асосийси, аквариум сувини кеча-ю, кундуз ҳавога тўйинтириб борилиши шарт! Барбуслар кислород танқислигига мутлақо бардош бера олишмайди. Минг афсуски, аксарият ҳолларда, ушбу балиқлар айнан шу сабабли нобуд бўлади.
Аквариумдаги барбус сони унинг ҳажмига боғлиқдир. Ҳажми 50 литр келадиган аквариумдаги барбус сони 10-15 бошдан ошиб кетмаслиги лозим. Бунда, эркак барбуслар билан урғочиларининг орасидаги нисбат, гарчи эркак балиқлар хушбичим, ёрқин кўринса-да, ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмайди. Барбусларни деярли барча турдаги балиқлар билан бирга боқса бўлади.
Ҳа, чиндан ҳам, барбуслар узун сузгичли балиқларнинг, чунончи, скалярийларнинг сузгичини тишлаб узиши мумкин, лекин бундай ҳолат балиқнинг ўспиринлик ёшида, яхши боқилмаганда кузатилади. Бундан ташқари, зикр этилган ҳолат, балиқлар сони ҳаддан ортиқ кўп бўлган аквариумда рўй беради. Бунга эса аквариум соҳибидан бошқа ҳеч ким айбдор эмас.

Барбусга бериладиган ем

Барбусларга ем, гарчи улар доим ем қидириб, бўкиб қолар даражада овқатланса-да, тез-тез, лекин оз-оздан берилади. Ем қанчалик сифатли ва турли-туман бўлса, барбусларнинг ранги шу қадар очиқ бўлади. Шахсан мен, уларга янги ва музлатилган чивин ғумбаги ва обдан чайилиб, узоқ сақланган чувалчанг бераман. Барбусга дафния, циклоп каби майда қисқичбақалар ҳамда четдан келтирилган юқори сифатли донадор ем берилгани ҳам маъқул. Қўшимча ем сифатида эса ўсимлик, чунончи, вольфия доналарини бериш лозим.

Яшил барбус, мутант барбус

Сўзимни якунлар эканман, сунъий равишда яратилган яшил, мутант барбус тўғрисида бироз тўхталиб ўтмоқчиман. Тахминан ўн беш йил муқаддам, ушбу балиқ зоти Тошкентда камёб саналар ва табиийки, жуда қиммат турар эди. Бироқ вақт ўтиб, тошкентлик аквариумчилар, харидорлар талабини қаноатлантириш учун, ушбу хушрўй тўқ яшил балиқчаларни кўпайтириш йўлларини ўзлаштириб олишди.
«Мутант»ларни боқиш шароитлари «суматраликлар»ни боқиш шароитларидан кўп фарқ қилмайди. Фақат сув ҳарорати кескин ўзгаришига йўл қўймаслик, уни тез-тез янгилаб бориш талаб этилади холос. Кўпайтириш усуллари ҳам бир хил кечади, бироқ балиқ болалари, яхши боқилса-да, нисбатан секин улғаяди.

Гарчи, барбуслар ҳақида кўп гапириш мумкин бўлса-да, шу билан ушбу қувноқ балиқлар ҳақидаги ҳикоямни якунига етказаман. Агар барбуслар бўлмаса, аквариумларимизда маъюс муҳит қарор топиб, кўркамлигини йўқотган бўлар эди.
Тилга эътибор - элга эътибор!

#7 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 22 октября 2013 - 22:46

Мусаҳҳиҳлик ишлари учун фейсбуклик дўстим Dilshod Bek дан бағоят миннатдорман!
Тилга эътибор - элга эътибор!




Ответить



  

Похожие темы

Нет похожих тем



Количество пользователей, читающих эту тему: 1

0 пользователей, 1 гостей, 0 анонимных

кликните, чтобы возвратиться на верх страницы
Яндекс.Метрика