Перевод от IpbZona


Вход

Забыли свой пароль?

Зарегистрироваться

Я забыл свой пароль
  
Войти или зарегистрироваться

Перейти к содержимому


Информация для посетителей форума

Приветствуем вас и приглашаем к интересному и полезному общению!
Для использования всего функционала форума необходимо пройти процедуру регистрации, при этом она считается успешно завершенной, если новый участник получает на свой почтовый ящик специальное уведомление от администрации. Если по каким-то причинам этого не происходит, просим отправлять запросы на адрес info@aquatropic.uz

Внимание! Гости могут оставлять свои сообщения на форуме в ограниченном режиме без регистрации.

Шпрот ёки аквариумга нечта балиқ сиғади?


Сообщений в теме: 12

#1 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 15 августа 2013 - 18:09

Муҳтарам форумдошлар ва сайтимиз меҳмонлари!

Эътиборингизга ўз фикр-мулоҳазаларини «Петушки (Betta splendens) Московского разведения» сайти саҳифаларида билдириб борадиган соҳа мутахассиси Алексей Загребельнийнинг қаламига мансуб навбатдаги мақола таржимасини ҳавола этмоқдаман.

ШПРОТ

http://betta.zagrebe...er/sprotes.html

Алексей Загребельний

Таржимон Шокир Долимов



Илк аквариумимга ўспиринлик давримда, аниқроқ айтадиган бўлсам, 1986 йили эришганман. Бундан сал бурунроқ эса дадамга, нисбатан арзон нархда чехлар томонидан чоп этилган аквариум иши тўғрисидаги китоб учраб қолган экан. Ўша йиллари китоб бозорида соҳага оид адабиёт анқо уруғидай гап эди. Сувга оид, аквариум балиғининг ҳар хил зотлари учун белгиланган талабларни диққат билан ўрганиб, боқиш борасида ўзаро мос келадиган кўрсаткичлар бўйича балиқлар рўйхатини тузганча, қимматли китобнинг ҳар бир саҳифасини ярим йил ичида пухта ўзлаштириб, ёд олган эдим.
Ҳаётимдаги биринчи аквариумим ва илк балиқларимни тавсифлаб бериш ниятим йўқ. Аквариум ишига оид материаллар ўшанда жуда оз, китоблар қиммат бўлса ҳам, уларда баён этилган маълумотлар арзигулик эди.
Мана, орадан 26 йил ўтгач, Интернет тармоғининг шарофати ҳамда ҳаваскор ва профессионал аквариум соҳибларининг саъй-ҳаракати ила аквариум балиғининг ҳар қандай зотига оид маълумотлар, шу жумладан, фото ва ҳатто видео материалларни саноқли дақиқалар ичида қўлга киритиш имконига эга бўлдик. Бироқ шўрлик аквариум балиқларининг бахтига қарши Интернет тармоғи фойдаланувчиларининг аксарият қисми балиқ боқиш ҳақида зиғирдай бўлсин, тасаввурга эга бўлмай, «кўрганимни олдим» қабилида иш тутишади.
Аквариумга балиқнинг қайси зотлари-ю, нечтасини киритиш борасида келиб-келиб ҳайвонот дўкони сотувчиларидан маслаҳат сўралганда эса аҳвол янада аянчли тус олади. Умрим бўйи Москва шаҳрининг аквариум балиғи сотиладиган ҳайвонот дўконларида фаолият юритаётган сотувчилар билан мулоқот қилиб, тўпланган ҳаётий тажрибамга асосланган ҳолда баёнот қиламан-ки, уларнинг 80-85 фоизи аквариум иши ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмайди. Зеро, бундай сотувчиларнинг олдига қўйиладиган энг асосий вазифа – балиқни ўлдириб қўйиб, зарар кўргандан, харидор қўлига ҳозирнинг ўзида имкон қадар кўпроқ балиқ ушлатиб қўйиш ва бу ҳам камлик қилгандай, қулоғига бир қозон лағмон илиб жўнатишдан иборатдир.

Ҳайвонот дўконидаги аквариум секциясининг сотувчи-маслаҳатчиси лавозимига даъвогар бўлган одамлар орасидан аквариум соҳиби бўлмаган, яъни ҳаётида бирор кун бўлсин, балиқ боқмаган (мол ўғирланмаслиги учун бўлса керак) ҳамда муқаддам қаерда, нима сотганидан қатъи назар сотувчи-кассир бўлиб ишлаган кишилар саралаб олиниши – ходимларни ишга олишнинг асосий мезони бўлган бир нечта ҳайвонот дўконини шахсан ўзим биламан. Зикр этилган лавозимга ишга олинган сотувчи харидорнинг кўзига лўқ қараб туриб шунақанги алжирайди-ки, бечора балиқ ҳаёти-ю, соғлигини ўйлаган кишининг юраги орқага тортиб кетади. Тўғри-да, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, сотилган жонивор қайтариб олинмайди, бошқасига алиштириб берилмайди, устига устак: «Сиз балиқни нотўғри парвариш қилгансиз» ёки «Ёмон боққансиз» каби, юзлаб «далиллар» ила айб харидор зиммасига тўла-тўкис юкланади-қўйилади. Шундан сўнг, ҳамдардлик билан омон қолган, бироқ касал бўлиб, ўлар ҳолатга келиб қолган балиқларингиз учун зарурий (ва яна имкон қадар кўпроқ) дори-дармон танлашга ёрдам бериб юборишади.

Москванинг шахсан ўзим биладиган 40 дан зиёд ҳайвонот дўконлари орасидан атиги иккита дўкондагина харидорни, унинг ихтиёридаги аквариум шароитлари тўғри келмагани учун балиқ олиш ниятидан қайтарилганини кўрганман холос. Аҳвол жуда ёмон, ҳар бурчакда сурбет, устомон сотувчи-«аквариумчи» аквариум ишига эндигина киришган «думбуллар»ни пойлаб ўтиришади.

Хўш, иш шу қадар пачава экан, вазиятдан чиқишнинг бирон-бир йўли борми?
Жавобим оддий: дўконга харид қилиниши олдиндан режалаштирилган, сони ихтиёрингиздаги аквариум хусусиятлари инобатга олинган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган муайян балиқ зотини олиш мақсадидагина ташриф буюринг.
Бироқ бу ишнинг уддасидан чиқиш у қадар осон эмас. Негаки, Сиздан дастлаб Интернет тармоғи саҳифаларида тегишли қидирув амалларини бажариш, балиқ зотларига оид маълумотлар билан танишиб чиқиш ва мазкур мақолани охиригача ўқиб чиқиб, тавсияларимни диққат билан ўрганиб чиқиш талаб этилади.

Шундай қилиб Сиз, уйда ёки идорада аквариум соҳиби бўлишга қатъий аҳд қилиб, унга, ўтган мақолаларимда санаб ўтилган тавсияларни инобатга олган ҳолда тегишли жой танладингиз ва ҳафтанинг муайян вақтини ихтиёрингиздаги сув ости дунёсини парвариш қилиш учун аниқ белгиладингиз.
Жуда соз! Энди энг муҳим иш – бўлажак аквариум ҳажмини белгилаш қолди. Яъни дастлаб, ўз аквариумингизнинг литр ҳисобидаги номинал ҳажмини ҳисоблаб чиқасиз. Бунинг учун аквариумнинг узунлиги, эни ва бўйини дециметр ҳисобига ўтказиб, рақамларни бир-бирига кўпайтириш лозим (ушбу формула тўғри бурчакли аквариумлар учун қўлланилади). Шундан сўнг, аквариумга қуйиладиган сув ҳажмини ҳисоблаб чиқариш талаб этилади, яъни аквариумнинг номинал ҳажмидан аквариум қуми, манзарали тош ва ички жиҳозлар эгаллайдиган ҳажм қиймати айрилади. Ҳосил бўлган рақамни (сув ҳажмининг қийматини) қуйида, аквариумга киритиладиган балиқ сонини ҳисоблаб чиқариш жараёнида қўллаб борамиз.

Энди балиқ танлашга киришамиз. Аквариум балиғини боқиш ишини табиатда, айнан битта минтақада яшайдиган балиқларни танлашдан бошлашни тавсия этган бўлар эдим. Негаки, улар учун сув таркиби бир хил бўлиб, бу борадаги жоиз муаммо-ю, бош оғриқлардан халос бўласиз. Балиқ масаласида қарор қабул қилгач, аквариум сайтларидан ҳар қандай бирига кириб, боқиш ният қилинган ҳар бир балиқ зотининг танаси вояга етганида максимал неча сантиметрга етишини аниқлаб олинг. Агар танланган балиқ танасининг узунлиги 7 сантиметрга қадар етадиган бўлса, вояга етишининг максимал узунлигини 7 см, деб қабул қиламиз. Агар балиқ зотида жинсий деформизм, яъни эркак балиқ урғочидан йирик ёки аксинча бўлиши яққол кузатилса, энг узун ўлчамни оламиз. Мисол учун, гуппиларнинг айрим зотларида эркак балиқ 4 см, урғочи 6 сантиметрга қадар етади. Демак, ҳисоб-китоб амаллари учун, ушбу балиқ турининг максимал узунлигини 6 см, деб қабул қиламиз. Мазкур масалага алоҳида вақт ажратишга эринманг. Зотан, аквариум ишида шошма-шошарликка йўл қўйиб бўлмайди.
Хўш, мана ниҳоят, вояга етишининг максимал узунлигини акс эттирилган балиқлар рўйхати олдингизда ётибди. Ана энди ҳисоб-китоб амалларига киришамиз.
Дастлаб, аквариумга киритиладиган балиқ сонининг зичлигини аниқлаш лозим. Чунки ушбу тушунча балиқ танасининг узунлиги билан ушбу узунлик учун талаб этиладиган литр ҳисобидаги сув миқдорининг нисбатини англатади.
Балиқ сонининг зичлиги юқори бўлишига йўл қўйиладиган тақдирда балиқ танасининг ҳар 1 сантиметрига кам деганда 1 литр сув тўғри келиши керак. Яъни бундай нисбатда аквариумдаги сувнинг жамики ҳажмини бирга бир қийматда литрдан сантиметрга ўтказамиз ва натижада балиқлар узунлигининг умумий лимитини ҳосил қиламиз.
Айтайлик, аквариумнинг номинал ҳажми 20 литр. Энди ундан аквариум қуми, манзарали тош ва ички жиҳозлар эгаллайдиган ҳажм қийматини айирамиз. Дейлик, 16 литр қолди. Демак, ушбу аквариумда боқиладиган балиқ танасининг умумий узунлиги 16 сантиметрни ташкил этади.
Бошқача айтганда, балиқлар узунлигининг умумий лимити ҳосил қилингач, бўлажак аквариум хўжалигини ушбу лимитга сиғдиришга уринганча, йўл қўйиладиган умумий узунлик қийматини боқиш ният қилинган балиқ танасининг максимал узунлигига бўламиз.
Мисол учун, ҳажми 20 литрли аквариумда 16 литр сув бўлиб, лимити 16 сантиметрни ташкил этди. Ушбу аквариумда танасининг максимал узунлиги 4 сантиметрга қадар етадиган неон боқишни ният қилганмиз. Демак, 16 сантиметрни 4 сантиметрга бўламиз ва ихтиёримиздаги аквариумда 4 бош неон боқишимиз мумкинлигини аниқлаймиз.
Агар неондан ташқари, бошқа балиқ зотини ҳам боқишни ният қилган бўлсангиз, ўша балиқ зотини ҳам инобатга олган ҳолда, ҳисоб-китоб амалларини янгитдан бажаришингиз лозим. Негаки, лимит аквариумда яшайдиган балиқ зоти учун эмас жамики балиқ сони учун белгиланган. Яъни неондан ташқари, айтайлик эритрозонус боқадиган бўлсангиз (ушбу балиқ танаси ҳам 4 сантиметрга етади), аквариумга 2 бош неон ва 2 бош эритрозонус киритиш мумкин бўлади. Бироқ зикр этилган балиқ зотлари гала таркибида яшайдиган балиқлар туркумига киришини инобатга оладиган бўлсак, мулоҳаза юритилаётган балиқ зотларининг бирини танлашга, яъни ё неон ё эритрозонус боқишга тўғри келади. Негаки, 2 бош балиқни, ўзингиз тушунасиз, гала деб бўлмайди.
Тилга эътибор - элга эътибор!

#2 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 15 августа 2013 - 18:13

Аквариумга киритилган балиқ сонининг зичлиги юқори бўлса, нима қилиш керак?
Биринчидан, аквариум ҳолатини диққат билан кузатиб бориш, яъни:
ҳар ҳафта аквариум сувининг 30 фоизини янгилаш;
балиққа ортиқча ем бермаслик ва ҳафта кунларининг бирида умуман овқатлантирмаслик;
фильтрни ўз вақтида тозалаб бориш, хусусан, фильтрлаш материалини фақат аквариумдан тўкиб олинган сувда, кир ювиш воситасини қўлламай ювиш;
аквариумни кеча кундуз ҳаво билан таъминлаш, хусусан, компрессорни ишга тушириш ёки сувни ҳавога аралаштириш учун узлуксиз ишлаши шарт бўлган фильтрга тор учлик (рус. диффузор) улаш талаб этилади.

Балиқ сонининг зичлиги бу қадар юқори бўлса, сув таркибида органик моддалар миқдори ҳаддан ортиқ кўпайиши, сув лойқаланиши ва кислород етишмаслиги оқибатида балиқлар касалланиб, аквариумни бақатўн босиши кузатилади. Қисқаси, аквариум бир оёғи ила гўр ёқасига келиб қолади.
Балиқ сонининг зичлиги юқори бўлишини ҳеч кимга, айниқса, аквариум ишига эндигина киришганларга мутлақо тавсия этмаган бўлар эдим.

Аквариумга киритилган балиқ сонининг зичлиги ўрта бўлса, балиқ танасининг ҳар бир сантиметрига кам деганда 2 литр сув тўғри келиши керак, яъни балиқлар узунлигининг умумий лимитини ҳосил қилиш учун сув ҳажми иккига бўлинади ва ҳосил бўлган қиймат сақланиб, балиқлар сони, уларнинг максимал узунлигини инобатга олган ҳолда белгиланади.
Айтайлик, аквариумнинг номинал ҳажми 20 литр, сув ҳажми 16 литрга тенг. Ушбу рақамни иккига бўламиз ва балиқлар узунлигининг умумий лимитини 8 см, эканлигини аниқлаймиз. Агар аквариумда неон боқиладиган бўлса, унинг танаси 4 сантиметрга қадар чўзилишини ҳисобга олиб, атиги 2 бош балиқ солишга тўғри келади. Модомики, неон гала таркибида яшайдиган балиқлар туркумига кирар, гала эса кам деганда 6 бош балиқдан ташкил топишини англатар экан, неон боқиш ниятидан қайтиш ва балиқнинг бошқа зотини танлашга мажбур бўламиз. Хўроз балиқни (бошқача номи – уришқоқ балиқ) олайлик. Танҳо яшайдиган балиқлар туркумига кирадиган, танасининг парда шаклига эга қисми 7 сантиметрга қадар тушадиган ушбу балиқ 8 сантиметрни ташкил этган лимитимизга роса тўғри келади. Бошқача айтганда, аквариумга киритилган балиқ сонининг зичлиги ўрта бўлар экан, ҳажми 20 литрли аквариумда фақат битта хўроз балиқ боқамиз холос.
Бундай ҳолатда ортиқча саналадиган компрессордан воз кечиш, сув жониворининг соғлигига хавф туғдирмаган тарзда ҳар ҳафта эмас икки ҳафтада бир сув янгилаш мумкин, лекин бари-бир аквариумга тор учлик кийдириб қўйилган фильтр ўрнатиш, шунингдек, ем бериш режими ва аквариумни парвариш қилиш қоидаларига амал қилиш мақсадга мувофиқдир.

Аквариумга киритилган балиқ сонининг зичлиги ўрта бўлиши балиқнинг касалланмаслиги, аквариумни бақатўн босмаслиги ва гарчи бақатўн споралари батамом йўқ бўлиб кетмаса-да, суви доимо шаффоф кўринишига омил бўлади.

Таассуфки, аквариумга киритилган балиқ сонининг юқори ва ўрта зичлигига оид юқорида баён этилган ҳисоб-китоблар фақат МДҲ ҳудудидагина қўлланилади. Буюк Британия ёки АҚШда яшайдиган аквариум соҳиблари эса бундай ҳисоб-китобларни сув жониворини таҳқирлайдиган амал деб билиб, қабул қилишмайди. Улар кичик ҳажмли аквариумда балиқ танасининг ҳар бир сантиметрига кам деганда 4 литр сув тўғри келиши керак, деб эътироф этишади. Хусусан, ҳажми 20 литрли аквариумда 16 литр сув бўлиб, лимити 16 сантиметрни ташкил этса, балиқлар узунлигининг умумий лимити 4 сантиметрни ташкил этиб, унда ё танасининг узунлиги 2 сантиметрли 2 бош митти балиқ, ё узунлиги 3-4 сантиметрга етадиган 1 бош балиқ яшаш керак, деб билишади.
Мисол учун, 200 литрли аквариумда сув ҳажми ўртача 180 литр бўлади. Бинобарин, балиқлар узунлигининг умумий лимити 45 сантиметрни ташкил этади ва унга атиги 11 бош неон галасини киритишга йўл қўйилади.
Ҳа, хорижлик аквариум соҳибларидан баъзи нарсаларни ўрганса бўлади.

Энди айрим тавсияларни бериб ўтаман:

1- ТАВСИЯ
Балиқнинг максимал узунлигига оид ҳисоб-китоблар чиқарилаётганида, балиқ танасининг шаклини инобатга олмоқ даркор. Мисол учун, скалярийнинг танаси вертикал чўзилган. Бинобарин, максимал узунлик сифатида унинг 15 сантиметрга қадар етадиган бўйи олинади. Демакки, ушбу балиқнинг максимал узунлиги 15 см.

2- ТАВСИЯ
Битта аквариумга йирик ва майда балиқларни киритманг. Негаки, балиқнинг айрим турлари бир-бири билан муроса қилиб яшамаса, айрим жуссаси кичик балиқлар йирик қўшнисига ем бўлади. Шундай экан, дастлаб, ҳар бир балиқ зотига оид маълумотларни диққат билан ўрганиб чиқинг. Майда балиқ боқишни устувор мақсад деб кўрадиган бўлсангиз, йиртқич балиқ харид қилманг ёки аксинча. Аквариум сайтларига ташриф буюриб, боқиш ният қилинган балиқлар бир-бири билан муроса қилиб яшай олиши борасида консультациялар олинг.

3- ТАВСИЯ
Айрим балиқ зотлари аквариум ҳавзасининг муайян ҳудудини эгалаб яшайди ва уларнинг бир жуфти ёки битта эркаги ёхуд битта ҳарами (бир бош эркак ва 2-3 бош урғочи) учун сув ҳажмининг ёки аквариум тубининг ўз минимуми бўлади. Агар мавжуд ҳажм икки бош эркак балиқ ёки балиқларнинг икки гуруҳи учун камлик қиладиган бўлса, битта гуруҳ ёхуд бир бош эркак билан чекланган маъқул. Акс ҳолда, ҳудуд учун уришадиган эркак балиқлар бир-бирини нобуд қилиши ёки жиддий жароҳатлаши мумкин. Жароҳат бор жойда эса касаллик қўзғалиши муқаррар.

4- ТАВСИЯ
Балиқ зотларига оид Интернет саҳифаларида берилган маълумотларни диққат билан ўзлаштириб чиқинг! Айрим балиқ зотлари учун аквариум ҳажмига оид алоҳида талаблар мавжуд. Жумладан, ҳаракатчан ва шўх барбусларга етарлича кенг аквариум керак бўлади. Акс ҳолда, бир-бирини қувиб ўйнайдиган ушбу балиқлар тор жойда ойнага қаттиқ урилиши мумкин. Тилла балиқнинг ҳар бир боши учун эса 50 литрдан сув керак бўлади!

5- ТАВСИЯ
Битта минтақа ёки ҳеч бўлмаса битта қитъада яшайдиган балиқ танланг. Шундай қилсангиз, сув сифати ва ҳароратига оид талабларни бажарган бўласиз. Совуқ сувда яшайдиган балиқни (мисол учун тилла балиқни) иқлими илиқ тропик минтақада яшайдиган балиқларга қўшмаган маъқул. Негаки, бундай балиқлар учун сув ҳароратининг турли диапазонлари талаб этилади.

6- ТАВСИЯ
Балиқ ҳаётини атрофлича таъминланг. Модомики, дам олиши учун сувга чўктириладиган ғўла, манзарали тош ёки ўсимлик керак экан, уларнинг зарурий сонини олдиндан режалаштиринг.

7- ТАВСИЯ
Ҳайвонот дўконига мавжуд балиқ зотлари, бирон-бир ёққан турини эмас харид қилиниши аниқ режалаштирилган балиқ зотини олиш мақсадида ташриф буюринг. Сотувчилар билан камроқ маслаҳатлашинг, акс ҳолда уларнинг аксарияти томонидан бериладиган «консультациялар» Сизни чалғитиб, режаингизни барбод қилиши муқаррар. Боқилиши ният қилинган балиқларнинг бир эмас икки-учта рўйхатини олдиндан тузиб олган маъқул. Негаки ҳайвонот дўконида муайян рўйхатга киритилган балиқларнинг ҳаммаси ҳам бўлмаслиги мумкин.

8- ТАВСИЯ
Бир турга мансуб балиқ танлаган маъқул. Шундай қилинса, турлараро тажовузкорликка йўл қўйилмайди.

9- ТАВСИЯ
Шуни ҳам унутмаслик лозимки, аквариум ҳажми қанчалик кичик бўлса, балиқлар табиатидаги тажовузкорлик даражаси шу қадар юқори бўлади. Бинобарин, айнан бир зотга мансуб балиқнинг хулқ-атвори ҳар хил аквариумларда турлича кечиши кузатилади.

10- ТАВСИЯ
«Аквариум ҳажми кичик бўлса бўлар, ҳеч қиси йўқ. Нари борса, балиқ ўсмай, ўлчами ўзгармас қолади холос», - деганларнинг гапига қулоқ солманг. Чунки бундай гаплар ғирт беъманиликдир! Ёдингизда бўлсин, балиқ ўсмай қоладиган ҳолат бўлмайди, организмидаги жараёнлар издан чиқиб бўлса-да, ўсади! Фақат бундай аҳволга солиб қўйганингиз учун жонивор Сиздан миннатдор бўлмайди.

11- ТАВСИЯ
Балиқни тўғри танланг. Бунинг учун дўконда балиқ танлашга бағишланган мақола билан танишиб чиқинг.

12- ТАВСИЯ
Балиқни муайян изчиллик билан харид қилиб, аквариумга навбат билан киритмоқ даркор. Шундай қилинса, аквариумда кечадиган ҳаёт қўшимча юкламага аста-секин мослашиб боради ва ўз микрофлорасини режали равишда ривожлантиради. Фақат янги харид қилинган балиқни кам деганда икки ҳафта давомида бошқа идишда карантин қилган маъқул.

13- ТАВСИЯ
Қўшимча балиқ харид қилиш васвасасига берилманг – балиқ сонига оид лимитга доимо амал қилинг!

14- ТАВСИЯ
Дўконга, балиқ харид қилиш мақсадида, аквариум ишга туширилган кундан эътиборан кам деганда бир ҳафта ўтганидан сўнг, бориш керак. Бир вақтнинг ўзида ҳам аквариум, ҳам балиқ сотиб олинишига йўл қўйилмайди! Негаки, аквариум бироз «етилиши», яъни у, биологик юклама изчил ошириб борилишига аянчли оқибатларсиз бардош бериши учун ўз микрофлорасини тайёрлаб олиши лозим.

АКВАРИУМИНГИЗ ЧИРОЙЛИ ВА СОҒЛОМ БЎЛИШИНИ ТИЛАБ ҚОЛАМАН!

Тилга эътибор - элга эътибор!

#3 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 15 августа 2013 - 18:18

Муҳтарам форумдошлар ва сайтимиз меҳмонлари!

Эътиборингизга Тошкент аквариум сайтининг бош маъмури, соҳанинг йирик мутахассиси Владислав Губенконинг қаламига мансуб навбатдаги мақола таржимасини ҳавола этмоқдаман.

АКВАРИУМГА НЕЧТА БАЛИҚ СИҒДИРСА БЎЛАДИ

Малави кўлида яшайдиган Африка цихлиди

http://www.aquatropi...v_akvarium.html

Владислав Губенко

Таржимон Шокир Долимов



Муқаддима

Мазкур мақолани ёзишга аквариум соҳиблари томонидан такрор ва такрор бериладиган айнан бир савол туртки берди, у ҳам бўлса: «аквариумга нечта балиқ сиғдирса бўлади?»

Сайтимиз саҳифаларида ушбу саволга кўп маротаба жавоб берилган, форумдошларимиз шахсий кузатув натижалари ва бой тажрибалари билан ўртоқлашган, аквариум ишига эндигина киришганлар хатога йўл қўймаслик борасида кўп бор огоҳлантирилган, савол муаллифлари ҳатто бошқа жойга... жавоб матни оққа қора ила ёзиб қўйилган сайтларга ҳам йўлланган.
Йўқ. Бир томондан аквариумга имкон қадар кўпроқ балиқ киритиш борасидаги тийиб бўлмас истак, иккинчи томондан эса ҳамма, айниқса, аквариумга тиқиб ташланадиган балиқлар ўзини яхши ҳис этишини исташ негизида туғилган ушбу савол бари-бир берилгани берилган.

Менинг, ушбу муаммога оид ўз фикрим шаклланган бўлиб, уни баён этишга уриниб кўраман.
Умуман айтганда, «нечта балиқ сиғиши» ҳақида бутун бошли мақолалар циклини ёзишни ният қилганман, лекин олдиндан кўп ваъда қилмайман: илҳом париси ташриф буюрса, ёзаман, келмаса, йўқ, демак, ушбу мақоланинг ўзи етарли бўлади.

Аквариумда мавжуд Малави цихлиди
Шундай қилиб, аквариумга нечта балиқ сиғдириш мумкинлигига оид эҳтимол биринчи ҳикоямни бошлайман. Модомики, аквариумда боқиладиган балиқ зотининг сони чексиз экан, тадқиқот объектини гап бошида белгилаб оламан ва ушбу объект африкалик цихлид, аниқроқ айтсам, Малави кўлида яшайдиган цихлид бўлади.

Нега энди айнан цихлид?
Биринчидан, ушбу балиқ зотини кўп йиллар давомида шахсан ўзим боқиб, кўпайтирганман ва етарлича бой тажриба орттирганман.
Иккинчидан, мазкур балиқ зоти аквариум иши ишқивозлари орасида кенг оммалашган, гарчи тан олиш керакки, оммалашиш жараёни худди валюта курси каби ўзгарувчан кечиб, дам ошади, дам тушиб боради.
Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, Африка цихлиди ҳайвонот бозорларимизда доимо бўлиб келган, бор ва бундан кейин ҳам бўлаверади ва демакки, аквариум ишига қизиққан, турли табақаларга мансуб кишилар орасида, улар хоҳ соҳа профессионаллари, хоҳ эндигина иш бошлаган «думбуллар» бўлсин, диққат-эътибор марказида қолаверади.

Аквариумдаги африкалик цихлид сонининг ҳаддан ортиқ кўплиги ёки таваккал иш
Бошладик!
Биринчи уриниш: аквариумга нечта африкалик цихлидни сиғдириш мумкин?
Дастлабки фурсатда хаёлга, савол муаллифлари жонга тегишгани учун бўлса керак, ўта дағал жавоб келади: «Э, сиғганича тиқиб ташланг!»
Бундай иш ғирт бемаънилик эканлиги тушунарли, албатта. Лекин соҳа амалиётининг кўрсатишича, у қадар мавҳум ҳам эмас экан. Одамлар ўз аквариумларига кўп ва турли-туман цихлид зотларини киритишган ва ишончим комилки, ҳозир ҳам шундай қилишмоқда.
Ажабланарлиси шундаки, бундай ишни чиндан ҳам қилса бўлар экан: балиқлар бир-бирига ишқаланиб, қўшниларининг сузгичлари-ю, думларини «меҳр-ла» ғажиб бўлса-да, ўлмай яшаб, аквариумда зоҳиран жўшқин фаолият кўрсатишмоқда.
Балиқлар бундай аҳволда кун ўтиб бир кун бирон-бир офат рўй бергунга қадар чексиз вақт давомида ҳаёт кечириши мумкин. Лекин ўша офат рўй беришига эса ҳеч шубҳа қилмаса бўлаверади: ё электр таъминот тармоғидаги 220 Вольтли кучланиш йўқолади, ё аквариумга ем билан бирга бирон-бир касофат кириб келади, ёки бўлмаса, аквариум соҳиби кутилмаганда хизмат сафаригами, ҳордиқ чиқаргани курортгами, йўлга чиқади. Бунинг оқибати эса аквариумнинг қардошлар мозорига айланиши билан якун топади.
Шундай бўлишини истаймиз-ми? Йўқ, албатта! Ундай бўлса, нима қилиш керак? Амалга ошириладиган хатти-ҳаракатларни дастлаб фикр тарозисидан ўтказиш ёки олдини олиш чорасини кўриш керак. Ниманинг олдини олиш керак? Ё мулоҳазасизликнинг, ё форс-мажор ҳолатларнинг олдини олиш керак.

Аквариумга киритиладиган балиқ сонини белгилаш масаласига илмий ёндашув
Иккинчи уриниш: аквариумга нечта африкалик цихлидни сиғдириш мумкин?
Жавоб: қанча кам бўлса, шунча яхши, балиқлар учун, албатта!
Яшаш майдонининг разил қўшнилардан холи ва кенг бўлиши, балиқ организмига самарали таъсир кўрсатиб, яйраб яшаши, насл беришига омил бўлади.
Бироқ айрим қизиқувчан ҳаваскорлар тек ўтира олмай, ўз аквариумларига балиқнинг энг мақбул, вергулдан кейинги биринчи рақамга қадар аниқ ҳисоблаб чиқарилган сонини кириш истагида ёниб яшайди. Бундай ҳолатда, аквариум ишининг профессионаллари томонидан яратилган мураккаб математик формулалар қўл келади. Шунингдек, айтишларига қараганда, муайян ҳажм бирлиги учун балиқ сонини ҳисоблаб чиқарадиган махсус дастурлар ишлаб чиқилган эмиш. Бунда, боқилиши ният қилинган балиқ зоти, ўлчамлари, хулқ-атвори ва ҳаттоки танасининг ранги инобатга олинар экан.
Ундай бўлса, иш осон: қўлга калькулятор билан жазвални оласиз-да, якшанба куни Янгиобод бозори томон йўл оласиз. Хуш келган балиқ танасини ўлчаб, калькуляторга тегишли маълумотларни киритасиз-да, ўта аниқ натижага эга бўласиз ва етарлича содда, самарали бундай усулдан мамнун бўлиб юраверасиз.
Тилга эътибор - элга эътибор!

#4 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 15 августа 2013 - 18:23

Табиат иродаси
Учинчи уриниш: аквариумга нечта африкалик цихлидни сиғдириш мумкин?
Энди жавобни Гугл воситасида қидирамиз. Бироқ қидирув тизимига юқорида баён этилган саволни эмас инглиз тилида битилган «Малави кўлидаги дайвинг» жумласини терамиз. Ўзим ҳам ушшу амални бажариб, бир олам қизиқарли ва фойдали маълумотларга эга бўлдим.

Мана, масалан, йирик қоя атрофида яшаб, барно қиз яқинида тўпланиб олган, балиқ галаси:

Изображение

Бу ерда эса кимнингдир аквариуми учун цихлид ови авжига чиққан:

Изображение

Мана бу номаълум сув ости объекти ўйноқи ҳаво пуфакларини чиқарганча, бир олам сув жониворларини ўзига жалб этиб олибди:

Изображение

Синчковлик билан қараладиган бўлса, таркибига ҳар хил цихлид турлари кирган яна бир балиқ галаси:

Изображение

Малави кўлида яшайдиган сув жониворларининг одатий макони:

Изображение

Хулоса ёки бир маъноли жавоб йўқ!
Ана энди кўриб, ўқиб чиқилган маълумотларни чуқур таҳлил қилиб, бамаъни хулоса чиқариш қолди.
Шу тариқа, биринчи жавобни ҳам, иккинчи жавобни ҳам, тўғри, деб топиш мумкин. Аммо озгина аниқлик киритиб ўтиш жоиз: табиатда, фойдали майдон бирлигида яшайдиган балиқ сони нолдан чексизликка қадар ўзгариб бориши мумкин. Бунда, балиқ концентрациясининг ўзгариш жараёни мутлақо тасодифий бўлиб, ҳар қанча давом этиши мумкин.
Бундай шарт-шароитни уй аквариумида яратишнинг иложи йўқ.

Хулоса: ҳар қандай аквариумнинг имконияти чекланган бўлиб, қандай формула қўлламанг ёки қандай дастур ишлатманг, йўл қўйиладиган ушбу чекланиш даражасини аниқлаб бўлмайди. Зеро, ушбу даража қиймати тасодифий бўлиб, ички ва ташқи омилларнинг ниҳоятда кўп сонига боғлиқдир.

Шундай экан, ўз ихтиёрингиздаги аквариумга африкалик цихлиднинг қайси тури-ю, нечтасини киритиш масаласи юзасидан қарор чиқарар экансиз, ўз идрокингизга таянишингизни таклиф қиламан. Ҳа, айтгандай, соҳанинг ҳавосини олган кишилар маслаҳатига қулоқ тутиш ҳам, мақсадга мувофиқдир. Зеро, улар Сизга ёмонликни раво кўрмайдилар.

Шу билан, мақоламнинг биринчи қисмини якунига етказаман. Такрор айтаман, давоми бўлиши мумкин, масалан, аквариумга нечта гуппи ва қиличбардор (рус. меченосец) киритиш мумкинлиги ҳақида.
Тилга эътибор - элга эътибор!

#5 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 16 августа 2013 - 00:27

Муҳтарам форумдошлар ва сайтимиз меҳмонлари!

Эътиборингизга Тошкент аквариум сайтининг бош маъмури, соҳанинг йирик мутахассиси Владислав Губенконинг қаламига мансуб навбатдаги мақола давомининг таржимасини ҳавола этмоқдаман.

АКВАРИУМГА НЕЧТА БАЛИҚ СИҒДИРСА БЎЛАДИ

Жанубий, Марказий ва Шимолий Американинг бола туғадиган балиқлари

http://www.aquatropi..._givorodki.html

Владислав Губенко

Таржимон Шокир Долимов



Муқаддима

«Аквариумга нечта балиқ сиғдирса бўлади?» мавзусига бағишланган мақола-тавсия-мулоҳазалар циклини давом эттириб, бу сафар бола туғадиган балиқлар ҳақида фикр юритмоқчиман.
Шубҳа йўқ-ки, ушбу сўзни ўқиган ўқувчининг кўз ўнгида ўзига яхши таниш бўлган гуппи, қиличбардор (рус. меченосец), пецилий каби, балиқ зотлари гавдаланади. Тўппа-тўғри, мазкур мақолада айнан ўша, эҳтимол кенг тарқалган аквариум балиқлари ҳақида гап боради.
Бироқ эслатиб ўтмоқ жоизки, бола туғадиган бошқа, чунончи, скат каби балиқ зотлари ҳам бор, лекин ушбу мақола улар ҳақида эмас.
Шундай қилиб, бола туғадиган балиқлар дунёсига саёҳат қилиб, фақат мулоҳаза юритилаётган сув жониворлари боқиладиган аквариумни тасаввур этамиз.

Гуппи яшайдиган табиий жойлар
Мазкур мақолани ёзишга киришишдан олдин Google сайтига «Diving in Trinidad and Tobago» қидирув жумласини битиб, мурожаат қилдим-у, кутилган натижага эриша олмадим. Ахир турли манбаларда зикр этилишича, кенг оммалашиб кетган, тирик бола туғадиган гуппи балиғи айнан ўша юртларда яшамайди-ми?!
Қидирув амалини бажаришдан кўзланган мақсад – Жанубий Американинг шимолий чеккаси яқинидаги Тринидад оролининг сув ости дунёсига оид маълумотларга эга бўлиш эди. Тўғри, сув ости дунёсининг фотосуратлари чиқди, бироқ у фотосуратларда фақат денгиз ости акс эттирган. Гарчи, денгизда яшайдиган гуппи ҳам бўлади, дейишса-да, ушбу балиқ зотининг денгиз остида кўп миқдорда яшагани ҳали ҳеч қаерда қайд этилмаган.
Қидирув жумласини ўзгартириб, гуппи яшайдиган жойларни излашга тўғри келди ва охир-пировардида ижобий натижага эриша бошладим.
Маълум бўлишича, гуппи Жанубий Американинг шимолий ҳудудлари, Амазонка дарёсининг юқори ирмоқлари, шунингдек, Колумбия, Венесуэла, Гайана каби давлатлар ва албатта, Тринидад билан Тобаго ҳудудидаги анҳорларда яшар экан.
Мен, ўз аквариумимдаги гуппи балиқлари учун қулай шарт-шароит яратишга оид тасаввурга эга бўлиш мақсадида, ўша ҳудудлардаги сув ости дунёсининг фотосуратларини қидириб топишни жуда истаган эдим. Таассуфки, атиги бир жуфт фотосурат топилди-ю, улар ҳам мазмунан мубҳам, сифати паст бўлиб чиқди. Илож қанча, сув юзасига қараб, унинг остида нима борлигини ўз билганимча талқин қилишдан бошқа чора қолмади.
Умуман айтганда, ҳаммаси тушунарли: саёзлик, тошлоқ ер, баъзи ҳавзалар сувининг оқими тез, соҳилининг аксарият қисми ўсимликка бой. Демак, табиат қўйнида яшайдиган гуппининг макони шундай кўринишга эга бўлар экан.

Қуйида, гуппи яшайдиган сув ҳавзаларининг суратларини эътиборингизга ҳавола этаман:

Изображение

Изображение

Изображение

Изображение

Гуппи ови
Изображение

Табиий муҳитдаги гуппи
Изображение

Сиз ҳайвонот бозори ва дўконларида харид қилган гуппи ўша юртлардан келтирилмаган, албатта ва назарий жиҳатдан олиб қараладиган бўлса, уни табиий шарт-шароитлардан асар ҳам бўлмаган ҳар қандай аквариумга киритишингиз мумкин. Нима қилганда ҳам, уриниб кўрсак-чи?
Фақат гуппи яшайдиган аквариум беназир кўринса керак, назаримда. Тўғри, бунинг учун, аквариум безаш масаласида соҳа ҳавосини олган уста бўлмоқ лозим. Аксарият ҳолларда, сув ўсимлигига бой, тубига майда тош тўшалиб, сувга чўкадиган ғўлалар жойланган ёки ўртага ниҳоятда йирик харсанг тош ўрнатилган аквариумларни кўрамиз.

Гуппи боқилаётган аквариум:

Изображение

Бироқ табиий биотопларнинг фотосуратларига дурустроқ разм солиб қарайдиган бўлсак, сув ҳавзасининг туби тошлоқ, мавжуд тошлар етарлича йирик эканлигини, сув тез оқаётгани, ҳавзанинг айрим жойлари сув ўсимлигига у қадар бой эмаслигини пайқаймиз.
Тилга эътибор - элга эътибор!

#6 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 16 августа 2013 - 00:31

Аквариумдаги гуппининг энг кўп сони – умуман айтганда, ушбу тушунча ўринлими?
Модомики, мазкур мақолада «қандай» эмас «нечта» масаласи муҳокама қилинар экан, аквариум ҳажмининг бирлиги учун балиқнинг мақбул сонини ҳисоблаб чиқишга уриниб кўрамиз.
Умуман олганда, гуппини аквариумга жуда кўп миқдорда киритиш мумкин. Бўғзигача гуппига тўлган ҳажми кичик аквариумни кўриш насиб этган менга. Бироқ бу, бизга тўғри келадиган усул эмас!
Аквариумда ўзаро уйғунлик қарор топган бўлиши лозим. Бу эса аквариумга киритиладиган балиқ сонини белгилаш масаласига онгли ёндашиш кераклигини англатади. Яна бир бор таъкидлаб ўтмоқ жоизки, ушбу масалани ҳал этишнинг бирон-бир формуласи йўқ ва жамики хатти-ҳаракатлар аквариум имконияти, жиҳозланганлик даражаси ва соҳибининг хоҳиш-истагидан келиб чиқиб, амалга оширилади.

Тахминимча, «жонли» ҳажмнинг юз литрида эллик бошдан зиёд вояга етган гуппи яшаши мумкин. Бироқ бунда, аквариум суви ҳавога тўйинтирилиб, фильтрланиши ва ҳар ҳафта янгиланиб бориши лозим.

Маълумки, гуппи зотига мансуб эркак балиқ ниҳоятда чиройли-ю, нисбатан кўримсиз урғочига нисбатан жуссаси кичик бўлади. Шу нуқтаи назардан қараладиган бўлса, аквариумда фақат эркак гуппи боқиш керак. Бироқ нима деб ўйлайсиз, бундай аквариумда тинчлик ва тотувлик ҳукм сурармикан?! Йўқ, албатта. Шундай экан, урғочи балиқдан воз кечиш ярамайди. Лекин шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқ жоизки, гуппи эркагининг бели бақувват бўлиб, урғочига, аквариумнинг бирор-бир бурчагида бўлсин, тинчлик бермайди. Бу эса урғочидан воз кечиш у ёқда турсин, балки аксинча, сонини кўпайтиришни тақозо этади. Шундай қилинса, эркак балиқ ўзини хотиржам ҳис этиб, бир олам жинсдошлари орасида якка-ю ягона жуфтини қидириб, ақлдан озмайди.

Қиличбардор билан пецилийни қўшамиз
Агар гуппи галасига бола туғадиган бошқа турдаги, чунончи, қиличбардор билан пецилийни қўшсак-чи, нима бўлади? Келинг, қўшиб кўрамиз. Бунда, аквариум янада жозибадор бўлиб, ранг-баранг тус олади. Бироқ бу масалада эҳтиёт бўлиш, ҳаддан ошириб юбормаслик лозим.

Бунинг учун дастлаб, Жанубий Американинг шимолий қисмидан Марказий ва Шимолий Америкага кўчиб ўтишимиз керак бўлади. Зеро, қиличбардор билан пецилий кенг тарқалган табиий макон айнан ўша юртлар саналади. Мулоҳаза юритилаётган ҳудудлардаги анҳорлар-у, сув ҳавзалари ҳам йирик эмас бироқ сувининг бироз дағаллиги ва ишқорлиги билан фарқ қилиб туради.

Қуйида қиличбардор яшайдиган сув ҳавзаларининг фотосуратларини эътиборингизга ҳавола этилмоқда:

Изображение


Изображение


Аквариумга қиличбардор билан пецилий киритилар экан, айниқса, уларнинг сони кўп бўлса, сув кўрсаткичлари устидан мунтазам назорат қилиш, уни мармар увоғи каби тўлдиргич солинган биологик фильтр воситасида фильтрлаб, тез-тез янгилаб бориш талаб этилади.
Сувга бироз туз солиб бориш лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ жоиз. Бироқ аквариумда табиий ўсимлик бўлса, бундай амал мақсадга мувофиқ келмайди. Ҳа, айтгандай, сув ўсимлигини ҳам билиб танлаш лозим. Зеро, уларнинг айрим турлари дағал сувда ўсмайди.

Мухтасар қилиб айтганда, аквариумга киритиладиган бола туғадиган балиқ сони юқорида баён этилган бир қатор омиллар инобатга олинган тарзда белгиланиши лозим бўлиб, тажовузкор табиатга эга бўлмагани боис, агар эркак балиқнинг урғочига нисбатан хиралиги тажовузкорлик сифатида кўрилмаса, албатта, етарлича кўп бўлишига йўл қўйилиши мумкин.
Назарий жиҳатдан олиб қаралганида, бир литр сувга бир бош вояга етган балиқ бўлиши мумкин, лекин ушбу қиймат кам деганда икки баробар камайтирилса яхши бўлади, деб ўйлайман. Ва шу заҳоти огоҳлантириб ўтишим жоизки, ушбу фикрим фақат мулоҳаза юритилган бола туғадиган балиқ, яъни гуппи, қиличбардор ва пецилий боқиладиган аквариумгагина дахл қилади!

Моллинезия дейсизми? Йўқ, ҳозирча усиз!
Кенг тарқалган бола туғадиган балиқ турларидан яна бири моллинезия саналади. Бироқ ушбу балиқ зоти ҳақида алоҳида фикр юритган маъқул. Негаки у, айниқса, унинг мутлақ қора «блэк молли» каби селекция турлари боқишнинг ўзига хос шароитларини талаб этади.
Бинобарин, моллинезияни бола туғадиган балиқлар боқилаётган умумий аквариумга киритишни тавсия этиш – кети ўйланмай қилинган ишдир. Бари-бир бундан наф чиқмайди, ихлос қайтгани қолади холос.

Давоми бўлиши мумкин.
Тилга эътибор - элга эътибор!

#7 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 06 октября 2013 - 22:23

Муҳтарам форумдошлар ва сайтимиз меҳмонлари!

Эътиборингизга Тошкент аквариум сайтининг фаол иштирокчиларидан бири Тимофей Цойнинг қаламига мансуб, мавзуга оид мақола таржимасини ҳавола этмоқдаман.

АКВАРИУМГА НЕЧТА БАЛИҚ СИҒДИРСА БЎЛАДИ

Ҳиндистон яримороли ва Жануби-Шарқий Осиёнинг лабиринт балиқлари

http://www.aquatropi...birintovie.html

Тимофей Цой, Ўзбекистон, Тошкент

Таржимон Шокир Долимов



Муқаддима

«Аквариумга нечта балиқ сиғдирса бўлади?» мавзусига бағишланган фикр-мулоҳазаларни давом этар эканмиз, лабиринт балиқларни четлаб ўта олмаймиз. Зеро, ушбу балиқлар оиласининг ранг-баранглиги ила чарақлаб турадиган вакиллари ҳар бир ҳаваскор-аквариумчи, ҳатто аквариум ишига эндигина киришганларга ҳам яхши танишдир.
Шиллиқ парда қатламининг мураккаб тизимидан ташкил топган бўлиб, ойқулоқлар соҳасининг бел қисмига жойлашган лабиринт аъзо ёрдамида тоза ҳаводан қўшимча равишда нафас ола билиши, ушбу балиқларга хос хусусиятдир.
Шундай қилиб, бугун биз, лабиринт балиқлар тўғрисида фикр юритамиз.

Лабиринт балиқлар яшайдиган табиий жойлар

Тошкентлик аквариумчилар орасида, ушбу балиқлар оиласининг Жануби-Шарқий Осиё ва Ҳиндистон яриморолида яшайдиган хўроз балиқ, трихогастер (гурами), макропод ва лялиуслар, деб номланадиган вакиллари кенг тарқалган.
Таассуфки, менга, Жануби-Шарқий Осиё давлатларида бўлиш насиб этмаган, лекин Ҳиндистонга, хусусан, ушбу юртнинг шимолий қисмига, яъни лялиус ва садаф тусли гурами балиқларининг ватанига ташриф буюрганман ва минтақага оид етарлича тасаввурга эга бўлиб қайтганман.
Авваламбор, Ҳиндистоннинг иқлими илиқ ва нам эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ даркор. Бундай уйғунлик эса ўз навбатида, турли-туман экзотик ўсимликлар гуркураб ўсиши учун зўр шароит яратади.
Жазирама ёз бўлишига қарамай, вақти-вақти билан денгиз шамоли олиб келган ёмғир шаррос қуйиб туради. Шахсан ўзим ана шундай жалалардан бири остида қолиб кетганман. Худди биров ўт ўчириш машинасининг гидрантини шартта очган-у, чамаси қирқ дақиқа устимдан сув қуйгандек бўлган.
Мен кўрган сув ҳавзаларидан бири буюк Ганганинг ўнг ирмоғи Жамна дарёси бўлди. Айниқса, сатҳи анча пасайган, лой-ю, балчиқ босиб, ўсимликка тўлиб-тошган Тож Маҳал атрофидаги саёз ҳавза мени лол қолдирди.
Деҳли орқали ўтган Жамна нисбатан серсув бўлгани билан, мақбара яқинида харид қилинган рангли суратларга қараганда, унда ниҳоятда ифлос, тўқ қўнғир тусли сув оқади. Эҳтимол, «... сувини виқор-ла, аста олиб ўтадиган» Жамна бошқа вақтда ўзгача кўринар, бироқ мен ўз кўзим билан кўрганимни тавсифлаб ўтдим холос.
Бундан ташқари, иқлими нам, серёмғир мамлакат ҳудудида лойқа суви илиқ, турли-туман сув ўсимликлари ҳаддан ташқари ўсиб кетган, ўз умрини ўтаб узилгач, чириётган ўт қолдиқларини аста оқизиб келадиган сувга мунтазам тўлиб борадиган сой, анҳор ва зовурлар бўлиши табиий ҳолдир, албатта.
Айрим мақола муаллифлари лабиринт балиқларини ҳатто Жануби-Шарқий Осиёнинг шолипояларига ҳам «кўчириб ўтказишади». Бундай фикр ҳақиқатга қанчалик яқин эканлигини текшириб кўриш учун имконим ёки рад этишга асосим йўқ, бироқ умуман олганда, уни ҳақиқатнамо гап сифатида эътироф этиш мумкин, деб ўйлайман. Негаки, ушбу балиқчалар шолипояга табиий манбадан олинадиган сувда сузиб келиши ва у ерда, юқорида зикр этилган ғайриоддий хусусияти ила бемалол яшашлари мумкин.
Мухтасар қилиб айтганда, лабиринт балиқлар макони – сув ўсимликлари босган, илиқ ёмғир суви, балчиқ ва чириётган ўт қолдиқларига тўлган саёз тропик ҳавзалар саналади ва демак улар, табиатда, юқорида баён этилган шарт-шароитларда яшайди.

Қуйида, лабиринт балиқлар яшайдиган сув ҳавзаларининг суратларини эътиборингизга ҳавола этаман:

Изображение

Изображение

Изображение
Тилга эътибор - элга эътибор!

#8 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 06 октября 2013 - 22:25

Аквариумда боқиладиган лабиринт балиқлар

Лабиринт балиқлар яшайдиган табиий жойлар тавсифига асосланган ҳолда айтиш мумкинки, аквариум ҳажми ушбу балиқ тури учун жиддий аҳамиятга эга эмас.
Ҳаёт майдонининг катта-кичиклиги масаласида аквариум жониворлари орасида лабиринт балиқлар эҳтимол чиндан ҳам энг камсуқум саналса керак. Чунончи, хўроз балиқнинг ҳар бир бошига 5-10 литр етарли бўлади. Бироқ шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқ жоизки, олис ватанида қарор топган «уй-жой муаммоси» мулоҳаза юритилаётган балиқ табиатига салбий таъсир ўтказмай қўймаган. Юқорида баён этилгандек, ҳажми кичик, саёз ҳавзалар балиқлар учун, муайян зот ва унинг насли омон қолишига оид масалани етарлича мураккаб муаммога айлантиради. Бинобарин, табиатда бундай муаммо балиқлар орасида узил-кесил ҳал этилади, яъни назорат остига олинган ҳудудга кириб қолган ортиқча ойқулоқ йўқ қилинади.
Жумладан, аквариумнинг ҳажми етарлича катта бўлишига қарамай, лялиус ёки гурами каби, табиатан у қадар тажовузкор бўлмаган балиқларнинг эркаклари орасида чегара можароси ва тўқнашувлар юз бериши муқаррар. Ўта тажовузкор хўроз балиқ зотини-ю, гапирмаса бўлаверади. Унга уришқоқ балиқ номи бежиз берилмаган. «Аквариум уруши», токи унда фақат битта эркак омон қолгунга қадар, давом этаверади.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқ жоизки, баъзан унча-мунча эркакка тинчлик бермайдиган ҳаддан ортиқ уришқоқ урғочилар ҳам учраб туради.

Хотима

Шундай қилиб, лабиринт балиқларни назарда тутган ҳолда «Аквариумга нечта балиқ сиғдирса бўлади?» деган саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин: муайян зотга мансуб бир нечта урғочи орасида эркак балиқ сони бир бошдан ортмаслиги лозим, агар ҳаддан ортиқ тажовузкор балиқ ўз вақтида фош этилиб, яккалатиб борилса.
Мабодо, аквариумингизнинг ҳажми етарлича катта бўлиб, унда лабиринт балиқ боқишга аҳд қилган бўлсангиз ва айни вақтда, аквариумингиз кўзингизга бўм-бўшдек кўринишини истамасангиз, мулоҳаза юритилаётган балиқлар орасига бошқа турга мансуб балиқ қўшишдан бошқа чорангиз бўлмайди.
Лабиринт балиқлар билан яхши қўшничилик қиладиган жониворлар жумласига, аквариум сувининг ўхшаш кимёвий кўрсаткичларини афзал кўрадиган, харицин балиқлар оиласига мансуб, жуссаси майда балиқларни киритиш мумкин. Шунингдек, пецилиялар каби, бола туғадиган карптишли балиқлар билан ҳам, қўшничилик, эҳтимол ёмон кечмас. Бироқ лабиринт балиқларга тайёрланадиган сув зикр этилган балиқ зоти бемалол яшаши учун бироз аччиқлик ва юмшоқлик қилиши мумкин.
Ўз қўшниларининг узун сузгичларини тишлаб узишни ёқтирадиган, мисол учун суматра барбуслари билан лабиринт балиқларнинг қўшничилик қилиши, табиийки, мақсадга мувофиқ келмайди.
Яхшиси, турга оид, фақат лабиринт балиқлардан иборат кичик ҳажмли аквариум тутган маъқул. Шундай қилинса, мазкур ҳикоямизда мулоҳаза юритилган ранг-баранг балиқларнинг қизиқарли хулқ-атвори тўла-тўкис намоён бўлади.
Тилга эътибор - элга эътибор!

#9 Farruh

    Jacques-Yves Cousteau

  • Без ограничений прав
  • PipPipPipPip
  • 3 484 сообщений
  • 10 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 07 октября 2013 - 16:07

Навбатдаги мавзуни таржимаси учун катта рахмат.
За развитие морской аквариумистики в Ташкенте!!!

#10 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 07 октября 2013 - 21:58

Соҳа мутахассиси сифатида нима дейсиз, матни тўғри битилиб, ғоя тушунарли бўляпти-ми?
Тилга эътибор - элга эътибор!

#11 Farruh

    Jacques-Yves Cousteau

  • Без ограничений прав
  • PipPipPipPip
  • 3 484 сообщений
  • 10 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 17 октября 2013 - 09:20

Тугрисини айтсам лабиринт баликларини аквариумда ушлаш буйича амалий илмим кам, шуни биламанки, бугунги кундаги селекцион хуроз балик, чирой бобида денгиз баликлари билан ракобат кила оладиган санокли чучук сув баликларидан бириИзображение!!! Лекин таржимага гап йук Изображение
За развитие морской аквариумистики в Ташкенте!!!

#12 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 18 октября 2013 - 20:41

Раҳмат.
Ўтган якшанба куни ўғлим Шохжаҳонга, гуппи ва шунга ўхшаш бола туғадиган балиқ боқиши учун 75 литрли аквариум харид қилгани Янгиобод бозорига борган эдик (келаётган якшанба куни балиқ олгани борамиз, Худо хоҳласа).
Расталар орасида айланиб юриб, хўроз балиқларни кўрдик. Қандайдир ҳаракатсиз, бир жойда қотиб қолишган.
- Уришқоқ балиқларми? – сўрадим, ёш сотувчидан.
- Йўқ, - жавоб қайтарди йигитча, - Уришқоқлар бу бозорда деярли бўлмайди. Улар хориждан импорт қилиниб, кам деганда 200 доллар туради, - деди.
Ўша сотувчининг гапи ҳақиқатга яқинми, йўқми?
Тилга эътибор - элга эътибор!

#13 Farruh

    Jacques-Yves Cousteau

  • Без ограничений прав
  • PipPipPipPip
  • 3 484 сообщений
  • 10 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 19 октября 2013 - 08:11

Эркак хуроз баликларни вояга етгани хаммаси урушкок булади, табиатда улар ургочи балик учун урушади. Хуроз балик олсангиз иккита эркагидан олманг холос. Сотувчи айтган 200$ турадиган балик атайлаб урушга таййорлаб бокилади, канотлари калта булади ва чиройли булмайди, худди бизда дакан хуроз ва жангари кучуклар каби, у ерларда балик жанги бор, пулга уруштиришади, кумор.
За развитие морской аквариумистики в Ташкенте!!!




Ответить



  

Похожие темы




Количество пользователей, читающих эту тему: 1

0 пользователей, 1 гостей, 0 анонимных

кликните, чтобы возвратиться на верх страницы
Яндекс.Метрика