Перевод от IpbZona


Вход

Забыли свой пароль?

Зарегистрироваться

Я забыл свой пароль
  
Войти или зарегистрироваться

Перейти к содержимому


Информация для посетителей форума

Приветствуем вас и приглашаем к интересному и полезному общению!
Для использования всего функционала форума необходимо пройти процедуру регистрации, при этом она считается успешно завершенной, если новый участник получает на свой почтовый ящик специальное уведомление от администрации. Если по каким-то причинам этого не происходит, просим отправлять запросы на адрес info@aquatropic.uz

Внимание! Гости могут оставлять свои сообщения на форуме в ограниченном режиме без регистрации.

Аквариум тоши ва қуми


Сообщений в теме: 3

#1 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 07 августа 2013 - 22:41

Муҳтарам форумдошлар ва сайтимиз меҳмонлари!

Эътиборингизга соҳанинг йирик мутахассиси, ўз фикр-мулоҳазаларини «Петушки (Betta splendens) Московского разведения» сайти саҳифаларида билдириб борадиган Алексей Загребельнийнинг қаламига мансуб мақолаларидан бирининг таржимасини ҳавола этмоқдаман.

АКВАРИУМ ТОШИ ВА ҚУМИ

http://betta.zagrebe...ater/grunt.html

Алексей Загребельний

Таржимон Ш. Долимов



Маълумки, аквариум тоши, одатда, икки турга, хусусан, манзарали тош ва ўсимлик ўстириш тошига фарқ қилади.

Манзарали тош
Бундай тошни теришдан мақсад – аквариумга бадиий гўзаллик бахш этишдир. Айрим аквариумчилар ундан асосий тош сифатида фойдаланса, баъзилар ўсимлик ўстириш тошининг устини ёпиш учун қўллайдилар. Қуйида шулар ҳақида фикр юритамиз.
Ҳайвонот бозорларида шишадан тайёрланган ёки пластикдан ясалиб, ранг берилган манзарали тошлар, қотган лава парчалари, силикат шағал, кварц жинслар, дарё қуми, ҳар хил ўлчамли ранг-баранг кварц қуми каби, манзарали тош турларини топиш мумкин. Манзарали тош тури шу қадар кўпки, дўконга кирган кишининг кўзи қувонади. Лекин ишлаб чиқарувчиларнинг: бўялган тош балиқ соғлигига зарар қилмайди, - деган сўзларига бовар қилмаслигим, умуман айтганда, аквариумда ортиқча кимёвий моддалар бўлишига қарши бўлганим боис, бўялмаган, ўзининг табиий рангини сақлаб қолган тошлардан фойдаланишни тавсия этган бўлар эдим.

Ўсимлик ўстириш тоши
Бундай тошни «ясама ўғит», деб ҳам аташади. Уни қўллашдан кўзланган асосий мақсад – ўсимлик илдизини макро ва микроэлементлар билан таъминлашдир. Ўсимлик ўстириш тоши таркибига, одатда, майин шағал, йирик ва (ёки) майда дарё қуми, секин эрийдиган донадор ўғит ва минераллар, қайта ишлов берилган органик ўғит (мисол учун, балчиқ, аквариум ёки ҳовуздан олинган дейтрит, хонаки ўсимлик тупроғи, ҳовузда етиштириладиган ўсимлик тупроғи), цеолит доналари киради. Бошқача айтиладиган бўлса, ўсимлик ўстириш тошининг таркиби хилма-хил бўлиб, турли ишлаб чиқарувчилар томонидан нафақат таркибий, балки ўхшаш компонентлар нисбати жиҳатидан ҳам турлича тайёрланади. Ўсимлик ўстириш тошининг бирон-бир навини реклама қилиш ниятим йўқ. Зеро, мазкур мақолани эътиборингизга ҳавола этишдан кўзланган мақсад мутлақо бошқа.

Ясама ўғитга экилган сув ўсимлигининг яхши ривож топиши – мулоҳаза юритилаётган тош турларининг умумий ижобий хусусияти саналади. Бироқ айни вақтда, ўсимлик ўстириш тоши салбий хусусиятлардан ҳам холи эмас. Бундай хусусиятлар жумласига унинг қимматлиги ва ҳар қандай ўсимлик ўстириш тоши устига муайян ўлчамларга эга, қатламининг қалинлиги 2 сантиметрдан юпқа бўлмаган манзарали тош бостириш талаб этилиши киради.
Гап шундаки, ушбу тош таркибини ташкил этадиган ўғит ва минерал доналари сувга солингач, аста эриб, сув таркибига аралашиб кетади. Оқибатда, агар озуқа моддаларининг миқдори ҳаддан ортиқ кўп бўлса, аквариумни бақатўн босиш хавфи юзага келади. Қалинлиги 2 сантиметрдан юпқа бўлмаган манзарали тош бостирилганига қарамай, ясама ўғит эриб, сувга аралашиб бораверади.
Бинобарин, сув таркибидаги озуқа моддаларининг миқдорини камайтириб бориш мақсадида, ҳар қандай ясама ўғит қадоғидаги ёрлиқда аквариум ишга туширилиши ҳамоно, тубининг 50 фоизидан ортиқ қисмига сув ўсимлиги экилган, бундай ўсимликларнинг ярмидан кўпи эса узун пояли бўлиши шарт эканлигига ишора қилинади. Негаки, узун пояли ўсимлик сув таркибидаги озуқа моддаларини ўз барглари орқали истеъмол қилади. Бундан ташқари, озуқа моддаларининг миқдорини камайтириб, бақатўн босишининг олдини олиш мақсадида, ишлаб чиқарувчилар томонидан аквариум ҳаётининг илк ҳафталарида сувини тез-тез янгилаб бориш тавсия этилади.
Кўриб турибсизки, аквариум тоши ва қумига оид масала ниҳоятда мураккаб. Бироқ тошсиз иш битмайди. Зеро, ушбу тош-у, қумлар аквариумдаги биологик жараён шаклланишида бевосита иштирок этади.

Тавсиялар

1- ТАВСИЯ
Агар аквариумда, бевосита унинг қумига эмас фақат йирик тош ёки сувга чўктирилган ғўлалар устига экиладиган қирққулоқ (рус. папоротник), анубиас ва (ёки) йўсин (рус. мох) бўлиши кўзда тутилган бўлса, ясама ўғит қўллашга ҳожат бўлмайди. Унинг ўрнига қалинлиги 0,5 – 1 см келадиган манзарали, мисол учун, оқ кварц қуми ёки хуш келган ҳар қандай бошқа турдаги тош қатлами ётқизилади. Натижада, маблағ тежалиб, бақатўн пайдо бўлиши борасида хавотирга ўрин қолмайди.

2- ТАВСИЯ
Агар аквариумда биринчи тавсиядан фарқли ўлароқ, ясама ўғитга эҳтиёж сезмайдиган, зарурий озуқани ўз барги ва ҳаво илдизлари орқали истеъмол қиладиган узун пояли сув ўсимликлари бўлиши кўзда тутилган бўлса, ўсимлик ўстириш тошини қўллашга боз ҳожат бўлмай, манзарали тош қатламини ётқизиш билангина чекланса бўлади. Фақат, ушбу қатлам қалинлиги энди 3 сантиметрдан юпқа бўлмаслиги талаб этилади. Акс ҳолда, ҳали илдиз отиб, мустаҳкам ўрнашиб олмаган бундай ўсимликларни балиқ ва шиллиққурлар туртавериб, қўпориб юборишади. Бунда мен, қум эмас майда шағал қўллашни тавсия этган бўлар эдим. Негаки, қум аквариумнинг кислород етиб бормайдиган бурчакларида ачиб, водород сулфид зоналарини вужудга келтириши, оқибатда, сув ўсимлигининг илдизи-ю, пояси эриб кетишига сабаб бўлиши мумкин.
Тилга эътибор - элга эътибор!

#2 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 07 августа 2013 - 22:44

3- ТАВСИЯ
Агар аквариумда тагидан шохлаб ўсиб, ўғитга эҳтиёж сезадиган ўсимликлар оз миқдорда бўлиши кўзда тутилган бўлса, бундай ҳолатда ҳам ясама ўғит қўллашни маслаҳат бермайман. Зеро, туп отадиган бундай ўсимликлар илдизи қамраб олмаган аквариум соҳаларида қум ачиб, водород сулфид зоналари вужудга келиш хавфи туғилади. Қатламининг қалинлиги 3 см келадиган шағал ётқизган (қум ишлатишни боз тавсия этмайман) ва туп отадиган ўсимликларни ушбу қатламга эккан маъқул. Агар мулоҳаза юритилаётган ўсимликларни келгусида озиқлантириш зарурати туғиладиган бўлса, илдиз ости ўғит турларини қўллаш мумкин (бундай ўғитлар ҳақида «Аквариум ўғити» мақоласида танишасиз).
Агар ўсимликларни аквариум қумига экиш зарурати туғилиб, улар орасида тагидан шохлаб ўсадиган ўсимликлар сони кўп бўлса, ўз амалиётимда қўллайдиган ясама ўғит ётқизишнинг қуйидаги изчиллигини эътиборингизга ҳавола этаман:

1. Энг қуйи ва энг биринчи ўғит қатлами. Мовий тусли лой.
Ушбу ўғит аксарият дорихоналарда сотиладиган, қадоғи ихчамгина, косметик ниқоб учун қўлланиладиган оддий лой. Қадоқ ичига, одатда, иккита кичик пакет жойланган. Уларнинг биттаси ҳажми 20-25 литр келадиган аквариумга мўлжалланган бўлиб, лойнинг битта қадоғи ҳажми 40-50 литр келадиган аквариумга бемалол етади. Мовий тусли лойни аквариум тубига ётқизиш учун тоза сувга тўлдирилган пуркагич керак бўлади.
Демак, пакетлардан бири очилиб, ичидаги кукун аквариум тубига бир текис сепилади. Шундан сўнг, кукун устига сув обдан пуркалади. Ушбу амал лойнинг аквариум қуми устига сизиб чиқишига йўл қўймайди.
Табиийки, савол туғилиши мумкин: нега энди айнан мовий тусли лой? Гап шундаки, ушбу лой кремнезем моддасига бой бўлишидан ташқари, таркибида ўсимлик учун зарур бўлган алюминий кўп. Шунингдек, аквариум тубига олдиндан ётқизилган бундай лой ўсимлик учун ўғит сифатида узоқ вақт хизмат қилади. Натижада илдиз ости ўғитларига сарф қилинадиган маблағ тежалади, аквариум қумини титкилаш, яъни ўсимлик ўстириш тоши билан, унинг устига ётқизилган манзарали тошни аралаштириб юбориш хавфи барҳам топади.

2. Ясама ўғит.
Ишлаб чиқарувчилар томонидан маҳсулотга илова қилинадиган йўриқномаларда, одатда, ясама ўғит қатламининг қалинлиги 2 см бўлиши кераклигига ишора қилинган. Зикр этилган ўғит турини ётқизиш жараёнида, йўриқномада баён этилган талабларга амал қилишни тавсия этаман.

3. Ҳимоя тўри.
Ҳимоя тўри – аквариум ичига йирик тош териш, сувга чўктириладиган ғўла ўрнатиш ва ўсимлик экиш мобайнида ўсимлик ўстириш тоши билан, унинг устига ётқизилган манзарали тош қатламлари ўзаро аралашиб кетишига тўсқинлик қиладиган пластик ёки шиша толасидан тўқилган тўр.
Қурилиш моллари бозорда сувоқ тўри сотилишини биласиз, албатта. Ана ўша тўр ишлатилса, чакки бўлмайди. Фақат муомала жараёнида қўлни эҳтиёт қилиш учун қўлқоп тақиб олинади.
Ясама ўғит қатлами устига ётқизиладиган ушбу тўр бўлаги аквариум девори билан тўр орасида 1 см келадиган оралиқ қолиши учун аквариумнинг узунлиги ва энига нисбатан 2 сантиметрга қисқароқ қирқилади. Бундай амал, туси оқ тўр аквариум деворига қадалиб, нисбатан қорамтир тош орасида кўринмаслиги учун бажарилади.

4. Манзарали тош.
Манзарали тош доналарининг ўлчами ясама ўғит ишлаб чиқарган корхона томонидан ўз маҳсулотига илова қиладиган йўриқнома талабига мувофиқ танланиб, 2-3 см қалинликда ётқизилади. Фикримча, ушбу тош қатлами 3 см бўлгани маъқул. Шундай қилинса, ўғитнинг сувга аралашиб кетиш хавфи камаяди.
Барча турдаги тошлар қатламининг умумий қалинлиги 5 см бўлиш керак. Ҳар қалай, мен шундай маслаҳат берган бўлар эдим.
Шундан сўнг, аквариум ичига йирик тош териш, сувга чўктириладиган ғўла ўрнатиш ва ўсимлик экишга киришиш мумкин.

Tetra компанияси томонидан Tetra Initial Stiks маҳсулоти ишлаб чиқарилади. Бу, манзарали тош таркибини ҳосил қиладиган доналар бўлиб, экин экишга яроқли маҳсулот саналади.
Агар ясама ўғитга сарф этиладиган маблағни тежаш истаги бўлса, тош ётқизиш амали қуйидаги тартибда бажарилади:
1. Мовий тусли лой (бу ҳақда юқорида фикр юритилди).
2. Қалинлиги 0,5 см келадиган манзарали тош қатлами.
3. Манзарали тош устига сепиладиган Tetra InitialStiks доналари.
4. Қалинлиги 0,5 см келадиган манзарали тош қатлами.
5. Ҳимоя тўри (бу ҳақда юқорида фикр юритилди).
6. Қалинлиги 2 – 2,5 см келадиган манзарали тош қатлами.

Tetra InitialStiks доналари қатламининг сонини ошириш мумкин, албатта. Демак, шу тариқа, тошларнинг умумий қатлами 4 сантиметрга етади. Энди сув ўсимликларини озиқлантириш учун аквариумга ҳар йили бир маротаба илдиз ости ўғити киритиб борилади.
Шунингдек, ADA, JBL, Dennerlee каби ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган тайёр маҳсулотлар ҳам мавжуд. Ушбу маҳсулот ясама ўғит вазифасини ҳам, манзарали тош вазифасини ҳам ўтаб, аралаш қатлам сифатида жойланиши ёки дастлаб аквариум тубига мовий тусли лой ётқизилган тарзда қўлланилиши мумкин. Бироқ уни арзон дейиш қийин бўлиб, устига устак туси фақат жигар ранг бўлади.

4- ТАВСИЯ
Маржон тош увоқлари ёки мармар парчаларини сув ўсимлиги ўстириладиган аквариумга тош сифатида ишлатиш мутлақо тавсия этилмайди. Зеро, зикр этилган тош турлари сувнинг кимёвий таркибига таъсир ўтказиб, карбонат ангидрид газининг парчаланишига тўсқинлик қилганча, уни ниҳоятда дағаллаштириб, ишқорлик даражасини ошириб юборади. Айнан шу сабабдан ҳам, денгиз чиғаноғидан аквариум манзарасининг элементи сифатида фойдаланишни маслаҳат бермайман.

Таваккал қилишдан хавфсирамайдиган, ясама ўғитга сарф этиладиган маблағни тежашни истаган аквариум соҳиблари учун келгуси мақолаларимдан бирида аквариум қумини боғ тупроғи негизида яратиш тўғрисида сўзлаб бераман.

АКВАРИУМИНГИЗ ЧИРОЙЛИ ВА СОҒЛОМ БЎЛИШИНИ ТИЛАБ ҚОЛАМАН!

Тилга эътибор - элга эътибор!

#3 Farruh

    Jacques-Yves Cousteau

  • Без ограничений прав
  • PipPipPipPip
  • 3 484 сообщений
  • 10 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 08 августа 2013 - 00:43

Таржима учун рахмат, жудаям кизикиб укидим, келгуси маколаларни кутиб коламиз!!!
За развитие морской аквариумистики в Ташкенте!!!

#4 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 08 августа 2013 - 01:00

Ташаккур.
Унинг мана бу мақолалари бор экан. Режалаштириб қўйдим, вақт топиб шуғулланаман

http://betta.zagrebe...udobrenija.html

http://betta.zagrebe...er/sprotes.html

http://betta.zagrebe...ter/algaes.html

http://betta.zagrebe...water/h2o2.html
Тилга эътибор - элга эътибор!




Ответить



  

Похожие темы




Количество пользователей, читающих эту тему: 1

0 пользователей, 1 гостей, 0 анонимных

кликните, чтобы возвратиться на верх страницы
Яндекс.Метрика