Перевод от IpbZona


Вход

Забыли свой пароль?

Зарегистрироваться

Я забыл свой пароль
  
Войти или зарегистрироваться

Перейти к содержимому


Информация для посетителей форума

Приветствуем вас и приглашаем к интересному и полезному общению!
Для использования всего функционала форума необходимо пройти процедуру регистрации, при этом она считается успешно завершенной, если новый участник получает на свой почтовый ящик специальное уведомление от администрации. Если по каким-то причинам этого не происходит, просим отправлять запросы на адрес info@aquatropic.uz

Внимание! Гости могут оставлять свои сообщения на форуме в ограниченном режиме без регистрации.

Аквариум ишини эндигина бошлаганлар манифести


Сообщений в теме: 6

#1 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 30 июля 2013 - 14:35

АКВАРИУМ СОҲИБИ БЎЛИШ ВА АЙНИ ВАҚТДА ЧУВ ТУШМАСЛИК ҚОИДАЛАРИ ЁКИ «АКВАРИУМ ИШИНИ ЭНДИГИНА БОШЛАГАНЛАР МАНИФЕСТИ»

1- қисм. Аквариум танлаш ва уни ишга тушириш қоидалари

Аквариум ишини эндигина бошлаганлар томонидан бериладиган муҳим саволлар

Мазкур мақолани тайёрлаш ғояси сайтимиз саҳифаларидаги соҳага оид консультациялар жараёнида аквариум ишини эндигина бошлаганлар томонидан деярли бир хил саволлар такрор ва такрор бериб борилаётгани сабабли туғилган. Эҳтимол бу табиий ҳолдир, лекин биз ҳадеб бир нарсани такрорлашни истамай, мазмунан ўхшаш саволлар берган кишига Тошкент аквариум сайтининг фаолияти давомида ўтган савол-жавоблар архивига ҳавола бермоқдамиз.
Мана ўша саволларнинг айримлари:
«Аквариум соҳиби бўлишга аҳд қилдим. Бир-бири билан уришмай, тинч-тотув яшайдиган қандай балиқ турларини боқсам бўлади?»;
«Янгигина аквариум олиб, олтин балиқча боқмоқдаман. Илтимос, айтинг-чи, унга шерик қилиб яна қандай балиқларни қўшиб қўйишим мумкин?»;
«Балиқлар аквариумимдаги сув ўтларини юлиб, ўсимликка зиён етказмоқда. Ўтларимни тек қўйишлари учун қандай чора кўрсам бўлади?».
Тўғрисини айтганда, айнан шу каби саволларга жавоб бериш жуда қийин кечади. Нега дейсизми? Чунки сиз нимани афзал кўришингизни билмай, биз бирон-бир аниқ тавсия бера олмаймиз. Ахир қандай қилиб биз, табиий ўсимликларни еб қўяётгани-ю, аквариум қумини тўзғитиб юбораётгани учун, сиз хуш кўрган ўша олтин балиқни аквариумдан чиқариб юборишни тавсия эта оламиз? Гарчи савол, айнан сув ўтини сақлаб қолиш борасида берилган бўлса-да. Агар масалага ушбу нуқтаи назардан ёндашиладиган бўлса, олтин балиқни аквариумдан чиқариш маслаҳатини беришдан бошқа илож қолмайди бизга. Тўғри, балиқни қолдириб, табиий ўсимликларни чиқариб юборишни тавсия этишимиз ҳам мумкин, аммо сиз аквариумда сув ўти ўсишини истаяпсиз-ку.
Кези келганда шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқ жоизки, мавжуд имконият ва шарт-шароитлар, афзал кўрилган нарсалар ҳамда турли-туман гидробионтларнинг (хусусан, балиқлар, қисқичбақасимонлар, моллюскалар, табиий ўсимликлар ва шу кабиларнинг) мақбул уйғунлигини топиш жуда мураккаб масаладир.
Шунга қарамай, аквариумлар мавжуд ва уларда нималардир ҳаёт кечиради! Демак, аквариум ичида яшайдиган сув жониворлари учун қулай шарт-шароит яратиладиган ва айни вақтда, сизни, яъни аквариум соҳибини қаноатлантирадиган мақбул вариантни топишнинг иложи бор эканда, а?! Бор, албатта! Бироқ бунинг учун сиздан айрим масалаларни фикр тарозисидан ўтказиш, у ёки бу нарсани танлаш юзасидан тўғри қарор қабул қилиш талаб этилади.
Демак, айнан шу масалалар юзасидан фикр юритамиз.
Фикримизча, қуйида баён этилган мулоҳазаларни «Аквариум ишини эндигина бошлаганлар манифести» шаклида, яъни ушбу ишга эндигина киришганларнинг аквариум харид қилишдан бошлаб, уни барқарор, узоқ вақт тутишга оид хатти-ҳаракатларини белгилаб берадиган ҳужжат кўринишида ҳавола этиш мумкин.

Аквариум танлаш: харид қилган яхшими ёки қўлда ясаган маъқулми?

Энг биринчи муаммо – аквариум танлаш масаласидир. Ушбу муаммо ечимининг чексиз вариантлари мавжуд бўлиб, ҳамма гап бўлажак аквариумингизнинг шакли, ўлчами, жиҳозланиши (тагкурсиси бор-йўқлиги, ёритиш тизими ўрнатилгани ёки ўрнатилмагани, тагкурси, ёритиш воситаси ва аквариум бурчаклари, яъни ойналар туташган жойга елимланган плёнка ранги), аквариум ойнасининг қалинлиги, ясаш жараёнида қўлланилган елим нави ва шу каби, бошқа кўплаб мезонларга боғлиқдир.
Аквариум ясаш борасида яхши устага буюртма беришингиз ёки бозорга чиқиб, ўзингизга ёққан аквариумни танлашингиз мумкин, албатта. Бироқ шуни назарда тутиш жоизки:
биринчи ҳолатда устадан, ўзи тайёрлаган маҳсулот сифати борасида ишончли кафолат оласиз, яъни аквариумдан сув сизса ёки ёритиш воситаси ишдан чиқса, ушбу носозликлар сизнинг айбингиз туфайли юзага келганига қарамай, таъмирдан чиқариш ишлари тез ва бепул амалга оширилади;
иккинчи ҳолатда кўнглингизга ёқмаган молни харид қилиш эҳтимоли катта бўлиб, устига устак, унинг сифатига оид муаммолар ҳам юзага келиши мумкин.
Бинобарин, буюм харид қилиш масаласини ҳал этар экансиз, яхшилаб ўйлаб кўринг: аквариумни таваккал қилиб, бозордан харид қилган яхшими ёки ишни шошмасдан, аквариум сифатига кафолат берадиган уста билан бамаслаҳат битирган маъқулми.

Сообщение отредактировал Влад Губенко: 01 августа 2013 - 16:23

Тилга эътибор - элга эътибор!

#2 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 30 июля 2013 - 14:39

Аквариумни ишга тушириш: ҳозирлаш, ўрнатиш, сув қуйиш ва балиқ киритиш

Аквариумни ўрнатиш ва ишга тушириш

Шундай қилиб, сиз аквариумли бўлдингиз ва уни уйингизга ўрнатиб ҳам беришди. Табиийки, энди унга турли-туман сув жониворларини шу заҳоти киритиш истаги туғилади сизда. Биз эса ушбу масалада ошиқиш керакми-йўқми чуқур мулоҳаза юритиб кўришни қуйида баён этилган фикрлар орқали таклиф қиламиз.
Минг афсуски, аксарият ҳолларда янги аквариумга, у жойига ўрнатилган ҳамоно, балиқ киритиб юборилади. Энг ёмони бундай ҳолатга, янги аквариумга сув қуйганча, балиқ киритиб, табиий ўсимлик экиб юборадиган айрим «мутахассислар» томонидан йўл қўйилади. Мазкур жараёнда иштирок этаётган иккала томон, хусусан, аквариум соҳиби бўлмиш сиз ва мижозга зудлик билан хизмат кўрсатиб, мўмайгина даромад кўриш истагида ёнаётган «мутахассислар»нинг сабрсизлиги тушунарли, албатта. Сиз хурсандсиз, «мутахассислар» эса сиздан-да ўтар даражада мамнун.
Эртасига-чи? Эртасига нима бўлади? Бегуноҳ балиқлар танасини аллақандай майда яралар босгани, ўзини у ёқ, бу ёқ уриб, тош ва қумга жонсарак ишқаланаётганини даҳшат-ла кўриб қоласиз.
Шундагина сиз аквариум билан боғлиқ қандайдир муаммо борлигини идрок этасиз-да, сайтимизнинг консультация бериш саҳифасига кириб, клавиатура воситасида ўз саволингизни асабий тера бошлайсиз: «Вой дод ёрдам беринг, аквариумимга бир бало бўлди», - деб. Биз эса сизга аквариум мевали компот банкаси эмас балки турли макро ва микроорганизмлар яшайдиган муҳит эканлигини, бинобарин, улар бир-бирига қарши уруш олиб бормай, тинч-тотув ҳаёт кечиришлари лозимлигини такрор эслатиб ўтамиз. Бундай ҳолат юз бермаслиги учун эса ақл ва фаросат-ла иш тутиш лозим. Шундай экан, қуйидаги тавсияларимиз билан обдан танишиб чиқинг.
Агар сиз чиндан ҳам ишончли уста ва мутахассисларга мурожаат қилган бўлсангиз, кўнглингиз тўқ бўлсинки, улар ишни тўғри бажаришади, хусусан: якуний сув қуйиш масаласида шошқалоқлик қилишмайди, ойна елимлаш ишларида қўлланиладиган кўплаб елим ва герметиклар таркибига кирадиган химикатларни бартараф этиш мақсадида аквариумни яхшилаб ювишади. Билиб қўйингки, ушбу тадбирлар ижросига кам деганда бир неча кун сарф этилади. Шундан сўнггина, соҳа мутахассислари аквариумингизни сувга тўлдиришади (бунда, сув крандан олинади ёки мутахассислар уни ўзлари билан олиб келишади).
Сўнгги йилларда водопровод сувини қўшимча тиндириш учун вақт сарфлашга ҳожат қолдирмайдиган, яъни аквариумга эндигина қуйилган сувга аралаштирилиб, деярли шу заҳоти балиқ киритиш ва табиий ўсимлик экиш имконини берадиган турли кондиционерлар қўлланилмоқда. Ҳа, бу жуда қулай бўлиб, энг асосийси ишни тезлаштиради. Бироқ тўғрисини айтганда, бундай йўлни энг мақбул йўл дея олмаймиз. Нима қилган тақдирда ҳам, аквариум ичида янги ҳаёт вужудга келишида табиатнинг ўзи бевосита иштирок этиши керак, деб биламиз. Бунинг учун эса шошилмаслик, ичига ювилган тоза қум солинган аквариум сувга тўлдирилгач, помпали (ташқи ёки ички) фильтрни ишга тушириб, кутиш керак.

Аквариумнинг экологик мувозанатини қарор топтириш, ички режимни барқарорлаштириш, балиқ ва моллюскаларни киритиб, сув ўсимлигини экиш

Кутиш жараёни бир неча кунга чўзилади. Ушбу вақт давомида аквариум сувида зарурий экологик мувозанатни қарор топтирадиган микрофлора ривож топади. Орадан бир неча кун ўтгач, аквариумга ҳаёт бахш этиш мумкин бўлади. Бунда иш, табиий ўсимлик экишдан бошланади.
Ўсимликлар билан бир вақтда, аквариумга бир нечта шиллиққурт киритиш мумкин. Фақат арзон нархга таваккалига харид қилинган аллақандай бозор моллюскаларини эмас балки аквариумларда атайин кўпайтириладиган мисол учун, ампулярийлар киритилади.
Орадан кам деганда яна беш-олти кун ўтгач, аквариумга балиқ киритилади. Аммо ёдингизда бўлсинки, биргаликда тинч-тотув яшай оладиган балиқлар-у, бошқа турдаги сув жониворларини саралай билиш ҳам бутун бошли илмий ишдир.
Ушбу масалада, одатда икки усулдан бири қўлланилади: биринчиси тўғри усул бўлса, иккинчиси уқувсизлик усули, деб номланади. Таассуфки, иккинчи усул ўз аквариумига мустақил равишда балиқ танлайдиган ҳаваскорлар ва юқорида тилга олинган «мутахассислар» томонидан қўлланилади. Бунда, иккала тоифа ҳам балиқларни мақбул танлаш тамойилига эмас кўпроқ фойда топиш тамойилига амал қилади, яъни аквариумга бир-биридан ажойиб, аслида бозор нархидан қиммат турадиган турли-туман балиқлар киритилади.
Гап балиқ нархида бўлса ҳам майли! Гап шундаки, балиқлар (агар улар аквариумга киритилган илк кунларда нобуд бўлмаган бўлса, албатта) муайян вақт ўтгач, аквариум ҳавзасини ўзаро бўлишиб, ундаги манзарани қайтадан яратганча, ҳаёт маконини фаол ўзлаштира бошлашади. Айнан ана шу даврда, аквариум соҳибларида, балиқлар бир-бири билан уришмаслиги, қум титмаслиги ва ҳоказолар учун нима қилиш кераклигига оид бир олам савол боз туғилади.
Шундай экан, аквариумга балиқ киритишнинг биринчи, яъни тўғри усулини қўлламоқ, бошқача айтганда, ишга мулоҳаза ила ёндашмоқ, у ёки бу балиқ турини бозор ёки аквасалонда харид қилиб олишдан олдин, атрофлича фикр юритмоқ даркор.
Аквариумда боқиладиган балиқларни тўғри танлаш борасида эса мақоламизнинг иккинчи қисмида фикр юритамиз.

Биринчи қисм тугади.
Тилга эътибор - элга эътибор!

#3 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 31 июля 2013 - 13:10

2- қисм. Балиқ танлаб, аквариумга киритиш

Мақоламизнинг иккинчи қисмида аквариумда боқиладиган балиқларни мақбул танлаш тўғрисида гап боради. Умуман айтганда, «мақбул» терминини тўғри ва ягона термин сифатида эътироф этиб бўлмайди. Зотан, аквариумдаги ҳаёт роҳат ва фароғатда кечиши кузатиладиган, яъни жамики сув жониворларининг беҳбудлиги тўла-тўкис таъминланадиган балиқ танлаш жараёнининг барча мезонларини бир вақтнинг ўзида инобатга олишнинг иложи йўқ.

Аквариум танлашнинг ўзига хос хусусиятлари

Гарчи, мақолаларимиз циклининг биринчи қисмида етарлича батафсил кўриб чиқилган бўлса-да, даставвал аквариум танлашнинг ўзига хос хусусиятларига боз қайтишга тўғри келади. Зеро, ушбу масаланинг шундай бир томони борки, унда алоҳида тўхталиб ўтилмаса бўлмайди. Гап, аквариум ҳажми тўғрисида бормоқда.
Бўлғуси соҳибининг имкониятлари-ю, эҳтиёжига боғлиқ ҳолда, аквариум бир неча литрдан бир неча тоннага етадиган ҳажмга эга бўлиши мумкин. Аксарият ҳолларда 50 литрдан 200 литрга қадар ҳажмга эга аквариум танланади. Соҳа амалиётида, аквариум ишини эндигина бошлаган ҳаваскорлар томонидан ҳажми кичик аквариумлар танланаётгани кузатилмоқда. Чунки, уларнинг фикрича, аквариум ҳажми қанчалик кичик бўлса, уни парвариш қилиш билан боғлиқ муаммолар кўлами ҳам, шу қадар тор бўлар эмиш.
Аммо афсус-ла таъкидлаб ўтмоқ жоизки, бундай мулоҳаза ҳақиқатдан анча йироқдир. Негаки, аксарият муаммолар айнан кичик ҳажмли аквариумда юзага келади, хусусан унда: сув кўкариши, бактериал фаоллик даражаси дафъатан ошиб, кескин тус олиши, касал туғдирадиган микроорганизмлар пайдо бўлиб, тажовузкор таъсир ўтказиши, балиқларга бирон-бир сабабсиз қирғин келиши ва шу каби, бошқа аянчли ҳолатлар кузатилади.
Бу билан соҳа амалиётида ҳажми кичик аквариумларга ўрин йўқ, дея баёнот қилаётганимиз йўқ, албатта. Айтмоқчимиз-ки, кичик ҳажмли аквариум соҳиби балиқ танлаш масаласига ниҳоятда пухта ёндашиши, аквариум сувининг кўрсаткичлари устидан мунтазам назорат олиб бориб, ундаги ҳаётий жараённи бошқариши, яъни сувни янгилаб бориши, фильтрлаши, ёритиши ва шу каби, бошқа бир қатор олдини олиш чораларини кўриб бориши лозим. Ўрта ва 200 литрдан кўп бўлган катта ҳажмли аквариумларда эса ушбу ишларни амалга ошириш нисбатан осон кечади. Бинобарин, ўрта ёки катта ҳажмли аквариум харидини келгусида кўплаб муаммоларни четлаб ўтиш имконини берадиган устувор вариант сифатида кўриш тавсия этилади.

Аквариум балиқларининг таснифи ва мақбул турларини танлаш тамойиллари

Энди аквариум балиқларини танлашга оид асосий тамойилларга ўтамиз. Олдиндан айтиб ўтмоқ жоизки, бу ерда, у ёки бу турга мансуб балиқлар ўзаро уйғун келиш-келмаслик нуқтаи назаридан тавсиялар бермаймиз ва мисол учун: «Неонлар ёки мовий акарларни қайси балиқ турлари билан бирга боқиш мумкин?» - каби саволларга жавоб қайтармаймиз. Биз аквариум балиқларини, уларнинг анъанавий яшаш муҳити-ю, хулқ-атворига асосланган ҳолда таснифлаб, бирга боқиш имкони бор-йўқлигини кўриб чиқишга уриниб кўрамиз холос.
Тилга эътибор - элга эътибор!

#4 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 31 июля 2013 - 13:19

Аквариум балиқларининг таснифи

Демак энди балиқларни, аквариумда мавжуд ҳаётий макон ва ушбу макон вертикали бўйича эгаллайдиган соҳага асосланган ҳолда, яъни балиқлар яшайдиган муҳит бўйича таснифлаб чиқамиз. Шунга мувофиқ аквариум сувининг:
юқори қатламида ҳаёт кечирадиган;
ўрта қатламида яшайдиган;
аквариум тубига яқин соҳани эгаллайдиган
балиқлар мавжуддир.

Шундай экан, аквариумга киритиладиган балиқларни мақбул танлаш масаласига диққат билан, унда мавжуд ҳаётий макон вертикалининг барча соҳалари эгалланишини таъминлаган тарзда ёндашмоқ лозим.
Умуман айтганда, ушбу масала аквариум муваффақиятли тутиладиган шарт сифатида кўрилмайди. Ягона шарт – аквариум бўйини юқорида зикр этилган соҳалар бўйича тенг тақсимлаш, аквариумнинг муайян соҳасига сув жониворларининг ҳар хил тури ва кўп сони билан ортиқча юклама бермасликдан иборатдир.

Энди аквариум балиқларини, уларнинг хулқ-атворига асосланган ҳолда таснифлаб чиқамиз. Бундай мезонга мувофиқ:
гала таркибида яшайдиган;
кам сонли оила таркибида ёки жуфт бўлиб яшайдиган;
танҳо яшайдиган
балиқлар мавжуддир.

Гала таркибида яшайдиган балиқлар етарлича йирик тўда ҳосил қилган тарзда ҳаёт кечириб, бир умр ўз галасида яшайди. Тўдадан ажралиб қолгани эса одатда, касалланган бўлиб, кўп ўтмай нобуд бўлади. Аквариумга неон, шаффоф лаққача (стеклянные сомики), тетра турлари каби, гала таркибида яшайдиган балиқлар киритилар экан, ушбу масалани инобатга олиш лозим. Бошқача айтиладиган бўлса, бундай балиқлар сони аквариумда кам бўлмаслиги шарт!

Кам сонли оила таркибида ёки жуфт бўлиб яшайдиган балиқлар жумласига Жанубий Америкада яшайдиган цихл туркумига мансуб, чунончи, фронтоза, скалярий, циртокар каби балиқлар киради. Жуфтлашиш даврида ушбу балиқлар табиатан тажовузкор бўлиб қолиши, фақат муайян ҳудудни эгаллаб яшаши, аквариум қумини қазий бошлаши кузатилади. Демакки, бундай ҳолатлар юзага келишини инобатга олмоқ даркор бўлади.
Бинобарин, мулоҳаза юритилаётган балиқ турини аквариумга киритишдан олдин жоиз нохушликларни олдиндан кўра билиш, аквариум тубида балиқларнинг нисбатан заиф турлари бекиниб олиши учун ғорлар, юзасига катта силлиқ тошлар терилган йирик шағал бўлишини ва энг асосийси – аквариумдаги балиқ сони ҳаддан ортиқ кўп бўлмаслигини назарда тутиш шарт.

Танҳо яшайдиган балиқлар ўз зотига мансуб балиқларни ўз яқинида кўрарга кўзи бўлмай, ёлғиз ўзи яшашни афзал билади. Бундай балиқлар жумласига, авваламбор, лабео, гиринохейлюс, совутли лаққаларнинг айрим турлари киради.
Агар ушбу балиқларнинг бир нечаси у қадар катта бўлмаган ва ҳатто ўрта ҳажмли аквариумга киритиладиган бўлса, улар бир-бирини ура бошлайди ва бунда, бақувват балиқ эртами, кечми нисбатан заиф қўшниларини битта қўймай қириб ташлайди. Такрор айтамиз, гап фақат бир зотга мансуб балиқлар тўғрисида бормоқда. Бошқа турга мансуб балиқларга, улар, аксарият ҳолларда лоқайд муносабат билдиришади.

Энди аквариум балиқларини, уларнинг емга бўлган мойилликлари бўйича таснифлаб чиқамиз. Бундай мезонга мувофиқ барча балиқлар:
этхўр;
ўтхўр;
ҳар нарса ейдиган
турларга бўлинади.

Бироқ бу масалага аниқлик киритиб ўтмоқ лозим. Юқорида келтирилган тақсимот ғоят шартлидир. Негаки, ўтхўр балиқ юзага келган муайян вазият ва боқиш шароитларида этхўр бўлиб қолиши ва бунинг акси ҳам кузатилиши мумкин. Бинобарин, фикримизча, жамики балиқларни табиатан йиртқич ва юзага келган вазият тақозоси ила йиртқич бўлиб қолган турларга фарқ қилмоқ лозим. Демакки, аквариумга балиқ киритиш масаласи ҳал этилар экан, ушбу омилни инобатга олмоқ даркордир.
Балиқ харид қилиш жараёнида у ёки бу балиқ тури табиатан йиртқич бўлишини олдиндан билар экансиз, унга шундай қўшни танлашингиз керакки, токи бир балиқ тури бошқа балиқ турига ем бўлмасин. Чунончи, арована табиатан йиртқич саналиб, ўзига хос шароит, ўзига хос ем ва ўзига хос қўшниларга эга бўлишни талаб этади.

Юқорида таъкидлаб ўтилгандек, балиқ юзага келган муайян вазият тақозоси ила йиртқич бўлиб қолиши мумкин. Бундай ҳолат балиқларга доим бир хил ва оз миқдорда ем берилиши, аквариумнинг торлиги ва талаб даражасида парвариш қилинмаслиги оқибатида юзага келади. Қарор топган бундай аянчли вазиятда балиқларнинг бир тури бошқа, одатда, нисбатан майда турларини еб кун кечиради. Олтин балиқлар неонларни еб қўйиши мумкинлигини фикримизга далил тариқасида келтириб ўтиш мумкин.
Бундай ҳолат юз бермаслиги учун юқорида санаб ўтилган жамики омилларни инобатга олган тарзда, аквариумга киритиладиган балиқларни танлаш масаласига ақл ва фаросат-ла ёндашиш талаб этилади.
Тилга эътибор - элга эътибор!

#5 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 31 июля 2013 - 13:24

Аквариум соҳибларининг талқинимизга кўра таснифи

Шундай қилиб, таснифлашнинг сўнгги босқичи, фақат энди балиқларни эмас уларни боқадиган аквариум соҳибларининг таснифига етиб келдик.
Талқинимизга кўра, аквариум соҳибларини:
«ботаниклар»;
«думбуллар»;
«дангасалар»
га фарқ қилиш мумкин.

«Ботаниклар» ўз аквариуми учун балиқ танлаш масаласига чуқур мулоҳаза юритган, тегишли адабиётлар ва Интернет манбалари билан танишиб чиққан тарзда, соҳа амалиётига эса ўз имкониятларига аквариумни парвариш қилиш ва молиявий сарф-харажатлар нуқтаи назаридан баҳо берган ҳолда ёндашадилар. Балиқларни харид қилишдан олдин, уларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиб, таркиби ва сонини олдиндан аниқ белгилаб оладилар.

«Думбуллар» балиқларни таваккал харид қилиб, шу заҳоти аквариумга киритиб юборишади. Илк муваффақиятсизликка рўбару келишлари ҳамоно, кўплаб аквариум форумларига кирган ва у ерларда баъзан аҳмоқона саволлар берган тарзда юзага келган муаммо ечимини қидиришга киришадилар. Муаммони ҳал этишади, албатта. Бироқ бу вақтга етиб улар бисёр хатоларга йўл қўйишади, кўплаб балиқларини нобуд қилишади.

«Дангасалар» нима иш қилаётганларининг фарқига ўзлари бормайдилар ва энг ёмони – соҳа амалиётини тўғри идрок этишни мутлақо истамайдилар. Бундай ғайратсизлик оқибатида балиқлар нобуд бўлади, бир-бирини еб битиради, касал бўлади ва ниҳоят, бир кун келиб аквариум батамом хароб бўлганча, қаровсиз қолади. Уларга ҳеч ким ёрдам бера олмайди.

Умуман айтганда, агар аквариум соҳибининг молиявий имкони бўлса, тегишли ишларни талаб даражасида амалга ошириб, келгусида сунъий сув ҳавзасида мақбул режимни сақлаб борадиган соҳа мутахассисларини ёллаши мумкин.
Эҳтимол ушбу таклиф таснифимизнинг учинчи бандида қайд этилган аквариум соҳибларига ҳавола эта олишимиз мумкин бўлган тавсиядир, бироқ огоҳлантириб ўтишимиз жоизки, киши ўз аквариумини парвариш қилишни, унда кечадиган жараёнларни англаб етишни истамас экан, жиддий моддий харажатларга рўбару бўлиши муқаррар.
Бинобарин, аквариумли бўлишни истаган ҳар бир киши тегишли ишларни, хусусан, аквариумни ким ўрнатиши, ишга тушириши, унга киритиладиган балиқларни ким танлаши, боқиши ва келгусида парвариш қилиб боришини иш бошида ўзи учун белгилаб олиши лозим.
Тасарруфингиздаги сув ости оламини ўзингиз бошқаришни истасангиз навбатдаги мақоламиз сиз учундир.
Ўз аквариумини парвариш қилишга вақти бўлмаган, лекин ундаги ҳаёт меъёрий равишда кечишини истаган аквариум соҳибларига эса мана бу саҳифага ташриф буюришни тавсия этамиз.

Иккинчи қисм тугади.

Тилга эътибор - элга эътибор!

#6 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 01 августа 2013 - 00:23

3- қисм. Ем турлари ва аквариум балиқларини боқиш қоидалари

Аквариум балиқларини боқиш

Уйида ҳозиргина аквариум ўрнатиб, унга, ўз ҳаётидаги илк балиқларини киритган одамнинг энг биринчи истаги нима бўлишини биласизми? Тўппа-тўғри, балиққа ем бериш истаги! Ҳа-да, ахир бечора митти балиқлар оч қолган-ку!
Агар балиқлар ем еса, демак улар янги аквариумда ўзини яхши ҳис этмоқда (аквариум соҳибининг фикрича, албатта!) ва барча ишлар рисоладагидан ҳам аъло даражада бажарилган. Модомики, Манифестнинг ушбу қисмида фақат балиқ боқиш тўғрисида фикр юритар эканмиз, келинг, бундай хулосалар қанчалик тўғри эканлигини ҳозир муҳокама қилмай қўя қолайлик.
Балиқнинг иштаҳаси зўр эканлиги, шубҳа йўқ-ки, унинг соғлигидан далолат берадиган биринчи аломатдир, албатта. Лекин ўқувчининг дилини сиёҳ қилиб бўлса ҳам, огоҳлантириб ўтишимиз жоизки, гарчи жиддий касалликни бошдан кечираётган бўлса-да, балиқлар аксарият ҳолларда емдан бош тортмайди. Келинг, яхшиси, жоиз салбий муаммоларни четга суриб қўямиз-да, ихтиёримиздаги жамики балиқлар мутлақо соғ бўлиб, улар фақат бир нарсани, у ҳам бўлса, ем сўраётганини тахмин қилганча, ем турлари ва балиқ боқиш масаласида тўхталиб ўтамиз.

Бир қараганда, «аквариум балиғини боқиш», - дея номланадиган жараён ўта содда кўринса-да, кишидан ниҳоятда катта диққат-эътибор ва муайян кўникмаларга эга бўлишни талаб этади. Қуйида айнан шулар ҳақида фикр юритамиз. Дастлаб, аквариум ишига эндигина киришганларни боши берк кўчага олиб кирадиган тўртта асосий саволни санаб ўтамиз:
- Балиққа нима берилади?
- Қандай берилади?
- Қанчадан берилади?
- Қачон берилади?
Нима берилар эди, ем берилади, албатта. Бироқ қандай, қанчадан ва қачон берилишини батафсил ва тушунарли тилда баён этишга уриниб кўрамиз. Қисқа қилиб айтганда, балиқ парҳези – аквариумни тўғри тутиш ва унинг ичидаги сув жониворларини соғ-саломат сақлашнинг асосий шартларидан бири саналади.

Балиқ еми, унинг турлари, ем танлашга оид тавсиялар

Аквариум балиқлари нима ейди ўзи?


Балиқ, агар назарий жиҳатдан қараладиган бўлса, егулик нарса борки, паққос тушираверади. Айрим тап тортмас аквариум соҳиблари ушбу аксиомани амалда синаб кўриш мақсадида ўз балиқларига қўлга кирган нарсани, нонми у, эндигина сузилган ошми, бераверади. Лекин бундай ишни бамаъни дея эътироф этиш қийин. Балиққа бериладиган ҳар қандай ем фақат ва фақат балиқ учун мўлжалланган бўлиши шарт (ахир ўзингиз чувалчанг еб, маза қилмайсиз-ку, тўғрими?!).
Балиқнинг емга бўлган мойиллик кўлами чиндан ҳам чексиздир. Балиқ еми жумласига неонга ўхшаш майда балиқлар учун мўлжалланган микроскопик қисқичбақалардан тортиб, баҳайбат арован ёки пираньеларга бериладиган сичқон боласи-ю, янги очилган жўжалар киради. Шунингдек, турли ўсимликлар, сув ўтлари, дуккакли ва бошоқли ўсимликлар дони ҳам балиқ еми саналади. Бундан ташқари, аквариум балиқларига турли бўтқалар, чучук қатиқ, нон ва қандолат маҳсулотлари берилади.
Ана кўрдингиз-ми, арзанда балиқларингизни боқиш нақадар осон эканлигини! Бироқ суюнишга ҳали эрта. Аквариум балиқларини тўғри боқиш керак, акс ҳолда балиқларингизни ўлар даражада бўктириб қўйишингиз ёки аквариумни лойқа сувли бадбўй ботқоққа айлантириб юборишингиз ҳеч гап эмас.

Аквариум балиқлари учун жонли ем

Ҳар қалай, балиққа нонушта, тушлик ва кечки овқат сифатида нима бериш керак ўзи?
Балиққа бериладиган энг зўр ем – жонли емдир! Хайриятки, бундай ем, Тошкентнинг ҳайвонот бозорларида муаммосиз топилади. Чунончи, ғумбак, чувалчанг ва митти қисқичбақанинг айрим турлари – ихтиёрингиздаги балиқларнинг кундалик менюсини ташкил этадиган емдир. Ғумбак – искабтопар тухумидан чиққан қурт бўлса, чувалчанг (рус. трубочник) – оддий қурт. Униси ҳам, буниси ҳам ариқ ёки ҳовуз бўйида топилади. Бинобарин, бундай ем билан бирга аквариумга турли касалликлар кириб, баъзан эса балиқларнинг заҳарланиши кузатилади. Бундай ҳолат жонли емнинг энг асосий салбий жиҳатидир.
Ижобий жиҳати эса шундан иборатки, балиқлар баҳузур истеъмол қиладиган жонли ем бир олам фойдали моддалар ва дармон-дорилардан ташкил топади.
- Хўш, унда нима қилиш керак?
- Жонли емни дезинфекция қилиш керак! Бундан ташқари, дезинфекция қилинган ғумбакни музлатиш ҳам мумкин.

Дезинфекция амали мазмунан, харид қилинган ғумбак ёки чувалчанг миқдорини марганцовка ёки кўк метиленнинг етарлича қуюқ эритмасида ярим соат давомида ивитишдан иборатдир. Шундан сўнг, ушбу ем оқар сувда яхшилаб чайилади. Ғумбак полиэтилен пакетга шоколад тахтаси кўринишида ўралиб, музлаткичнинг музхонасига қўйилса, ясси идишга жойланган чувалчанг устидан озгина сув қуйилиб, музлаткичнинг қуйи бўлмасига жойлаштирилади ва шу ҳолатда бир неча кун туриши керак бўлади. Айни вақтда у, ҳар куни, эрталаб ва оқшом маҳалида оқар сув остида ювиб борилади.

Аквариум балиқларига бериладиган музлатилган ем ва балиқ емининг бошқа турлари

Афтидан, юқорида баён этилган ем вариантлари сизга тўғри келмайдиган кўринади, а? Ундай бўлса, жонли ва музлатилган ем турларини четлаб ўтиб, сал кўркамлироқ маҳсулот тавсия этамиз.

Йиртқич балиқларга бериладиган бундай маҳсулотлар сирасига, авваламбор, ёғсиз гўшт (мол гўшти), мол юраги, дўкондан харид қилинган денгиз балиқларининг лаҳм гўшти ва майда қисқичбақалар киради. Жуссаси кичик ва тиши майда балиқларга эса сувда пиширилган бўтқа, нон бўлаклари, ёғсиз пишириқ, қуймоқ, қичитқи ўт ва коҳуннинг (рус. салат) қайноқ сувга чайилган баргларини бериш мумкин.
Жонли ёки музлатилган ем ўрнини турли ем аралашмалари яхши босади. Бундай аралашмалар асосини халқ орасида «денгиз коктейли» деб ном олган гўшт қиймаси ва бўтқалар ташкил этиши мумкин. «Денгиз коктейли» билан сули ёрмасидан тайёрланган бўтқадан иборат ем аралашмаси ҳамда гўшт қиймаси асосида тайёрланган ем аралашмаси ҳақидаги маълумотлар билан танишиб чиқишни маслаҳат қиламиз.

Шундай балиқ турлари ҳам борки, уларга қайноқ сувга чайилган мева ва сабзавот бериш талаб этилади. Бундай емни лорикарий, анциструс, зарбоф лаққа каби, лорикарийлар оиласига мансуб лаққалар, балиқларнинг айрим бошқа турлари, шунингдек, ампулярий шиллиқуртлари ва қориноёқли моллюскалар оиласига мансуб ғалтаклар (рус. катушки) бажонидил истеъмол қилади. Фақат бунинг учун сабзавот ёки мева бўлагига қармоқ ипи воситасида майда тош боғланиб, аквариум тубига чўктирилади. Ейилмай қолган бўлакларни аквариумдан чиқариб олиш шарт. Бунга қўшимча равишда лорикарийларни боқишга оид маълумотлар билан танишиб чиқишни тавсия этамиз.

Балиқни чет элдан келтириладиган донадор қуруқ ем билан боқса бўлади. Бундай ем турлари ҳайвонот бозорлари ва дўконларида сотилади. Балиқни номи чиққан фирмалар томонидан тайёрланган ем билан боққан маъқул, албатта. Лекин бундай маҳсулот Жанубий-Шарқий Осиёдан келтирилган ем турларига нисбатан қиммат туради. Ушбу емлар рангли пластинка, нўхат, дон ёки таблетка кўринишига эга бўлиб, ишлаб чиқарувчиларнинг баёнотига кўра, таркибига турли-туман тўйимли моддалар ва дори-дармонлар кирар эмиш. Илож қанча, уларга ишонч билдириб, ўз жониворларимизни боқаверамиз.
Бироқ сизни огоҳлантириб қўйиш бизнинг бурчимиздир: юқорида санаб ўтилган ем турларини балиққа ниҳоятда эҳтиёт бўлиб бермоқ даркор, акс ҳолда, аквариумда борки жонивор нобуд бўлиши ҳеч гап эмас. Шундай экан, иккинчи масалага ўтамиз.
Тилга эътибор - элга эътибор!

#7 Dolimov

    Активный участник

  • Без ограничений прав
  • PipPipPip
  • 619 сообщений
  • 0 спасибо
  • Пол:Мужчина
  • Город:Ташкент

Отправлено 01 августа 2013 - 00:29

Аквариум балиқларини боқиш режими

Авваламбор, оддий бир ҳақиқатни чуқур идрок этмоқ лозим, у ҳам бўлса, балиқ боқиш тушунчаси – жумласига ҳар қандай аквариум кирадиган ёпиқ биологик тизимга онгли равишда ташқи таъсир ўтказишни англатади. Бошқача айтиладиган бўлса, балиққа ем берилар экан, аквариум сувига ё чувалчанг, ғумбак, митти қисқичбақа, бир ҳужайрали содда жонивор (инфузория) каби, жонли организмларни, ё сувда яхши эрийдиган бўтқа ва нон оқсили, донадор ем бўёғи, консервация моддалари ва шу каби, турли-туман бошқа моддаларни истаймиз-ми, йўқми киритамиз. Шундай экан, аквариум соҳибининг олдида турган асосий вазифа – зикр этилган ташқи қўшимчалар миқдорини минимал даражага етказишдир.

Жонли емни балиққа беришдан олдин, лоақал бир дақиқа бўлса ҳам, оқар сув остида чайиш зарур. Музлатилган ғумбакни пиёлага солиб, муздан эритиш, тўри зич матрап (рус. сачок) орқали қонини ювиб оқизиш ва шундан сўнггина балиққа бериш керак. Балиққа бериладиган овқат, чунончи, буғдой (рус. манная каша) ёки арпа ёрмасидан (рус. перловая каша) тайёрланган бўтқа ҳам, дони қолгунга қадар астойдил чайилади.
Бироқ ҳар қандай емни қанчалик тоза чайманг, оз қисми бўлса ҳам, сувда эриши муқаррар. Бинобарин, аквариумга, унинг сувида муаллақ юрган қаттиқ жисм зарралари ва кимёвий моддаларни фильтрлаб, зарарсизлантирадиган фильтр-помпа ўрнатилади. Агар аквариумда ем қолдиқлари ҳаддан ортиқ кўп бўлса, фильтр ҳам ёрдам бера олмайди. Бундай аянчли ҳолатга балиққа бўлган муҳаббати қайнаб турган аквариум соҳиблари тушиб қолади. Қуйида кўриб чиқиладиган учинчи масала айнан ўша кишиларга бағишланган.

Аквариум балиқларига бериладиган ем миқдори

Ушбу масалага оид асосий қоида соҳа амалиётида аллақачон ўз ифодасини топган – ем, уч-беш дақиқа давомида еб битириладиган миқдорда берилади. Балиққа ем берилар экан, табиийки у, чўкиб аквариум тубига етиб боради. Бу эса жуда ёмон ҳолат. Жонли митти қисқичбақалар бундан истисно, албатта. Зеро, улар аквариум бўйлаб сузганча тарқаб кетади.
Ғумбак ёки чувалчанг аквариум тубига етиб борган ҳамоно, қум ичига кириб олиб, аквариумнинг биологик мувозанати издан чиқишига «муносиб ҳисса» қўша бошлайди. Тўғри, аквариум қумини титиб, остидаги тирик чувалчангларни териб ейдиган балиқлар ҳам бор, албатта. Агар бундай балиғингиз бўлса, зикр этилган ҳолат нур устига аъло нур бўлиб, қум остида оз миқдорда жонли ем яшаши фойдали саналади.

Агар сиз аквариум тубини емга, айниқса, музлатилган ва қуруқ емлар, бўтқа ва гўшт бўлакларига тўлдириб ташлайдиган бўлсангиз, бу нафақат ёмон, балки оқибати ҳалокат-ла якун топадиган ҳолатдир! Зеро, балиқлар еб тугатмаган ем аквариум тубига ёки тошлар орасига тушар экан, шу заҳоти ириб, балиқ учун зарарли модда ажрата бошлайди. Оқибатда сув лойқаланиб, қўланса ҳид чиқаради, балиқлар ва бошқа турдаги гидробионтлар заҳарланиб, охир-пировардида ҳалок бўлади.
Шунга қарамай, аксарият аквариум соҳибларини бир савол доимо қийнаб келади: балиққа берилаётган ем етарлимикан, бечоралар оч қолмаяптимикан?
Балиққа бериладиган ем миқдорини ҳисоблаб чиқариш жуда қийин. Мана масалан, ҳисоб ишларининг бир варианти бор, у ҳам бўлса: балиқ вазнининг ҳар 100 граммига 10 грамм ем бериш варианти. Бироқ айтинг-чи, қайси бирингиз балиққа бериладиган емни ёки балиқларингизни тарозида тортиб борасиз, а?

Бинобарин соҳанинг яна бир қоидаси бор – балиқни бўктириб қўйгандан кўра, ярим оч қолдирган афзал. Аквариум балиқлари, одатда, эрталаб ва кечқурун боқилади.
Ем махсус аквариум теганасига солинади ёки сув ичида дастаки тарқатилади (Диққат! Агар қўлингизнинг тери қопламасида очиқ яра бўлса, емни бундай тарзда бериш тақиқланади!).
Ем аквариумдаги балиқларнинг ҳар бирига, биттадан чувалчанг ёки ем бўлагидан бўлса ҳам, насиб қилиши шарт. Ушбу масалада аквариум теганаси у қадар яхши восита саналмайди. Негаки, тегана атрофида, одатда, балиқнинг бақувват зотлари ўралашиб юриб, нисбатан заиф қўшниларини емга яқин келтирмайди.
Гала таркибида яшайдиган майда балиқлар ва бошқа турга мансуб ёш балиқларни боқиш давомийлигини кунига тўрт-беш маротабага қадар ошириш жуда муҳим аҳамият касб этади. Ҳар ҳафта ёки ҳар икки ҳафтанинг бир кунини ёши катта балиқларга ем берилмайдиган кун сифатида тайинлаган маъқул.
Ана энди, сўнгги масалага ўтса бўлади.

Аквариум балиқларини сутканинг қайси маҳалида боқиш керак?

Умуман айтганда, ушбу саволнинг жавоби аён: ўзингизга қулай бўлган маҳалда. Айтайлик, эрталаб ишга чиқиб кетиб, кечгача ишхонада бўласиз. Демак балиқни эрталаб, ишга кетишдан олдин ва ишдан қайтгач, кечқурун боқиш лозим. Лекин эрталабки нонуштани у қадар хавфсиз, деб ҳам бўлмайди.
Эрталаб балиққа ем бериб кетиб, кечқурун ишдан қайтган аквариум соҳиби жамики балиқлари ўлиб ётганини кўрган ҳолат ҳам бўлган. Бундай ҳолат балиқ сони ҳаддан ортиқ кўпайиб кетган ёки ҳажми кичик аквариумларда, кундуз куни аллақандай сабаблар туфайли уйнинг электр таъминоти тўхтатилган тақдирда юз бериши мумкин.
Уйнинг электр таъминоти тўхтатилар экан, табиийки, сувни кислородга тўйинтирадиган компрессор ёки помпа-фильтр иши ҳам тўхтайди. Оқибатда эса тўйиб овқатланган балиқлар ҳаво етишмай қолгани туфайли бўғилиб ўлади. Бинобарин, эрталабки нонушта масаласини форс-мажор ҳолатлар юзага келиши нуқтаи назаридан атрофлича ўйлаб кўрган маъқул.

Умуман айтганда, ёши катта, айниқса, йиртқич балиқларни кунда бир маротаба, ё эрталаб, ё кечқурун боқиш билан чекланса ҳам бўлади. Тунга яқин маҳалда балиққа ем бермаган маъқул. Негаки, улар ҳам, уйқуга кетишдан олдин, еган емини ҳазм қилишга улгуриши лозим. Бироқ бунда ҳам, истисно ҳолатлар мавжуд.
Аквариум балиқлари орасида тунги вақтда фаол ҳаёт кечирадиган балиқлар, мисол учун, лаққа турлари ҳам бўлади. Бинобарин, бундай балиқларга ем, аквариум чироғини ўчиришдан олдин бериш керак.

Савдода автоматик теганалар ҳам мавжуд, албатта. Бундай тегана аквариум соҳиби уйда бўлмайдиган кунлар учун мўлжалланган бўлиб, балиқ боқиш жараёнини соддалаштиради. Мулоҳаза юритилаётган теганаларнинг айрим русумлари воситасида балиқ боқиш жараёнини бир неча кун олдинга дастурлаш мумкин. Аммо, ушбу масала автоматик тегана конструкциясига боғлиқ. Зеро у, электр таъминот тармоғи орқали ишлайдиган бўлса, розеткадаги электр кучланиш йўқолиши ҳамоно, балиқ боқиш жараёнинг дастури барҳам топиб, балиққа ем насиб қилмайди.
Балиқ боқишга доир, аквариум ишини эндигина бошлаган ҳаваскорларга берилиши лозим деб топилган асосий тавсиялар ўз ниҳоясига етди. Умид қиламизки, мазкур тавсиялар аквариум балиқларини тўғри боқишдек жиддий муаммони ҳал этиш масаласида сизга ёрдам беради.

Учинчи қисм тугади.

Муаллиф Владислав Губенко,

Тошкент аквариум сайти маъмури

Таржимон Шокир Долимов

Тилга эътибор - элга эътибор!




Ответить



  

Похожие темы




Количество пользователей, читающих эту тему: 1

0 пользователей, 1 гостей, 0 анонимных

кликните, чтобы возвратиться на верх страницы
Яндекс.Метрика